Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологияларини қўллади

Bugun 09:493 daqiqa

Туркистон шаҳрида сунъий ёғингарчилик чақириш лойиҳасига старт берилди. Технология халқаро экспертлар иштирокида амалга оширилиб, ёмғир миқдорини 10–20 фоизгача ошириши мумкин.

Қозоғистон Марказий Осиёда биринчи бўлиб сунъий ёмғир технологияларини қўллади © RBC

Кеча, 16-май куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ёғингарчиликни сунъий ошириш лойиҳасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Қозоғистон Марказий Осиёда сунъий ёмғир технологияларини амалиётда қўллашга киришган биринчи давлат бўлди, деб хабар қилди Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати. 

Лойиҳа мақсади

«Лойиҳа сув омборларини тўлдириш даражасини ошириш ва мамлакат жанубидаги қишлоқ хўжалиги ҳудудларини сув ресурслари билан таъминлашга қаратилган. Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши 2026-йил 17-майдан бошланади», – дейилади хабарда.

Технология Туркистон вилоятидаги умумий майдони 911 минг гектардан ортиқ экин ерлари учун қурғоқчилик ва сув танқислиги оқибатларини камайтиришга қаратилган.
Вазирлик таъкидлашича, лойиҳа Метеорология миллий маркази билан халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда. Марказ 1980-йиллар охиридан бери об-ҳавони модификация қилиш ва ёғингарчиликни сунъий ошириш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга.
 
Ёмғир миқдорини 10–20 фоизга ошириш
Маросимда Қозоғистон бош вазири ўринбосари — сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев, БМТнинг Жаҳон метеорология ташкилоти президенти ва БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдулла Аҳмад ал Мандус, БААнинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад ал Арики ҳамда Туркистон вилояти ҳокими Нуралхон Кушеров иштирок этди.

«Қозоғистон янги иқлим барқарорлиги тизимини шакллантириш йўлида амалий қадам ташламоқда. Минтақада биринчи марта ёғингарчиликни сунъий ошириш технологиялари соҳасида бундай йирик лойиҳа ишга тушириляпти. Бу биз учун илм-фан, халқаро ҳамкорлик ва рақамли технологияларга асосланган замонавий иқлим инфратузилмасини шакллантиришнинг бошланишидир. Лойиҳа дунёнинг етакчи экспертлари билан биргаликда амалга оширилмоқда ва технологиялар трансфери ҳамда қозоғистонлик мутахассисларни тайёрлаш учун асос яратади», – деди Жаслан Мадиев.

Халқаро баҳолашларга кўра, сунъий ёғингарчилик чақириш технологиялари табиий ҳолатга нисбатан ёмғир миқдорини 10–20 фоизга ошириш имконини беради. Бундай усуллар ҳозирда Хитой, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Франция ва Саудия Арабистонида қўлланилмоқда.
Лойиҳа маҳаллий тарзда – сув ресурсларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудларда, аввало қишлоқ хўжалиги ерларида амалга оширилади. Иш олиб бориладиган ҳудудлар метеорология хизматлари ва давлат органлари мутахассислари билан биргаликда об-ҳаво шароити, экологик вазият ва сув таъминоти эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда танланади.

35 млрд тенгелик иқтисодий самара
Вазирлик маълумотига кўра, технологиянинг таъсир доираси 5 километргача бўлиб, у йирик миқёсдаги об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармайди. Жараёнда халқаро амалиётда қўлланадиган туз асосидаги реагентлар ишлатилади.
Кутилишича, лойиҳа қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш самарадорлигини оширади, қурғоқчиликдан келадиган йўқотишларни камайтиради ва ҳосилдорлик ўсишига хизмат қилади. Потенциал иқтисодий самара йилига 35 миллиард тенгегача баҳоланмоқда.

«Ҳамкорлик доирасида Метеорология миллий маркази мутахассислари Туркистон вилояти ходимларини – метеорологлар, учувчилар, муҳандислар ва соҳавий мутахассисларни об-ҳавони модификация қилиш технологияларига ўқитилмоқда. Шунингдек, технологияни Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш имконияти кўриб чиқилмоқда ва миллий иқлим технологияларини яратиш учун фундаментал база шакллантирилмоқда», – дея қўшимча қилди вазирлик.

Лойиҳани амалга оширишда Қозоғистон сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги, сув ресурслари ва ирригация вазирлиги, ташқи ишлар вазирлиги, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа қатор давлат идоралари иштирок этмоқда.

Teglar

Mavzuga oid