Logo

Ўзбекистон энергетика тизимини «нолдан қуриш» режалаштирилмоқда

Bugun 16:013 daqiqa

Президент йиғилишида энергетика соҳасини тубдан ўзгартириш бўйича янги вазифалар белгиланди. Янги раҳбарият инфратузилмани «нолдан» қайта қуриш, бошқарувни рақамлаштириш ва бозор механизмларини жадал жорий этишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон энергетика тизимини «нолдан қуриш» режалаштирилмоқда © oliymajlisqonunchilikpalatasi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича янги вазифалар белгиланди. Йиғилишдан сўнг Энергетика вазири этиб тайинланган Шерзод Ходжаев ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқарувининг янги раиси Сардор Исақулов мамлакат энергетика тизимида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилишини маълум қилди.

Шерзод Ходжаевнинг таъкидлашича, Президент вазирлик олдига аниқ ва қатъий вазифалар қўйган. Унга кўра, тизим раҳбарлари ва ходимлари иш вақтининг асосий қисмини кабинетларда эмас, балки маҳаллаларда, электр ва газ инфратузилмаси объектларида ўтказиши лозим.

«Тизим ходимлари 90 фоиз вақтини пастда ўтказиши керак, яъни маҳаллаларда, ҳудудлардаги инфратузилма объектларида», — деди вазир «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Уч ойда янги дастур тайёрланади

Янги вазирнинг маълум қилишича, Энергетика вазирлигига уч ой муддат ичида мамлакатнинг барча ҳудудларида электр ва газ инфратузилмасини чуқур таҳлил қилиш вазифаси юклатилган.

Бунинг учун аҳоли ва иқтисодиётнинг келгуси эҳтиёжлари ҳисоб-китоб қилиниб, энергия таъминотини ишончли таъминлаш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқилади.

Шу асосда Президентга энергетика соҳасини такомиллаштириш бўйича янги қарор лойиҳаси киритилади.

Ҳужжатда тармоқларни модернизация қилиш, қарздорликни қисқартириш, техник йўқотишларни камайтириш ва соҳада бозор механизмларини кенг жорий этишга қаратилган чоралар акс этади.

Президент йиғилишда маҳсулотлар етказиб бериш тизимини ислоҳ қилиш, суюлтирилган газ бозорида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича ҳам топшириқлар берган.

«Тизимни нолдан қуришимиз керак»


«Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқарувининг янги раиси Сардор Исақулов эса мамлакатда электр таъминоти билан боғлиқ вазият ҳали ҳам жиддийлигича қолаётганини тан олди.

Унинг сўзларига кўра, электр таъминотидаги узилишлар ва хизмат сифати бугунги кунда «жуда аянчли аҳволда». Шу боис Президент бутун энергетика тизимини амалда «нолдан» қайта ташкил этиш вазифасини қўйган.

«Бугун муҳтарам президентимиз тизимни нолдан ислоҳ қилишимизни айтиб ўтди. Энергетика соҳасини нолдан қуриб борамиз», — деди Сардор Исақулов.

Бунинг учун ҳар бир ҳудудга энергетика компаниялари раҳбарлари бириктирилади. Улар электр узилишлари кўп кузатилаётган ва дебитор қарздорлик юқори бўлган туманларда бевосита иш олиб боради. Президент ҳар бир трансформатор ва газ тақсимлаш пункти кесимида манзилли иш ташкил қилишни талаб қилди.

Шунингдек, сентябрга қадар куз-қиш мавсумига тайёргарликни тўлиқ якунлаш, электр таъминотидаги узилишларнинг сабабларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

Рақамлаштириш ва кадрлар тайёрлаш устувор вазифа бўлади

Янги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири рақамлаштириш ҳисобланади. Гап фақат ақлли электр ва газ ҳисоблагичларини кенг жорий этиш ёки биллинг тизимини автоматлаштириш ҳақида эмас.

Вазирнинг таъкидлашича, ходимларга вазифа бериш, кунлик ҳисоботларни қабул қилиш, бажарилган ишларни назорат қилиш ва меҳнат самарадорлигини баҳолашгача бўлган барча бошқарув жараёнлари рақамли тизимга ўтказилади.

Кадрлар тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Энергетика соҳасида таҳсил олаётган талабаларни дуал таълим асосида ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш режалаштирилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги техникумларда Ширин шаҳри тажрибаси асосида замонавий лабораториялар ва ўқув полигонлари ташкил этилади.

Таълим дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилиб, хорижий инвесторлар иштирокида янги мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Teglar

Mavzuga oid