Ўзбекистон автомобил бозорига «Volkswagen» кириб келмоқда

Bugun 19:552 daqiqa

Ўзбекистонда «Volkswagen» ишлаб чиқариш, эҳтиёт қисмлар бозори ва миллий муҳандислик мактабини ривожлантириш бўйича янги вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон автомобил бозорига «Volkswagen» кириб келмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва тармоқ рақобатбардошлигини оширишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакат автомобиль бозори кескин ўзгарган, илгари амалда битта ишлаб чиқарувчи устунлик қилган бўлса, ҳозирда «Chevrolet», «BYD», «KIA» ва «Hyundai» каби йирик брендлар билан ҳамкорликда бешта завод фаолият юритмоқда.

Жорий йилда эса «Volkswagen», «Foton» ва «JAC» заводларини ишга тушириш режалаштирилган.

Ҳозирда 300 дан ортиқ корхона «Chevrolet», 40 га яқин корхона эса «KIA» ва «BYD» учун бутловчи қисмлар етказиб бермоқда. Соҳа атрофида янги кооперация занжирлари шаклланиб, 10 мингдан зиёд ёшлар замонавий технологиялар асосида ишламоқда.

Шунингдек, тақдимотда автомобилсозликда ишлаб чиқариш ҳажмини ва банд бўлганлар сонини 1 миллионтага етказиш масалалари кўриб чиқилган.

«Volkswagen» режаси

Тақдимотда «Volkswagen» автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди. Режага кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳрида йирик узелли ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Кейинги босқичда Ангрен эркин иқтисодий зонасида тўлиқ циклли ишлаб чиқариш ташкил қилиниши, маҳаллийлаштириш даражаси оширилиши ва экспорт бозорларига чиқиш кўзда тутилган.

Миллий муҳандислик

Йиғилишда глобал иқтисодий вазият автомобиль саноатига кучли таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шу сабабли технологик мустақиллик, инновациялар ва миллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Бу борада Андижон ва Жиззахда замонавий муҳандислик мактаблари ташкил этилгани, маҳаллий мутахассислар салоҳияти ортиб бораётгани айтилди.

«Шу мақсадда «Ўзавтосаноат» АЖ тизимида Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик фаолияти ривожлантирилиши белгиланди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, эҳтиёт қисмлар бозорини тартибга солиш, маҳаллий маҳсулот улушини кўпайтириш ва халқаро стандартларга мос лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди.

2026 йил якунига қадар халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш вазифаси қўйилган.

Teglar

Mavzuga oid