Хорижий маркетплейслар учун ҚҚС тўлаш мажбурий бўлади

Ўзбекистонда маркетплейслар орқали маҳсулот сотувчи хорижий компаниялар энди ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтади.

Хорижий маркетплейслар учун ҚҚС тўлаш мажбурий бўлади © Яндекс Карты

Хорижий маркетплейс сотувчилари ҳам Ўзбекистонда ҚҚС тўловчиси сифатида тан олинади. Бу ҳақда 18 май куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида маълум қилинди.

Мажлис давомида электрон тижорат соҳасини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, сенаторлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳаси Солиқ кодекси ҳамда «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритишни назарда тутади.

Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг маълум қилишича, электрон платформалар орқали Ўзбекистонда товар сотувчи хорижий юридик шахслар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси деб эътироф этилади.

Солиқ назорати кучаяди


Сенаторнинг таъкидлашича, қонуннинг асосий мақсади трансчегаравий электрон савдода бюджет тушумлари йўқотилишининг олдини олиш ва маҳаллий ҳамда хорижий сотувчилар учун тенг рақобат муҳитини яратишдан иборат.

Янги тартибга кўра, товар ёки хизмат сотиш ҳудуди Ўзбекистон ҳисобланган ҳолларда хорижий компаниялар солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт бўлади. Агар улар мамлакатда дилер, ваколатхона ёки маҳаллий ҳамкор орқали ишласа, ушбу резидентлар солиқ агенти вазифасини ҳам бажаради. Бундай ҳолатда уларга ҳам солиқ қонунчилигида белгиланган мажбурият ва жавобгарлик татбиқ этилади. Ўзбекистон бозорида маҳаллий ҳамкорлар орқали ишлайдиган хорижий компаниялар белгиланган тартибда солиқ ҳисобидан ўтиши шарт бўлади.

Чет элда жойлашган компаниялар Ўзбекистон харидорлари билан электрон платформалар орқали тўғридан-тўғри савдо қилган тақдирда, ҚҚС товар ёки хизматнинг ҳақиқий қийматидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Бозор ҳажми 20 баробар ўсган

Сўнгги саккиз йилда Ўзбекистонда электрон тижорат ҳажми 20 баробар ошиб, 1,3 млрд долларга етган. Айни пайтда мамлакатда 90 дан ортиқ электрон савдо платформаси фаолият юритмоқда.

Улар орасида Yandex, Ozon ва Wildberries каби халқаро платформалар, шунингдек Uzum, Sello ва Zood Mall каби миллий ва минтақавий платформалар бор.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда халқаро курьерлик жўнатмалари орқали Ўзбекистонга 167,5 млн долларлик товар импорт қилинган. 400 минг нафар жисмоний шахс 3,23 млн та буюртма расмийлаштирган.

Шунингдек, янги қонун электрон платформалар операторларига ҳам қатор мажбуриятларни юклайди. Улар шахсий маълумотлар махфийлигини таъминлаши, ахборот ва киберхавфсизлик талабларига амал қилиши ҳамда ҳисоб-китобларни махсус банк ҳисобрақамлари орқали амалга ошириши шарт бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маркетплейслар ва интернет платформалар орқали амалга оширилаётган онлайн транзаксиялар устидан солиқ назорати кучайтирилаётганлиги ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид