Ўзбекистонликлар ўқиш учун асосан қайси давлатни танламоқда

Bugun 12:451 daqiqa

2026 йилнинг биринчи чорагида ўқиш мақсадида чет элга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 5,8 минг нафарни ташкил этди.

Ўзбекистонликлар ўқиш учун асосан қайси давлатни танламоқда

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил январ-март ойларида 5 862 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш мақсадида хорижга сафар қилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 минг нафарга ёки 21,2 фоизга кам демакдир.

Ҳисоботда қайд этилишича, чет элда таълим олиш учун энг кўп танланган йўналиш Россия бўлган. Ушбу давлатга 1 241 нафар ўзбекистонлик ўқиш учун йўл олган.

Иккинчи ўринни Жанубий Корея эгаллаган бўлиб, у ерга 1 131 нафар фуқаро таълим олиш мақсадида борган. Кейинги поғонада эса 1 059 нафар талабани қабул қилган Қирғизистон қайд этилган.

Шунингдек, Хитойга 424 нафар, Туркияга 423 нафар ва Тожикистонга 381 нафар ўзбекистонлик ўқиш учун сафар қилган. Буюк Британия эса 292 нафар талаба билан рўйхатдан жой олган.

Статистикага кўра, бошқа давлатларга ўқиш учун кетган Ўзбекистон фуқаролари сони 911 нафарни ташкил этган.

Мутахассислар таъкидлашича, таълим миграциясидаги пасайишга валюта харажатлари, қабул шартларининг ўзгариши ва маҳаллий олий таълим имкониятларининг кенгайиши таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid