Электр ва газ тарифлари ошиши ортидан компенсациялар ҳам кўпайтирилди

Bugun 18:252 daqiqa

1-июндан электр ва газ учун янги тарифлар кучга кириши билан эҳтиёжманд оилаларга ажратиладиган давлат компенсациялари миқдори оширилади.

Электр ва газ тарифлари ошиши ортидан компенсациялар ҳам кўпайтирилди © googleapis

Эҳтиёжманд оилаларга газ ва электр учун компенсация тўловлари давом эттирилади. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
 
Маълумки, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025-йил 2-апрелдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида эҳтиёжманд оилаларга ҳар ойда истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан компенсация тўловлари тўлаб берилиши белгиланган. 
Компенсация миқдори:

*Электр энергияси учун – ойига базавий меъёр (200 кВт·соат) ошган қисмдан кейин 150 кВт·соатгача;
*Табиий газ учун – қиш ойларида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача, бошқа ойларда эса 150 куб метргача бўлган қисми учун компенсация берилади.

Компенсация миқдори ҳам оширилди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 15-майдаги 243-сон қарорига кўра, 2026-йил 1-июндан электр энергияси ва табиий газ янги тарифлари жорий этилиши муносабати билан эҳтиёжманд оилалар учун ажратиладиган компенсация миқдорлари ҳам оширилади.

Янги тартибга мувофиқ:

*Электр энергияси учун базавий меъёрдан ошган 150 кВт·соатгача бериладиган компенсация 30 минг сўмдан 37,5 минг сўмга;

*Табиий газ учун иситиш мавсумида базавий меъёрдан ошган 250 куб метргача компенсация 200 минг сўмдан 225 минг сўмга;

*Бошқа мавсумларда базавий меъёрдан ошган 150 куб метрга компенсация 120 минг сўмдан 135 минг сўмга оширилади.
 
Билдирилишича, компенсация олиш учун маҳалладаги ижтимоий ходимга, тумандаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига ёки Агентликнинг «1140» call-марказига мурожаат қилиш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid