Logo

Ўзбекистон 2027-йилги U-17 Осиё кубогига мезбонлик қилади

Bugun 12:451 daqiqa

2028-йилги U-23 Осиё кубоги қаерда ўтказилиши ҳам аниқланди. Мезбонлик учун Япония, Иордания, Қирғизистон, Қатар, Ўзбекистон ҳамда БАА номзодини қўйган эди.

Ўзбекистон 2027-йилги U-17 Осиё кубогига мезбонлик қилади © UFA

2027-йилги U-17 Осиё кубоги Ўзбекистонда бўлиб ўтиши белгиланди. Бу бўйича Осиё футбол конфедерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида қитъа футболига оид бир қатор муҳим қарорлар тасдиқланди.

2029-йилги U-17 Осиё чемпионати эса Саудия Арабистонида ўтказилади. Ижроия қўмитаси клублар ўртасидаги мусобақаларга ҳам бир қатор ўзгартишлар киритди. 2026–2027-йилги мавсумдан бошлаб AFC Чемпионлар лигаси «Elite» янги форматда ўтказилади. Турнирда 32 та клуб иштирок этади. Қуръа ташлаш жараёнида жамоалар аввалги икки эмас, тўртта саватчага ажратилади. Ҳар бир клуб ҳар бир саватчадаги рақибларга қарши иккитадан ўйин ўтказади.

Йиғилишда яна бир муҳим масала — 2028-йилги U-23 Осиё кубоги мезбони ҳам аниқланди. Лос-Анжелес – 2028 ёзги Олимпия ўйинларига Осиё саралаши вазифасини бажарадиган ушбу мусобақага Япония мезбонлик қилади. Мезбонлик учун Япония билан бир қаторда Иордания, Қирғизистон, Қатар, Ўзбекистон ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари номзодини қўйган эди. Кейинчалик БАА ўз номзодини қайтариб олди.

AFC маълум қилишича, барча номзодлар талабларга жавоб берган. Бироқ Япония замонавий инфратузилмаси, мусобақани ўтказишдаги паст хавф даражаси ҳамда йирик турнирларни турли минтақалар ўртасида навбат билан ўтказиш тамойили асосида танланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ футбол бўйича Жаҳон чемпионати тўрт йилда бир мартадан кўпроқ ўтказилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid