Олмазорда қурилиш котловани ўпирилиб тушди: жабрланганлар йўқ
Тошкентнинг Олмазор туманида қурилиш котлованининг бир қисми ўпирилди. Ҳокимлик ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини маълум қилди ҳамда қурилиш меъёрларини бузган шахсларга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.
© Toshkent shahar hokimligiИжтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Орзу массивида кўп қаватли уй яқинида жойлашган қурилиш котлованининг бир қисми ўпирилиб тушгани акс этган видеолар тарқалди.
Тарқалган хабарларда ҳодиса оқибатида асфальтнинг бир қисми ўпирилгани, унинг остида катта бўшлиқ ҳосил бўлгани ва бу йўлнинг янада чўкиб кетиши хавфини юзага келтиргани айтилмоқда.
Шунингдек, электр кабели шикастланиб, ёнғин юзага келгани ва ҳудуд бир муддат электр таъминотисиз қолгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Видеоларда қурилиш майдонидаги айрим ишчиларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини ҳам кўриш мумкин.

Ҳокимлик изоҳи
Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳодиса юзасидан муносабат билдириб, айни вақтда ҳодиса оқибатида жабрланганлар ҳамда тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар йўқлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, вазият шаҳар ҳокими назоратига олинган.
Унинг топшириғига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари ҳамда Олмазор тумани ҳокимлиги вакилларидан иборат тезкор махсус комиссия тузилган.
Ҳозирда воқеа жойида хавфли ҳудуд ўраб олинган, унга кириш чекланган ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда.

Мутахассислар ҳодиса сабаблари, ёндош ҳудуд, йўл қопламаси ҳамда муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Масъулларга ҳуқуқий баҳо берилади
Ҳокимлик маълум қилишича, текширув якунлари бўйича масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
«Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талаблари ва қурилиш меъёрларининг бузилишига йўл қўйган барча шахслар, шубҳасиз, қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади», — дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги тезкор равишда маълумот етказган фуқароларга миннатдорлик билдириб, барча қурилиш ишлари иштирокчиларини хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Июль ойи бошида Тошкентнинг Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойда жиддий қоидабузарликлар аниқлангани ҳақида хабар берилганди.
Қайд этилишича, сифатсиз темир-бетон конструкциялар сабаб қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилиб, лойиҳа талабларига мос бўлмаган қисмларни бузилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси маълум қилишича, Тошкент шаҳрида қурилиш объектларида кучайтирилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Бундай текширувлар орқали қурилиш сифати, техника хавфсизлиги ва фуқаролар ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш мақсад қилинган.





