Logo

Марказий Осиё туризм ўсишида дунёда биринчи бўлди

Kecha 22:152 daqiqa

2025 йилда Марказий Осиё туризм ўсиши бўйича барча минтақаларни ортда қолдирди. Энг кўп саёҳат қилинган мамлакат эса Ўзбекистон бўлди.

Марказий Осиё туризм ўсишида дунёда биринчи бўлди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2025 йилда Марказий Осиё туризм соҳасининг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси ўсиши бўйича дунёда энг юқори натижани қайд этди. Бу ҳақда Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC) ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботга кўра, ўтган йили туризмнинг минтақа иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 20,1 млрд долларга етган. Бу Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 15,8 млрд доллар бўлган. Шу тариқа пандемиядан олдинги даврга нисбатан ўсиш 27,1 фоизга етган.

Фақат 2025 йилнинг ўзида туризмнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 17,7 фоизга ошган. Бу Шимоли-шарқий Осиёдаги 8,7 фоиз ва Жануби-шарқий Осиёдаги 7,6 фоизлик ўсишдан анча юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Сайёҳлар харажатлари ошди

WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Марказий Осиёда хорижий сайёҳлар сарфлаган маблағ 26,4 фоизга кўпайган. Туризм соҳасига киритилган инвестициялар 12,4 фоизга, соҳада банд бўлганлар сони эса 9,5 фоизга ўсган.

Ҳозирда туризм соҳасида 1,7 млн нафар киши меҳнат қилмоқда. Бу минтақадаги ҳар 17 та иш ўрнидан бири туризм ҳиссасига тўғри келишини англатади. Прогнозларга кўра, 2036 йилга бориб бу кўрсаткич 2,2 млн нафарга етади.

2025 йилда сайёҳлар Марказий Осиё бўйлаб жами 15,4 млрд доллар сарфлаган. Шундан 9,9 млрд доллар хорижий, 5,5 млрд доллар эса маҳаллий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келган.

Барча харажатларнинг 84,5 фоизи дам олиш ва кўнгилочар саёҳатлар, 15,5 фоизи эса ишбилармонлик сафарлари билан боғлиқ бўлган.

Ўзбекистон энг оммабоп йўналиш


Ҳисоботда қайд этилишича, Марказий Осиё аҳолиси хорижий саёҳатлар учун энг кўп Ўзбекистонни танлаган. Минтақа аҳолисининг барча хорижий сафарларининг 25 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келган.

Кейинги ўринларда Қозоғистон 23 фоиз, Қирғизистон 18 фоиз, Россия 16 фоиз ва Туркия 6 фоиз билан қайд этилган.

Шу билан бирга, Марказий Осиёга келган хорижий сайёҳларнинг 29 фоизи Қозоғистон, 22 фоизи Ўзбекистон, 20 фоизи Россия ва 19 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлган.

Мутахассислар минтақада туризмнинг жадал ўсишини тарихий шаҳарларга қизиқиш ортиши, тоғ ва экологик туризм ривожланаётгани, авиақатновлар кенгайиши ҳамда виза тартибларининг соддалаштирилиши билан изоҳламоқда.

Прогнозларга кўра, 2026 йилда туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшган ҳиссаси 21,7 млрд долларга етиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid