Logo

Шавкат Мирзиёев: «Қамбаротани тезлаштириш керак»

Чўлпонотадаги расмий маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан мулоқот қилди. Суҳбатлар чоғида у қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажрибасини эслаб, иқтисодий блок раҳбарлари ҳақида ҳазил қилди.

Шавкат Мирзиёев: «Қамбаротани тезлаштириш керак» © president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30-июл куни Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида Чўлпонота шаҳридаги «Руҳ Ордо» маданий марказида ўтган расмий кутиб олиш маросимида иштирок этди. Тантанали тадбирда у Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан бирга икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари билан танишди ва бир қатор вазирлар ҳамда идора раҳбарлари билан мулоқот қилди.

Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари — сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков таништирилганда, Шавкат Мирзиёев ўзининг бош вазирлик даврида қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул бўлганини эслади.

«Мен ўз вақтида, бош вазир бўлиб турганимда қишлоқ хўжалигига масъул эдим, шунинг учун бу соҳани ва у қандай аҳволда бўлганини яхши биламан. Сизга муваффақият тилайман. Умуман олганда, Совет Иттифоқи даврида кимни ишдан олмоқчи бўлишса, ўшани қишлоқ хўжалигига раҳбар қилиб қўйишарди», — деди президент. Бу сўзлар тадбир иштирокчиларининг кулгисига сабаб бўлди.

Садир Жапаров эса ҳазилга жавобан, «Биз уни ҳали ишдан олмаймиз. Янги тайинладик. Узоқ вақт ишлайди, деб умид қиламан», деди.

Ташқи ишлар вазири Жеэнбек Қулубаев билан мулоқотда Мирзиёев унинг ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг икки мамлакат ўртасидаги янги келишувларни тайёрлашдаги меҳнатини алоҳида эътироф этди.

Президент бугунги иттифоқчилик муносабатларига эришиш осон бўлмаганини таъкидлаб, келгусида ҳам ташқи сиёсат идоралари зиммасига катта масъулият юкланишини қайд этди.

Иқтисодиёт ва тижорат вазири Бақит Сидиқов билан танишув чоғида эса Мирзиёев уни ҳазил тариқасида «энг катта одам» деб атади.

У иқтисодий блок раҳбарлари кўпинча маблағ масаласида эҳтиёткор бўлишини назарда тутиб, «Уларнинг менталитетида «йўқ» дейиш ҳар куни бор», деди. Садир Жапаров «У ва Молия вазирлиги» деб қўшимча қилган бўлса, Мирзиёев «Иккаласи барибир бир хил», дея ҳазилни давом эттирди.

Қамбарота ва чегара


Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков билан суҳбат чоғида Ўзбекистон президенти Қамбарота ГЕС-1 қурилишига алоҳида тўхталди. У янги тайинланган вазир билан яқин ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлаб, стратегик аҳамиятга эга мазкур гидроэнергетика лойиҳасини жадаллаштиришга чақирди.

«Менда янги вазир. У билан бирга ишлашингиз керак. У жуда камтар, соҳанинг одами. Сизлар кўпроқ иш қиласизлар. Қамбаротани тезлаштириш керак», — деди Мирзиёев.

Шундан сўнг президент Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси Абдикарим Алимбоевдан чегара масалалари тўлиқ ҳал этилган-этилмагани билан қизиқди. «Ҳамма масалаларни ҳал қилдингизлар-а, деярли?» деган саволга Алимбоев «Худди шундай», деб жавоб берди.

Мазкур мулоқотлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланган тарихий давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини «аср қурилиши» деб атаб, унинг бутун минтақа геосиёсати ва иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон кучли ва барқарор Қирғизистондан манфаатдор экани ҳамда қўшни мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Teglar

Mavzuga oid