Солиқ тизимида янги ўзгаришлар: ипотека имтиёзлари проактив тартибга ўтади
2027-йилдан қишлоқ хўжалиги ерлари бўйича солиқ автоматик ҳисобланади ва солиқ ҳисоботи топшириш мажбурияти бекор қилинади.
© manba: nalog.gov.ruЎзбекистонда «Солиқ хизмати фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 19-май куни қабул қилинган «Солиқ органлари фаолиятини институсионал жиҳатдан такомиллаштириш ва солиқ маъмуриятчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, 2027-йил 1-январдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича солиқ ваколатли органларнинг солиқ органларига тақдим этган маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилади ва солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг ипотека кредитларини қоплашга йўналтирилган даромадлари бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш проактив тартибда амалга оширилади. Бунда имтиёз қўллаш натижасида юзага келган ортиқча сумма жисмоний шахснинг мурожаатига асосан 10 иш куни ичида қайтарилади.
Ўта йирик солиқ тўловчилар
2027-йилдан 1-январдан аввалги йилнинг 1-июл ҳолатига кетма-кет келадиган охирги 12 ойлик давр бўйича тўланган солиқлар, йиғимлар ва давлат божи, шунингдек, солиқ бўлмаган тўловлари ҳажми БҲМнинг 500 минг бараваридан ортиқ корхоналар ва тижорат банклари ўта йирик солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.
2026/2027 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш мақсадида Солиқ қўмитаси ҳузурида Солиқ олий мактаби ташкил этилади.
2027-йил 1-январдан солиқ соҳасида алоҳида ташаббус кўрсатган, солиқ тизими ривожига ҳисса қўшган шахсларни рағбатлантириш мақсадида «Солиқ хизмати фидойиси» кўкрак нишони таъсис этилади.





