Покистон Саудияни ҳимоя қилиш учун минглаб ҳарбий юборди
Аввалроқ Покистон мудофаа вазири икки давлат ўртасидаги ҳарбий битим Саудия Арабистонини Исломободнинг ядровий «соябони» остига олишига шама қилган эди.

Покистон Саудия Арабистонига 8 минг нафар ҳарбий хизматчи, қирувчи самолётлар эскадриляси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштирди. Бу икки давлат ўртасидаги ўзаро мудофаа пакти доирасида амалга оширилган.
Хабарларга кўра, жойлаштирилган кучлар Саудия ҳудудига эҳтимолий ҳужум юз берган тақдирда тўғридан-тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган. Расмий Исломобод ва Ар-Риёд ҳозирча ушбу маълумотларга изоҳ бермаган.
Маълум қилинишича, Покистон апрел ойида Саудияга Хитой билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган тахминан 16 та «JF-17» қирувчи самолётини юборган. Шунингдек, икки эскадриля дрон ва Хитойнинг «HQ-9» ҳаво мудофаа тизими ҳам жойлаштирилган.
Ҳарбий техника Покистон мутахассислари томонидан бошқарилаётгани, молиялаштириш эса Саудия ҳисобига амалга оширилаётгани айтилмоқда. Манбаларга кўра, зарурат туғилса, қўшимча кучлар ҳам юборилиши мумкин.
Яширин мудофаа пакти
Ўтган йили имзоланган мудофаа келишувининг тўлиқ шартлари махфий сақланмоқда. Бироқ икки давлат ҳам ҳужум ҳолатида бир-бирини ҳимоя қилиш мажбуриятини олганини тасдиқлаган.
Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф аввалроқ ушбу келишув Саудия Арабистонини Покистоннинг ядровий «соябони» остига олишига шама қилган эди. Манбаларга кўра, келишув доирасида Саудия ҳудудига 80 минг нафаргача покистонлик ҳарбий жойлаштириш имконияти ҳам кўзда тутилган.
Шунингдек, келишув денгиз кучларини ҳам қамраб олади. Айрим хавфсизлик манбалари Покистон ҳарбий кемалари ҳам минтақадаги миссияга жалб қилиниши мумкинлигини билдирган.
Эрон уруши омили
«Reuters» агентлиги аввалроқ Эроннинг зарбалари натижасида Саудия Арабистони энергетика инфратузилмасига шикаст етказилганидан сўнг, Покистон самолётлари қиролликка юборилгани ҳақида хабар берган эди.
Кейинчалик Исломобод Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокараларда асосий воситачига айланди. Покистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги ягона тинчлик музокарасига мезбонлик қилди ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришишда иштирок этди. Исломобод мулоқотнинг кейинги босқичларини ҳам режалаштирган бўлса-да, якунда томонлар уларни бекор қилди.





