Logo

«Тоштурма»нинг янги биноси қурилишига 103 млрд сўмдан ошиқ пул сарфлангани айтилди

Bugun 19:272 daqiqa

ИИВ мулозими Vaqt.uz журналисти билан суҳбатда тергов ҳибсхонаси нега саккиз қиррали қилиб қурилганига ҳам тўхталди.

«Тоштурма»нинг янги биноси қурилишига 103 млрд сўмдан ошиқ пул сарфлангани айтилди

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонасининг янги биноси қурилишига 103 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф қилинган. Бу ҳақда департамент бошлиғи полковник Азизхон Умархонов 30-июль куни Vaqt.uz журналистига очиқлади.

«Аслида, бу маблағ, менимча, махфий эмас. Мен тўғрисини айтаман: мана шу ҳурматли президентимизнинг алоҳида инвестиция дастурига киритилиб, ҳаммасига 103 миллиарддан ошиқ маблағ сарфланган», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, бу пуллар ҳисобига янги тартибот биноси, ҳибсхонанинг сайргоҳлари, кириш жойлари, янги тақсимлаш жойлари барпо этилган. ИИВ полковнигининг айтишича, иситиш тизими, оқова сувлари билан боғлиқ мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун ҳам айнан ўша пуллардан ишлатилган.

Суҳбат жараёнида журналист нима учун тергов ҳибсхонаси саккиз қиррали қилиб қурилгани билан қизиқди ва бу бўйича ИИВ мансабдорини саволга тутди. Азизхон Умархонов эса қурилиш ишлари 2015–2018-йилларда олиб борилганини айтар экан, ҳибсхонани айнан ана шундай шаклда қуришда бир нечта масалалар инобатга олинганини айтди.

«Ҳибсхонанинг ҳар бир ҳужрасига қуёш, шамол ва бошқа нарсаларни таъминлаб бериш нуқтаи назаридан ана шундай лойиҳалаштирилган. Энди табиийки, сизларда: агарда ўша вақтда 3800 кишилик сиғимли, саккиз қиррали қурилган бўлса, нега сайр қилиш ҳуқуқи бир соатлик режалаштирилмаган, бор-йўғи 49 та сайргоҳ қилинган, деган савол туғилади, тўғрими?», — дейди у.

У бунга жавобан президент топшириғи асосида халқаро стандартдаги минимал ҳуқуқларнинг барчаси Марказий тергов ҳибсхонасида 100 фоиз таъминланганини урғулади.

«Президентимизнинг мана шу талаблари, топшириқлари асосида халқаро стандартдаги минимал ҳуқуқларнинг барчаси Марказий тергов ҳибсхонасида 100 фоиз таъминланди. Параллел равишда рақамлаштириш жараёнлари билан бу ишларни яна жадаллаштиряпмиз», — таъкидлайди Умархонов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу ҳибсхонада қанча киши сақланаётгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid