Ўзбекистонликлар йўл ҳақи учун энг кўп қайси банк картасидан фойдаланмоқда?
Ўзбекистонда жамоат транспортларида банк карталари орқали тўловлар 58 фоизга ошиб, 49,7 млн транзаксияга етди.
© vaqt.uz2026-йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда жамоат транспортида электрон тўловлардан фойдаланиш кескин ошди. Банк карталари орқали тўловлар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда, айрим банклар ушбу сегментда бозор улушини сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлди, деб хабар бермоқда АТТО тўлов тизими ахборот хизмати.
Маълумотларга кўра, «Uzum bank» республика бўйича 19,8 фоиз улуш билан транспорт тўловлари бозорининг мутлақ етакчисига айланган. Бунда банк томонидан жамоат транспорти учун карта орқали тўловларда тақдим этилаётган чегирма ва бонуслар аҳоли орасида ушбу карталар оммалашишига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Шунингдек, «Uzum bank» карталари республиканинг кўплаб вилоятларида ҳам пешқадамлик қилмоқда.

Иккинчи ўринни «Ipoteka bank» эгаллаб, унинг улуши 12,5 фоизни ташкил қилди. «Ipak Yuli Bank» эса 11,4 фоизлик кўрсаткич билан кучли ўсиш намойиш этди. Айниқса, Фарғона вилоятида банкнинг бозор улуши 38,6 фоизга етгани қайд этилмоқда. Шунингдек, Наманган ва Самарқандда ҳам банкнинг позициялари мустаҳкамланган.
Рейтингда кейинги ўринларни «Xalq banki» 8,8 фоиз, «Milliy bank» 6,6 фоиз ва «Agrobank» 4,8 фоиз улуш билан эгаллади. «Agrobank» айниқса Жиззах вилоятида юқори фаоллик кўрсатган.
Шу билан бирга, «TBC bank» 4,4 фоиз, «Hamkorbank» 4 фоиз, «SQB» 3 фоиз ва «Kapitalbank» 2,6 фоиз улуш билан ТОП-10 рўйхатидан жой олган.







