Ойлик ва стипендиялар ошади, 852 маҳкум кечирилди, Алиев Ўзбекистонга келиб кетди, селда 450 дан ортиқ киши қурбон бўлди— ҳафта дайжести
Ҳафта давомида содир бўлган шу ва бошқа воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан Vaqt.uz дайжестида танишинг.
852 киши афв этилди
Оиласидан йироқ, панжара ортида озодлик кунларини кутаётган инсонга ҳар бир кун бир йилдек туюлиши, шубҳасиз. Мустақилликнинг 35 йиллиги олдидан президент жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 852 кишини афв этди.
Маҳкумларнинг асосий қисми — 604 киши жазодан тўлиқ озод қилинди. Қолган 248 кишининг жазоси эса муддатидан илгари шартли равишда енгиллаштирилди ёки қамоқ муддатлари қисқартирилди.
Кечирилганлар орасида 375 нафар ёшлар, 49 аёл ҳамда 60 ёшдан ошган 37 киши бор. Рўйхатга 7 нафар чет эл фуқароси ва ўз вақтида тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган 63 нафар ватандош ҳам киритилган.
Ўзбекистон қарзи ортмоқда
Давлатнинг қарзи 50 миллиард долларга қараб бормоқда. 2026-йилнинг иккинчи чораги якунида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 48,3 миллиард доллардан ошиб кетди. Бор-йўғи уч ой ичида қарзимиз 1,33 миллиард долларга ёки қарийб 2,8 фоизга кўпайган.
Энди ушбу кўрсаткичнинг ички тузилишига ва рақамлар ортида нима турганига эътибор қаратсак. Жами қарздорликнинг 84 фоизи, яъни 40,7 миллиард доллардан зиёди ташқи қарз. Биринчи чорак билан солиштирганда, ташқи мажбуриятларнинг ўзи бир чоракда 935 миллион долларга ўсганини кўришимиз мумкин.
Бу ўзгаришлар фонида давлат қарзининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига (ЯИМ) нисбати ҳам 26,3 фоиздан 27 фоизгача кўтарилди.
Мутахассисларнинг айтишича, қарз таркибида қатъий белгиланган фоиз ставкалари устунлик қиляпти ва мажбуриятларнинг асосий қисми узоқ, яъни бир йилдан ортиқ муддатларга мўлжалланган. Шу билан бирга, давлатнинг ички қарзи 7,6 миллиард долларга етиб, унинг умумий қарз шаклланишидаги улуши 16 фоизга етди.
Хуллас, давлат мажбуриятларида ўсиш динамикаси давом этяпти, аммо мутахассислар қарзларнинг узоқ муддатли характери ва ЯИМга нисбати ҳали хавфсиз меъёрлар атрофида сақланиб қолаётганини урғулайди.
Ойлик ва стипендиялар ошади
«Парвона» спектаклидаги Ўткуруйнинг машҳур гапини эшитганмисиз? «Дилни яйратaдиган ҳам, тилни сайратaдиган ҳам пул», деб бежизга айтишмайди. Ҳа, пул борасида сўз кетганда кўпчилик маош қачон оширилишига қизиқади. Нега деганда ойлигини кутиб яшайдиган ўзбекистонликлар талайгина.
Президент фармонига биноан, 1-сентябрдан эътиборан бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимларнинг иш ҳақи ҳамда талабаларнинг стипендиялари 7 фоизга оширилади.
Ҳозирда талабаларнинг базавий стипендияси 569 минг 670 сўм, 7 фоизлик оширишдан кейин 609 минг 547 сўм бўлади. Барча фанлардан «5» баҳо олган талабаларнинг амалдаги стипендияси 683 минг 604 сўм бўлиб, 1-сентябрдан у 731 минг 456 сўмга ошади.
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 миллион 360 минг сўм, базавий ҳисоблаш миқдори 440 минг сўм, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори эса 504 минг сўм бўлади. Энди давлат боғчаларида ҳам ойлик тўлов бадалларининг миқдори ошади.
Президент 558 кишини тақдирлади
Президент Шавкат Мирзиёев фидокорона меҳнати ва юксак натижалари билан тараққиётга муносиб ҳисса қўшаётган 558 кишини юксак унвон, орден ва медаллар билан тақдирлади. Улар орасида Комил Алламжонов, Сардор Умурзоқов ва Жаҳонгир Исроилов ҳам бор.
Давлат раҳбари ҳар бир юртдошнинг жасорати ҳамда меҳнати юксак эътирофга муносиб эканини таъкидлаб, мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.
Қолаверса, Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтган йирик лойиҳаларни ишга тушириш маросимида Сирдарё ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистондаги аввалги пахтага қарамлик даврини эслаб, ўша йилларда аҳоли йил давомида пахта ишларига жалб этилганини айтди.
