Logo

«Ипотекабанк» акциядорларига 1 трлн сўмга яқин дивиденд тўлаб берди

Kecha 22:302 daqiqa

Оддий акциялар бўйича дивидендлар 2020 йилдан буён илк бор тўланди. Дивиденд олганлар орасида жисмоний шахслар ҳам бор. Банк ярим йилликда Ўзбекистон банк тизимидаги энг юқори — қарийб 1,4 трлн сўмлик соф фойда олганди.

«Ипотекабанк» акциядорларига 1 трлн сўмга яқин дивиденд тўлаб берди

«Ипотекабанк» акциядорларига жами 943,25 млрд сўм дивиденд тўлаб берди. Бу ҳақда банкнинг Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинган ахборотида маълум қилинди.

Дивидендларни тўлаш 4 июлда бошланиб, 30 июлда якунланган. Банк ҳисобланган маблағнинг 100 фоизини акциядорларга ўтказган ва дивидендлар бўйича қарздорлик қолмаган.

Дивиденд тўлаш тўғрисидаги қарор 2026 йил 3 июнда бўлиб ўтган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишида қабул қилинганди.

Шундан 941,24 млрд сўм оддий акциялар, яна 2,01 млрд сўм имтиёзли акциялар бўйича тақсимланган. Оддий акцияларнинг ҳар бирига 0,225 сўмдан, имтиёзли акцияларга эса 0,25 сўмдан дивиденд тўланган.

Бу оддий акциянинг номинал қийматига нисбатан 22,5 фоизни ташкил қилади. Қарор эълон қилинган пайтдаги бозор нархига нисбатан дивиденд даромадлилиги тахминан 7,2 фоизга тенг эди.

Дивиденд олиш ҳуқуқига 2026 йил 25 май ҳолатига шакллантирилган акциядорлар реестрига киритилган шахслар эга бўлди. Фонд бозоридаги T+2 ҳисоб-китоб тизими инобатга олинса, дивиденд олиш учун акцияларни камида 21 май куни харид қилиш керак эди.

Бу ерда гап айнан оддий акциялар ҳақида бормоқда. «Ипотекабанк» улар бўйича охирги марта 2020 йилда дивиденд тўлаган. Шу тариқа, банк 6 йиллик танаффусдан сўнг оддий акциядорлар ўртасида фойдани тақсимлаш амалиётига қайтди.

Банкнинг 1 июнь ҳолатидаги акциядорлик таркибига кўра, акцияларнинг 72,89 фоизи Венгриянинг OTP Bank’ига тегишли. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 17,49 фоиз, Халқаро молия корпорацияси эса 8,7 фоиз улушга эга.

Шу сабабли дивидендларнинг асосий қисми OTP Bank ҳиссасига тўғри келади. Тошкент фонд биржасида банк акцияларини сотиб олган миноритар инвесторлар ҳам дивиденд олган.

Ипотекабанк энг кўп фойда кўрмоқда

2023 йили хусусийлаштирилган «Ипотекабанк» 2026 йилнинг биринчи ярмини 1 трлн 388,7 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу Ўзбекистон банклари орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Таққослаш учун, банк ўтган йилнинг мос даврида 392,5 млрд сўм зарар кўрганди. Бир йил ичида унинг молиявий натижаси 1 трлн 781 млрд сўмга яхшиланган.

Бунда кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишлар учун ажратилган захираларнинг камайиши муҳим роль ўйнади. 2025 йилнинг биринчи ярмида бу мақсадга қарийб 3 трлн сўм йўналтирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 969 млрд сўмгача қисқарди.

OTP Bank томонидан сотиб олингач, «Ипотекабанк»нинг муаммоли кредитлари қайта кўриб чиқилиб, улар бўйича катта миқдорда захиралар яратилганди.

Шу сабабли фойдадаги кескин бурилишни фақат банк бизнесининг ўсиши билан изоҳлаб бўлмайди — захира харажатларининг камайиши ҳам натижага сезиларли таъсир қилган.

Тўланган дивиденд миқдори банкнинг жорий йил биринчи ярмидаги соф фойдасининг қарийб 68 фоизига тенг. Бироқ дивидендлар 2026 йилги фойдадан эмас, аввалги даврларда шаклланган тақсимланмаган фойда ҳисобидан тўланган.

Оддий акциялар бўйича дивидендларнинг қайта тикланиши ва рекорд фойда банкнинг молиявий ҳолати яхшиланганини кўрсатмоқда.

Teglar

Mavzuga oid