Logo

«Ўзбекистон халқаро шахмат майдонида ҳавас қилгулик натижаларга эришиб келмоқда» — Саида Мирзиёева

Бугун 19:452 дақиқа

Президент Администрацияси раҳбари бешинчи бор ўтказилган «Заковат-Гамбит» шахмат турнири ғолибларини тақдирлади.

«Ўзбекистон халқаро шахмат майдонида ҳавас қилгулик натижаларга эришиб келмоқда» — Саида Мирзиёева

30-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бешинчи маротаба ташкил этилган «Заковат-Гамбит» шахмат турнири ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Жорий йилги мусобақа доирасида 6 мингга яқин иштирокчи ўзаро беллашди. Қайд этилишича, бу ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан икки баробар кўпдир. Ушбу қатнашчиларнинг 633 нафарини хотин-қизлар ташкил этган.

Саида Мирзиёева турнир якунлари ва юртимизда ақлий салоҳиятни ривожлантириш борасидаги ўзгаришларга тўхталиб, жамиятда яратилаётган имкониятларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди.

«Мамлакатнинг интеллектуал салоҳияти нафақат истеъдод эгаларининг ютуқлари, балки ҳар бир инсоннинг қобилиятини юзага чиқариш учун яратиладиган имкониятлар кўлами билан ҳам белгиланади», — дея таъкидлади Президент Администрацияси раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон халқаро шахмат аренасида юқори натижаларни қайд этиб келаётган бўлса-да, мамлакат ичида ҳар бир фуқаронинг ақлий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилувчи муҳитнинг шаклланаётгани бундан-да муҳимроқ омил ҳисобланади.

«Заковат» лойиҳасининг мақсади ва жамиятдаги ўрни ҳақида фикр билдирар экан, Саида Мирзиёева шундай деди: «Бу лойиҳа иқтидорли ёшларни кашф этибгина қолмай, балки тафаккур маданиятини, мустақил фикрлаш ва оқилона қарорлар қабул қилиш кўникмасини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Зеро, юртимиз келажаги ёш авлоднинг нафақат қанчалик билимли эканига, балки шу билимларни қай даражада қўллай олиши ва фикр доирасига ҳам боғлиқ».

Маълумот учун, «Заковат арена» мажмуасида бўлиб ўтган финал баҳсларида иштирокчилар ўз даражаларига кўра бешта гуруҳга бўлинган ҳолда жами 620 миллион сўмлик соврин жамғармаси учун ўзаро дона сурди. Ушбу гуруҳларнинг ҳар бирида ғолибликни қўлга киритганларга 50 миллион, иккинчи ўрин эгаларига 30 миллион, учинчи ўрин соҳибларига ҳамда аёллар ўртасидаги энг кучли иштирокчига 20 миллион сўмдан пул мукофотлари топширилди.

Шу билан бирга, мусобақанинг энг ёш қатнашчиси бўлган 8 ёшли Мустафо Пўлатов ва энг ёши улуғ иштирокчи — 63 ёшли гроссмейстер Тоир Воҳидовнинг ҳар бирига 10 миллион сўмдан махсус мукофот берилди.

«Заковат-Гамбит» шахмат турнири 2021-йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа «Заковат» интеллектуал клуби, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Скйчесс» шахмат мактаби ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг ўзаро ҳамкорлиги асосида ташкил этилади.

Мусобақа бунга қадар 2021, 2022, 2023 ва 2025-йилларда ҳам бўлиб ўтган. Турнир қоидаларига мувофиқ, ҳаваскор ва профессионал шахматчилар ўз рейтинг кўрсаткичларига мос тушувчи алоҳида гуруҳларда беллашадилар.

Теглар

Мавзуга оид