Logo

Ўзбекистонда авиакеросинга талаб 27 фоизга ошиши кутилмоқда

Bugun 17:021 daqiqa

Жаҳондаги геосиёсий вазият туфайли Марказий Осиёда авиақатновлар ортиб, авиакеросинга талаб кескин ўсмоқда. Ички бозордаги эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» авиакеросинни муқобил манбалардан импорт қилишни бошлади.

Ўзбекистонда авиакеросинга талаб 27 фоизга ошиши кутилмоқда © РИА Новости

Президент Шавкат Мирзиёевга «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг 2026 йил биринчи ярмидаги фаолияти ҳамда йил охиригача амалга ошириладиган устувор вазифалар юзасидан ҳисобот тақдим этилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида компания томонидан 11,5 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилган. Шунингдек, нефть, дизель ёнилғиси, авиакеросин ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми белгиланган прогноз кўрсаткичларидан юқори бўлган.

Йил якунига қадар 1 млн 100 минг тонна автобензин, 983 минг тонна дизель ёнилғиси, 310 минг тонна авиакеросин, 606 минг тонна суюлтирилган газ ва қарийб 1 млн 180 минг тонна синтетик маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Авиакеросинга талаб ошиб бормоқда

Ҳисоботда таъкидланишича, дунёдаги геосиёсий вазият кескинлашиши ортидан Марказий Осиё йўналишида авиақатновлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонга амалга оширилаётган рейслар сони ҳам ўтган йилга нисбатан кўпайган.

Шу муносабат билан 2026 йил июль–декабрь ойларида авиакеросинга бўлган талаб 375 минг тоннага етиши, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27 фоизлик ўсишни англатиши билдирилди. Талабнинг асосий қисми маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводлари ҳисобига қопланиши режалаштирилган.

Айни пайтда айрим ҳамкор давлатларда нефть маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий этилгани сабабли авиакеросинни муқобил манбалардан импорт қилиш ҳам бошланган. Жумладан, Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлардан етказиб бериш йўлга қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда авиакеросинга талаб 27 фоизга ошиши кутилмоқда | Vaqt.uz