Илон Маск Францияда ҳибсга олиниши мумкин

Bugun 20:552 daqiqa

Париж прокурори Лор Беко Х тармоғи раҳбарига қўйилаётган айбловлар ва суд чақируви ҳақида маълум қилди.

Илон Маск Францияда ҳибсга олиниши мумкин

Агар америкалик миллиардер Илон Маск суд чақирувига биноан Парижга етиб келмаса, Франция расмийлари уни ҳибсга олишга ордер бериши мумкин. Бу ҳақда Париж прокурори Лор Беко RTL радиоси эфирида маълум қилди.

Прокурорнинг сўзларига кўра, агар тергов якунида тўпланган далиллар ишни жиноят судига ошириш учун етарли деб топилса ва Маск чақирув қоғози бўйича келмаса, қонунга мувофиқ ҳибсга олиш ордерини бериш ягона чора бўлади.

Маълум қилинишича, Маск «Х» ижтимоий тармоғи раҳбари сифатида ўзига қўйилаётган айбловларга жавобан АҚШ Адлия вазирлигининг Халқаро ишлар бошқармаси кўмагидан фойдаланаётганини даъво қилмоқда. Бироқ Беко хоним АҚШ томони Париж билан ҳамкорлик қилишни рад этаётганини ва Маск назарда тутган расмий хат ҳали Франция расмийларига етиб келмаганини билдирди.

Жорий йилнинг май ойи бошида Франция прокуратураси судялардан «X.AI Holdings Corp.», «X Corp.» ва «xAI» компаниялари, шунингдек, Илон Маск ва «Х» компаниясининг собиқ бош ижрочи директори Линда Яккаринога нисбатан расмий тергов бошлашни ва уларни кўрсатма бериш учун чақиришни сўраган эди.

Миллиардерга қарши қўйилаётган айбловлар қаторига вояга етмаганларнинг жинсий характеридаги тасвирларини сақлаш ва тарқатишда шериклик, шахсий маълумотларни қайта ишлаш қоидаларини бузиш, дипфейклар тарқатиш ҳамда «Grok» нейросети томонидан инсониятга қарши жиноятларни инкор этувчи маълумотлар яратилиши кабилар киради.

Франция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «Х» платформасига нисбатан дастлабки тергов ҳаракатларини 2025 йилнинг феврал ойида бошлаган эди. Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг феврал ойида «Х» компаниясининг Париж офисида тинтувлар ўтказилган бўлиб, Маск буни «сиёсий ҳужум» деб атаган. Прокуратура Маск ва Яккаринони 20 апрель куни сўроққа чақирган, бироқ миллиардер терговга келишдан бош тортган.

Teglar

Mavzuga oid