Logo

Ўзбекистон фаровонлик бўйича жаҳон рейтингида 94-ўринни эгаллади

Bugun 17:552 daqiqa

Мамлакатнинг энг паст кўрсаткичи иқтисодий эркинлик бўйича қайд этилди. Фикрни эркин билдириш имконияти бўйича ҳам паст натижани олди. Энг яхшиси эса маҳаллий жамоалардаги ижтимоий алоқалар мустаҳкамлиги бўлди.

Ўзбекистон фаровонлик бўйича жаҳон рейтингида 94-ўринни эгаллади © Foto: Asia-Plus

«Legatum Prosperity Index 2026» жаҳон фаровонлик рейтингига кўра, Ўзбекистон 161 давлат орасида 94-ўринни эгаллади.

Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг юқори натижани Қозоғистон (66-ўрин) қайд этган. Кейинги ўринларда Қирғизистон (87), Тожикистон (129) ва Туркманистон (150) жойлашган. 2026-йилги рейтингда Швейцария биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Эритрея 161-ўрин билан рўйхатнинг энг охирида қайд этилган.

Рейтинг маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг энг яхши натижаси маҳаллий жамоалардаги ижтимоий алоқалар мустаҳкамлиги бўйича қайд этилган. Бу кўрсаткичда мамлакат 19-ўринда турибди. Унда одамлар ўртасидаги ишонч, ўзаро ёрдам, жамоат ҳаётидаги иштирок, жиноятчилик даражаси ва маҳаллий ҳокимиятга муносабат баҳоланади.

Таълим соҳасида Ўзбекистон 37-ўрин, оилавий муносабатлар барқарорлиги бўйича 59-ўринни эгаллади. Аҳоли саломатлиги бўйича мамлакат 83-ўрин, турмуш даражаси бўйича эса 103-ўринга жойлашди.

rasm



Энг паст кўрсаткич иқтисодий эркинлик бўйича қайд этилди. Бу йўналишда мамлакат 136-ўринни эгаллаган. Фикрни эркин билдириш имконияти бўйича ҳам паст натижани олган бўлиб (131-ўрин), кўрсаткич фуқаролар, журналистлар ва жамоат ташкилотларининг ҳокимият позициясидан фарқ қилувчи фикрларни эркин билдириш имкониятини баҳолайди.

Давлат бошқаруви самарадорлиги ва ҳалоллиги бўйича Ўзбекистон 77-ўрин, хавфсизлик, зўравонликдан ҳимоя ва ҳуқуқий институтлар фаолиятини қамраб олувчи фуқаровий тинчлик бўйича 105-ўринни эгаллади.

Рейтингнинг учта асосий йўналиши бўйича Ўзбекистон:

ривожланиш — 90-ўрин;

эркинлик — 126-ўрин;

жамият — 52-ўринни эгаллаган.

«Legatum Prosperity Index» мамлакатлар фаровонлигини фақат даромадлар билан эмас, балки ривожланиш, эркинлик ва жамият каби кенг қамровли мезонлар асосида баҳолайди. Рейтингни тузишда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНЕСКО, Gallup, V-Dem ва бошқа халқаро ташкилотларнинг 150 дан ортиқ кўрсаткичларидан фойдаланилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда фаровон яшаш учун ойига қанча пул кераклиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid