Logo

Эрондан 6 та қатъий шарт ва Трампнинг жавоби: Ҳўрмуз бўғозидаги қамал қачон тугайди?

Бугун 09:155 дақиқа

Воситачилар музокараларни давом эттиришга уринаётган бир пайтда, АҚШ ва Эрон ўртасида Ҳўрмуз бўғозидаги қарама-қаршилик ҳамон давом этмоқда.

Эрондан 6 та қатъий шарт ва Трампнинг жавоби: Ҳўрмуз бўғозидаги қамал қачон тугайди?

Икки томон ўртасида тинчлик битимига эришишга қаратилган музокаралар боши берк кўчага кириб қолган бўлса-да, Эрон Қўшма Штатларнинг Ҳўрмуз бўғозини назорат қилаётгани ҳақидаги иддаоларини кескин инкор этмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп чоршанба куни Вашингтон ушбу муҳим сув йўли устидан «тўлиқ назорат» ўрнатгани ҳақидаги сўзларини яна бир бор такрорлади. Бироқ бу Эроннинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Теҳрон АҚШ тажовузини қоралаб, товон пули ва санкциялар билан боғлиқ талаблари бажарилмагунига қадар бўғозни қайта очмаслигини маълум қилди.

«АҚШ расмийларининг Ҳўрмуз бўғози энди ёпиқ эмаслиги ҳақидаги иддаолари ва такрорий хабарлари ҳақиқатни ўзгартира олмайди. Ҳўрмуз бўғози ёпиқлигича қолмоқда ва Эроннинг шартлари қабул қилинмагунча, у қайта очилмайди», — дея ёзиб қолдирди Эроннинг Форс кўрфази бўғозлари бошқармаси (PGSA) «Х» ижтимоий тармоғида.

Тинчлик даврида глобал нефт ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) таъминотининг бешдан бир қисми ўтадиган мазкур бўғоздаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда давом этаётган музокараларнинг истиқболлари ҳақида қуйидагилар маълум.

Қарама-қаршилик бўйича сўнгги вазият қандай?

Айни пайтда Эрон қуролли кучлари махсус рухсатномаси бўлмаган кемаларнинг Эрон ва Уммон ҳудудий сувлари орқали ўтувчи тор бўғозда ҳаракатланишига тўсқинлик қилмоқда. Трамп АҚШ бўғоз устидан назорат ўрнатганини иддао қилаётган бўлса-да, Эроннинг қамали оқибатида ушбу асосий сув йўли орқали кемалар қатнови сўнгги бир ҳафта ичидаги энг паст даражага тушиб кетди.

Ўз навбатида, АҚШ ҳам бўғоз ичидаги ва унинг атрофидаги Эрон портларига нисбатан денгиз қамалини амалга оширмоқда. Хусусан, сешанба куни АҚШ кучлари Уммон кўрфазида Эрон порти томон ҳаракатланаётган ва огоҳлантиришларга эътибор бермаган Панама байроғи остидаги кемани нишонга олди.

Пайшанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи АҚШнинг «разведка тизимидаги хатолари туфайли узоқ вақтдан бери вазиятни нотўғри баҳолаётганини», жумладан, 28 феврал куни Исроил билан биргаликда Теҳронга зарба бериш орқали Эронга қарши уруш бошлаганида ҳам айнан шундай бўлганини таъкидлади. Вазир ўзининг «Х» тармоғидаги саҳифасида Вашингтоннинг Ҳўрмуз бўғозидаги хатти-ҳаракатларини «янада каттароқ хато» деб атади. «Сохта разведка маълумотлари сохта янгиликлардан ҳам хавфлироқ», — деди у.

Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига (ИИМК) қарашли «Басиж» ҳарбий ташкилоти қўмондони Ҳужжатулислом Ҳусайн Тоиб ҳам бўғоз «Эрон назорати ва бошқаруви остида» эканини таъкидлади.

«Бугун сиз Ҳўрмуз бўғози Ислом Республикасининг бошқаруви ва назорати остида эканини кўриб турибсиз, мамлакатимиз эса тўла хавфсизлик шароитида ўз йўлида давом этмоқда. Америкаликлар Ислом инқилобининг қудратини кўрди», — деди Тоиб пайшанба куни.

Эрон ва Уммон музокаралари ҳақида нималар маълум?

Теҳрон бўғоз масаласида АҚШ билан тўғридан-тўғри музокара олиб бормаётганини маълум қилмоқда. Бунинг ўрнига, бўғозни келгусида биргаликда бошқаришни таклиф қилаётган Уммон билан мулоқот ўрнатилган.

Жорий йилнинг 17 июн куни Эрон ва АҚШ ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган ва унга кўра, Эрон бўғозни 60 кун давомида очиқ сақлаш мажбуриятини олган эди. Бироқ шундан сўнг кўп ўтмай, сув йўлини назорат қилиш ва кемалар ҳаракатланиши керак бўлган йўналишлар бўйича томонлар ўртасида келишмовчилик юзага келди.

