Қизил денгизда янги ҳарбий коалиция: Саудия Арабистони атрофида 13 давлат бирлашди
Форс кўрфазидаги энергетика инфратузилмаларига таҳдид ва глобал нефт транзитидаги йўқотишлар фонида Саудия Арабистони Қизил денгиз мудофаа иттифоқи расман иш бошлаганини эълон қилди.

Саудия Арабистони ва яна 13 та давлат Боб ал-Мандаб бўғози, Қизил денгиз ва Аден кўрфази орқали эркин кема қатновини ҳимоя қилиш мақсадида ҳарбий-денгиз коалицияси тузилганини тасдиқлади. Келгусида унга бошқа давлатларнинг ҳам қўшилиши кутилмоқда.
Баҳрайн, Бангладеш, Комор ороллари, Жибути, Миср, Иордания, Қувайт, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони, Сомали, Судан, Туркия ва Яман мазкур шартномани биринчилардан бўлиб имзолади.
Саудия Арабистони баёнот берди
Пайшанба куни Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги 15 та давлат декларация имзолаганини, улардан 13 таси эса коалицияга тўлиқ қўшилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 30 июл куни вазирлик жамоавий денгиз мудофааси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Кўп миллатли денгиз мудофааси иттифоқи тузилганини эълон қилган эди. Вазирлик янги тузилмани «мақсад ва тамойилларига мос келувчи барча давлатлар учун очиқ бўлган халқаро коалиция» сифатида таърифлаб, аъзолик учун янги талабномаларни қабул қилиш давом этаётганини қўшимча қилди.
13 август куни вазирлик «Х» тармоғидаги саҳифасида қуйидагича хабар қолдирди:
«Қўшма баёнотни имзолаган давлатлар сони 15 тага етди. 13 та давлат эса ички миллий тартиб-қоидаларни якунига етказиб, коалиция уставини имзолади ва унга расман қўшилганини эълон қилди».
Ушбу баёнот 13 август куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган иттифоқнинг учинчи йиғилиши якунлари бўйича берилди.
«Бу коалициянинг институционал ва оператив фаолият босқичи амалда ишга тушганини англатади. Қолган давлатлар эса ташкилотга қўшилиш учун зарур бўлган миллий тартиб-қоидаларни якунлаш устида ишламоқда», — дея таъкидлади Саудия Мудофаа вазирлиги.
Иттифоқнинг айнан қандай фаолият юритишига оид тафсилотлар ҳали ишлаб чиқилмоқда. Бироқ вазирлик маълумотларига кўра, аъзо давлатлар ўзаро разведка ахборотларини алмашади, тезкор режалар тузади, шунингдек, ҳарбий салоҳиятни ошириш ва қўшма операциялар ўтказиш билан бирга, ҳамкорликда денгиз машғулотларини олиб боради.
Мазкур коалициянинг аҳамияти нимада?
Янги коалициянинг тузилгани АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши олиб бораётган уруши Форс кўрфази минтақасидаги энергетика ва фуқаролик инфратузилмасига жиддий путур етказишда давом этаётган бир пайтда эълон қилинди.
Шунингдек, бу ҳолат можаро маркази Ҳўрмуз бўғозига кўчаётган бир вақтга тўғри келмоқда. Илгари глобал нефт ва табиий газ экспортининг қарийб 20 фоизи ўтадиган ушбу йўналишнинг амалда ёпилиб қолиши жаҳон иқтисодиётига оғир зарба бўлди.
Сўнгги кескинлашувлар фонида Боб ал-Мандаб – Қизил денгиз – Аден кўрфази йўналишида Саудия Арабистони байроғи остида сузаётган кемалар Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Ямандаги ҳусийларнинг такрорий ҳужумлари нишонига айланди.
Халқаро инқирозлар гуруҳининг Яман бўйича катта таҳлилчиси Аҳмад Нажи «Ал Жазира»га берган интервюсида янги денгиз иттифоқи катта аҳамият касб этиши мумкинлигини, бироқ унинг ҳақиқий нуфузи амалда қанчалик самарали ишлашига боғлиқ эканини таъкидлади.
«Биз авваллари ҳам денгиз хавфсизлиги бўйича бир қатор ташаббусларни, жумладан, Аден кўрфазидаги қароқчилик инқирози даврида тузилган ташкилотларни кўрганмиз. Бу ташаббусларнинг айримлари сиёсий аҳамиятга эга бўлса-да, кўпчилиги ўз олдига қўйган мақсадларини аниқ амалий натижаларга айлантиришда қийинчиликларга дуч келган», — деди у.
«Бу ҳолат мазкур иттифоққа ҳам тегишли. Агар у ўзаро келишувлар ва сиёсий мажбуриятларни денгиз хавфсизлиги ҳамда кемалар қатнови эркинлигига таҳдидларни бартараф этадиган реал ҳаракатларга айлантира олсагина, муҳим аҳамиятга эга бўлади», — дея қўшимча қилди эксперт.
Бу иттифоқ қандай мақсадларни кўзлайди?
Нажининг таъкидлашича, бу иттифоқ Саудия Арабистонининг нафақат ҳусийларни тийиб қўйиш, балки уларнинг Қизил денгиздаги кемаларга қилаётган ҳужумлари фақатгина Ар-Риёднинг эмас, балки бутун дунёнинг муаммоси эканини кўрсатишга қаратилган уринишидир.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийлар 2014 йилда Яман пойтахти Сано шаҳрини ўз назоратига олган эди. Ўшандан буён улар Аден порт шаҳрида жойлашган, Саудия Арабистони ҳомийлик қилаётган ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳукуматга қарши курашиб келмоқда.
28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши Теҳронга берилган зарбалар билан бошлангач, бу кескинлик янада кучайди. Теҳроннинг қўлловига таянган ҳусийлар Қизил денгизда Саудия байроғи остида сузаётган кемалар ва нефт иншоотларига ҳужумлар уюштирмоқда. Можаронинг авж олиши ҳусийлар Қизил денгизни Аден кўрфази билан боғловчи асосий таъминот йўналиши ҳисобланган Боб ал-Мандаб сув йўлини тўлиқ тўсиб қўйиши мумкин, деган хавотирларни уйғотди.
«Ар-Риёд нуқтаи назаридан, бу ҳужумларга жавоб қайтариш фақатгина Саудия Арабистонининг зиммасига тушмаслиги керак. Аксинча, ҳусийларга ва улар Қизил денгизда келтириб чиқараётган бошбошдоқликка қарши курашиш учун кенг кўламли халқаро саъй-ҳаракатлар зарур», — деди Нажи.
Унинг қайд этишича, ҳозирча бу тузилма «асосан мудофаа характеридаги иттифоқ» бўлиб турибди.
«Иттифоқнинг ҳусийларга қарши ҳужум операцияларини бошлаш нияти борлигини кўрсатувчи ҳеч қандай ишора йўқ. Бироқ бу — ҳужумлар давом этаверса, саудияликлар жим қараб туради, дегани эмас. Вақти келиб Ар-Риёд тўғридан-тўғри жавоб қайтариш керак, деган қарорга келиши мумкин», дея таъкидлади у.
Нажининг тушунтиришича, агар шундай ҳолат юз берса, иттифоқ Саудия Арабистонига кенгроқ халқаро қўллаб-қувватлов остида ҳаракат қилиши учун замин яратиб беради.





