Coca-Cola ва Ипотека банк сотилди: Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш қанча даромад келтирди?
Давлат активларини бошқариш агентлигининг хабар беришича, мамлакатда хусусийлаштириш кўлами 55 баробарга ошган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат активларини хусусийлаштириш кўлами кескин кенгайиб, 2020–2025 йиллар мобайнида ушбу савдолардан тушган маблағ 77,6 триллион сўмни ташкил этди. Таққослаш учун, 2020 йилгача бўлган сўнгги 10 йил ичида бу кўрсаткич атиги 1,1 триллион сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Сот ёки тушунтириш» тамойили асосида 2021 ва 2025 йиллар оралиғида давлат корхоналари сони 61 фоизга камайди», — дейилади хабарда.
Давлат мулкини бошқариш ва хусусийлаштириш соҳаларидаги ушбу жараёнлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлгани қайд этилган. Маълум қилинишича, 2023 йилда «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги, 2024 йилда эса «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги янги қонунлар қабул қилинган.
Йирик активларнинг сотилиши
Агентлик маълумотларига кўра, йирик ва стратегик активларни хусусийлаштириш орқали иқтисодиётга хусусий ва хорижий капитални жалб қилишда муҳим натижаларга эришилган.
Хусусан, Coca-Cola Uzbekistan 252 миллион АҚШ долларига, Ипотека банк 324 миллион АҚШ долларига ва Самарқанд автомобил заводининг 75,2 фоиз давлат улуши 80 миллион АҚШ долларига сотилган.
Ер бозори
2022 ва 2025 йиллар оралиғида мулкчилик ва ижара ҳуқуқи асосида ким ошди савдосида таклиф қилинган ва сотилган ер участкалари ҳажми қарийб тўрт баробар ошган.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида 1800 гектар ер сотилган ва бу 2022 йилги йиллик кўрсаткичдан сезиларли даражада кўп.
Жисмоний ва юридик шахслардан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича аризалар сони 2022 йилга нисбатан қарийб беш баробар ошган.
Рақамлаштириш ва 2030 йилгача бўлган режалар
Бугунги кунга қадар «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали қарийб 1,5 миллионта объект савдога чиқарилган бўлиб, уларнинг 1,2 миллиондан ортиғи сотилган.
Шунингдек, тадбиркорларга активларни сотиб олишда бўлиб-бўлиб тўлаш, айрим ҳолларда чегирмалар ва кейинчалик тўғридан-тўғри сотиб олиш ҳуқуқи билан давлат мулкини узоқ муддатли ижарага олиш имкониятлари яратилган.
Хабарда келтирилишича, 2030 йилга келиб нодавлат секторининг улушини 85 фоизга етказиш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналар сонини қарийб 6 баробарга камайтириш режалаштирилган.