Эрон белгиланган йўналишдан чиқиб кетган деб ҳисоблаган айрим кемаларни ўққа тутди ва бу ҳолат АҚШ билан ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланишига олиб келди. Шунингдек, Теҳрон бўғоздан ўтаётган кемалардан бож ундириш масаласида ҳам Вашингтон билан келиша олмади. Оқибатда, АҚШ Эронга қарши уруш бошлашидан аввал барча кемалар учун очиқ бўлган бўғоз, эндиликда кенг кўламли тинчлик музокараларини илгари суриш йўлидаги асосий тўсиққа айланиб қолди.

Ҳозирда Эрон ва Уммон ўртасидаги музокаралар айнан ушбу муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Сешанба куни Қатар расмийлари Эрон ва Уммон ўртасида бўғоз бўйича музокаралар «муҳим босқичга» чиққанини маълум қилди.

«Воситачилар сифатида биз Ҳўрмуз бўғозининг имкон қадар тезроқ қайта очилишини истаймиз», — деди Қатар Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажид ал-Ансорий матбуот анжуманида.

Музокарачилар Эрон ва Уммоннинг хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларини инобатга олган ҳолда, тижорат кемалари қатновини қайта тиклашга имкон берувчи муроса йўлини топишга уринмоқда.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котибининг таъкидлашича, Уммон билан музокаралар «Эрон ва Уммоннинг миллий хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, суверен ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи» ҳамда «хавфсиз кириш ва чиқиш йўлакларини яратиш»га қаратилган.

Ўтган ҳафта Эрон томони Уммон билан ушбу кема қатновлари йўлакларининг координаталари бўйича келишувга эришганини маълум қилди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги кенг кўламли тинчлик музокаралари ҳақида нималар маълум?

Эроннинг таъкидлашича, АҚШ июл ойида ҳужумларни қайта бошлаш орқали 17 июндаги ўзаро англашув меморандумини бузган. Шу сабабли Теҳрон Вашингтон билан тўғридан-тўғри мулоқот қилмаяпти.

Ҳозирда Покистон ушбу тинчлик жараёнида воситачилик қилишга уринмоқда. Сешанба куни Покистон ички ишлар вазири Муҳсин Нақви Теҳронда Эроннинг юқори мартабали мулозимлари билан музокаралар ўтказаётган бир пайтда, Исломобод АҚШ ва Эронни «музокаралар столи атрофида жамлаш» устида ишлаётганини маълум қилди.

Маълумки, жорий йилнинг апрел ойида АҚШ ва Эрон юзма-юз музокаралар ўтказган эди. Исломобод мезбонлик қилган ушбу учрашувда АҚШ вице-президенти Жей Ди Венс ва Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибоф иштирок этганди. 17 июн куни эса икки томон 60 кунлик музокаралар жараёнига старт бериши кўзда тутилган англашув меморандумини масофадан туриб имзолади. Бироқ турли келишмовчиликлар бу жараённинг бошланишига тўсқинлик қилди ва шундан буён музокаралар тўхтаб қолган.

Эрон ва АҚШнинг сўнгги талаблари қандай?

Ўтган ҳафта охирида Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш учун АҚШ бажариши шарт бўлган янги талабларни илгари сурди.

Мазкур олтита шарт қуйидагилардан иборат:

  1. АҚШнинг Эронга нисбатан таҳдидларини ва (сиёсатчи Зулқадрнинг таъкидлашича) мамлакатнинг миллий ҳамда диний қадриятларини ҳақорат қилишни тўхтатиш;

  2. Эрон ва унинг Ливан, Фаластин, Яман ҳамда Ироқдаги иттифоқчиларига қарши ҳужумларга узил-кесил барҳам бериш;

  3. АҚШ денгиз қамалини бекор қилиш ва Эрон чегаралари атрофидан ҳарбий-денгиз ҳамда ҳарбий-ҳаво кучларини олиб чиқиб кетиш;

  4. Теҳрон «мажбуран тиқиштирилган икки уруш» деб атаётган можаролардан кўрилган зарар учун товон пули тўлаш;

  5. Санкцияларни бекор қилиш;

  6. Эроннинг музлатиб қўйилган активларини шартсиз қайтариш.

Душанба куни Оқ уйда журналистларга берган интервюсида Доналд Трамп ўз маъмурияти Эрон томонидан етказилган «50 йиллик» зарар учун товон ундириш ниятида эканини билдирди. У бу қадамни Теҳроннинг талабларига тўғридан-тўғри жавоб сифатида изоҳлади.

Трампнинг сўзларига кўра, бу маблағ минтақадаги АҚШ ҳарбийлари ҳамда Эрондаги тинч намойишчилар орасидаги қурбонлар учун тўланади. Шунингдек, у сўнгги тўрт ой ичида Эронда 52 минг киши ҳалок бўлганини иддао қилди.

Теҳрон эса АҚШ ва Исроил уруши бошланишидан аввал — январ ойида бутун мамлакатни қамраб олган ҳукуматга қарши намойишларда тахминан 3117 киши ҳалок бўлганини айтмоқда. Феврал ойида АҚШда жойлашган Инсон ҳуқуқлари фаоллари ахборот агентлиги (HRANA) 7 мингга яқин киши, жумладан, 6500 нафар намойишчи қурбон бўлгани ҳақида хабар берган эди. 

Теглар

Мавзуга оид