Logo

Ўзбекистонда пальма ёғига акциз солиғи жорий этиш таклиф қилинди

Bugun 20:012 daqiqa

Пальма ёғи учун тоннасига 139 доллар (маҳсулот қийматининг қарийб 10 фоизи) миқдорида акциз солиғи жорий этиш таклиф қилинди. Ташаббус амалга оширилса, давлат бюджетига йилига қўшимча 21,7 млрд сўм тушум келиши мумкин.

Ўзбекистонда пальма ёғига акциз солиғи жорий этиш таклиф қилинди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти Ўзбекистонда пальма ёғига акциз солиғи жорий этишни таклиф қилди.

Таклифга кўра, импорт қилинадиган пальма ёғи учун тоннасига 139 доллар миқдорида специфик акциз ставкаси белгиланиши мумкин. Бу тақдимотдаги валюта курси бўйича тахминан 1,7 млн сўмга тенг. Институт ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ставка импорт маҳсулоти қийматининг қарийб 10 фоизини ташкил этади.

2026-йилда пальма ёғининг ўртача импорт қиймати тоннасига 1388 доллар деб баҳоланган. Йиллик импорт ҳажми 12 789 тонна бўлган тақдирда, давлат бюджетига қўшимча 21,7 млрд сўм тушум келиши мумкинлиги қайд этилган.

Нима учун акциз таклиф қилинмоқда?

Тақдимот муаллифларига кўра, пальма ёғининг бозор нархи унинг аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизимига келтириши мумкин бўлган харажатларни ҳисобга олмайди. Шу боис иқтисодий назарияда бундай маҳсулотларга акциз қўллаш ташқи таъсирларни қоплаш воситаси сифатида қаралади.

Институт, шунингдек, истеъмолчилар маҳсулотнинг эҳтимолий салбий таъсири ҳақида доимо етарли маълумотга эга эмаслигини таъкидлайди. Бундан ташқари, пальма ёғининг асосий қисми тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида истеъмол қилиниши сабабли, маҳсулотни маркалаш харидор танловига ҳар доим ҳам сезиларли таъсир кўрсатмайди.

Муаллифлар фикрича, акциз солиғи эса тўғридан-тўғри нарх орқали таъсир кўрсатиши мумкин.

Тақдимотда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016-йилги ҳисоботига ҳам таянилган. Унда тўйинган ёғлар миқдори юқори маҳсулотларни солиққа тортиш юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш воситаларидан бири сифатида қайд этилган. Шунингдек, Жаҳон банкининг ёндашувига кўра, бундай солиқлар истеъмолга таъсир қилиш билан бирга, бюджет учун қўшимча барқарор даромад манбаи ҳам бўлиши мумкин.

Импорт ҳажми камаймоқда

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонга пальма ёғи импорти сўнгги йилларда қисқармоқда. 2024 йил якунларида импорт ҳажми 39,7 минг тоннадан 24,2 минг тоннага тушиб, қарийб 40 фоизга камайган. Импорт қиймати ҳам 46 фоизга қисқариб, 27 млн долларни ташкил этган.

2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакатга 8,88 млн долларлик 6394 тонна пальма ёғи олиб кирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳажм жиҳатидан 22,9 фоизга, қиймат бўйича эса 16,4 фоизга кам. Бироқ ўртача импорт нархи тоннасига 1281 доллардан 1388 долларгача, яъни 8,4 фоизга ошган.

Шу билан бирга, институт мазкур ташаббус таҳлилий хусусиятга эга эканини, у ҳозирча расмий қарор ёки қонун лойиҳаси эмаслигини алоҳида таъкидлаган.

Teglar

Mavzuga oid