Президент унинг гапларини тасдиқлаб, сиёсий ирода бўлмагани учун ҳамма пахтага қул бўлганини эслади.
«Лекин ҳамма у қулликни унутиб юборди. Сиёсий ирода йўқлигидан ҳаммамиз пахтага қул эдик. 24 соат, 12 ой шудгор, чигит экиш, дефолиация, терим билан шуғулланардик. Бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмасдик», — деди Шавкат Мирзиёев.
Алиев Ўзбекистонга келиб, кетди
Мамлакат ташқи сиёсати ва дипломатияси доирасида яна бир ташриф амалга оширилди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси Меҳрибон Алиева билан бирга Ўзбекистонга келди. Уларни Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ва биринчи хоним Зироат Мирзиёева кутиб олди.
Давлат ташрифи доирасида кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Озарбойжон билан савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Илҳом Алиев Ўзбекистон президентини «Ҳайдар Алиев» ордени билан тақдирлади. Ўз навбатида, Озарбойжон раҳбарига Ўзбекистоннинг «Олий даражали дўстлик» ордени топширилди.
Ташриф давомида икки мамлакат етакчилари ва уларнинг рафиқалари оила аъзолари билан бирга Бухоронинг асрлар давомида сақланиб келаётган машҳур тарихий обидаларини зиёрат қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида «Абадий дўстлик тўғрисида»ги шартнома имзоланди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу ҳужжат икки қардош халқ ўртасидаги кўп қиррали ва чуқур ришталарнинг ёрқин тимсоли экани ва муносабатларда янги саҳифа очганини таъкидлади.
Қолаверса, дўстлик ва маданий яқинликнинг амалий рамзи сифатида Янги Тошкентнинг 4 гектар майдонида «Озарбойжон» боғи, Бокудаги «Оқ шаҳар» ҳудудида эса 4,5 гектар майдонда «Ўзбекистон» боғи барпо этилишига старт берилди. Давлат раҳбарлари Тошкентда қуриладиган боғ ҳудудига рамзий капсулани жойлаштирди.
Йўловчилар аэропортда қолиб кетди
Самолётда учиш, авиабилет нархлари ва бортдаги шароитлар Ўзбекистонда тез-тез аҳоли танқидига сабаб бўлмоқда. Истанбулдан Тошкентга учиши керак бўлган йўловчилар билан ҳам шундай муаммо юз берди.
Техник носозлик сабаб улар 16 соат давомида аэропортда қолиб кетди.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари»га кўра, парвоз техник сабаблар туфайли кечиктирилган. Кейин йўловчиларни олиб келиш учун захира самолёти ажратилган.
Компания кутиш вақтида йўловчиларга ичимликлар, сендвичлар ва иссиқ овқат ваучерлари берилганини маълум қилди. Бироқ тарқалган видеомурожаатда йўловчилар бу ёрдам етарли бўлмаганини, айниқса кекса ёшдагилар учун шароитлар етарли эмаслигини таъкидлаган.
Компания ҳолатдан афсус билдириб, кутиш вақти яна чўзилиб кетмаслиги учун захира рейс ташкил этилганини маълум қилди.
Тошқиннинг 450 қурбони
Непалдаги ҳаддан ташқари кучли тошқин бутун дунёнинг диққат марказида бўлди. Тарқалган тасвирларда йирик бинолар сел кучи билан бир зумда вайрон бўлиб, оқиб кетганини кўриш мумкин.
Непал ҳамда Хитойнинг Тибет ҳудуди билан чегарадош қисмида юз берган улкан тошқин оқибатида 450 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 1000 дан ортиқ шахс эса бедарак йўқолди.
Ҳодиса сабабларига тўхталадиган бўлсак, мутахассислар Ҳимолай тоғларидаги Ленде дарёсига улкан муз ва тош массасининг қулаши ушбу фалокатни келтириб чиқарганини билдирмоқда. Натижада ҳосил бўлган шиддатли лой ва сув оқими чегарадаги қишлоқлар, инфратузилма объектлари ҳамда асосий йўлларни вайрон қилган.
Айниқса, ҳодиса юз берган ҳудуд альпинистлар, сайёҳлар ва зиёратчилар орасида оммабоп бўлгани хавотирларни янада оширмоқда. Бедарак йўқолганлар орасида камида 540 нафар хорижлик сайёҳ борлиги айтилмоқда. Улар орасида АҚШ, Буюк Британия, Россия, Украина ва бошқа бир қатор давлатлар фуқаролари мавжуд.
Ҳозирда ҳудудда 5000 дан ортиқ ҳарбий ва полиция ходимлари қидирув-қутқарув ишларига жалб қилинган. Вертолётлар орқали жабрланганларни эвакуация қилиш ҳамда озиқ-овқат етказиб бериш давом этяпти. Бироқ вайронагарчилик кўлами катта бўлгани сабаб қурбонлар сони янада ошиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Теглар






