Зироат Мирзиёева Туркий давлатлар ташкилоти Оила ва хотин-қизлар кенгашининг илк йиғилишида иштирок этди
ТДТнинг 13-саммити доирасида ташкил этилган Оила ва хотин-қизлар кенгаши туркий давлатлар ўртасида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Анқара шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Оила ва хотин-қизлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Биринчи хоними Зироат Мирзиёева иштирок этди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Анқара шаҳрига ташрифи ва ТДТнинг 13-саммити доирасида ташкил этилди.
Кенгаш ҳузуридаги давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларидан иборат Олий фахрий кенгашнинг илк йиғилиши «Ҳамжиҳатликдан институтсионал ҳамкорлик сари: Туркий дунёда оила ва хотин-қизлар» мавзусига бағишланди.
ТДТ доирасида ташкил этилган ушбу Оила ва хотин-қизлар кенгаши туркий давлатлар ўртасида оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Янги ташаббуслар ва муҳим таклифлар
Йиғилиш давомида Зироат Мирзиёева ўз нутқи билан чиқиш қилиб, қизларнинг замонавий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
«Аёлнинг билими ва меҳнати қадрланган, оилада ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик қарор топган муҳит бутун жамиятни мустаҳкамлайди», — деди Биринчи хоним.
Шунингдек, тадбирда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, инклюзив таълимни ривожлантириш ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди. Болалар ва ўсмирлар учун хавфсиз интернет муҳитини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Сўзининг якунида Зироат Мирзиёева йиғилишни ташкил этгани учун Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоғанга ташаккур изҳор этди. Қабул қилинган қарорлар оилалар хотиржамлиги, хотин-қизлар учун янги имкониятлар ва болалар фаровонлигига хизмат қилишига умид билдирилди.





