Logo

«Анорбанк» акциядори ҳам Interpol қидирувига берилди

Bugun 13:107 daqiqa

Олдинроқ Францияда ўғирлангани айтилган Қаҳрамонжон Олимовнинг ўзи одам ўғирлаш ишида айбланаётгани ҳақида маълумот тарқалиб, у сиртдан ҳибсга олинганди. Аммо қидирув хабарномасида унинг Ўзбекистон сўровига биноан қидирувга берилган-берилмагани ҳақида маълумот акс этмаган.

«Анорбанк» акциядори ҳам Interpol қидирувига берилди © Kollaj: Vaqt.uz

Ўзбекистонлик молиячи ва «Анорбанк»нинг асосий акциядорларидан бири Қаҳрамонжон Олимов Interpol қидирувига берилди. Унинг Interpol сайтида «қизил хабарнома» (red notice) карточкаси эълон қилинди.

photo_2026-09-24_13-01-29

Фото: Скриншот Интерпол сайтидан


«Interpol’нинг қизил хабарномаси» (red notice) — шахсни халқаро қидириш ва ҳибсга олиш бўйича халқаро сўровдир. Бунда давлат бошқа мамлакатлардан ушбу шахсни топиш ва вақтинча ҳибсга олишни сўрайди. Шундан сўнг уни экстрадиция қилиш (топшириш) масаласи ҳал этилади.

Ташкилот маълумотларига кўра, Қаҳрамонжон Олимов 1977-йил 7-майда Андижон вилоятида туғилган. У ўзбек, рус ва инглиз тилларини билади.

Interpol саҳифасида Олимовнинг Ўзбекистон сўровига биноан қидирувга берилган-берилмагани ҳақида маълумот акс этмаган. Шунингдек, унинг айнан қайси жиноят бўйича изланаётгани ҳам қайд этилмаган.

Одам ўғирлаш иши

Олимов 2025-йилнинг ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солингани даъво қилинган эди. Бироқ эндиликда унинг ўзи мазкур одам ўғирлаш жиноятини ташкил этганликда айбланмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Олимов Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олинган ва унга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Бу ҳақда нашрга Олимовга яқин манба хабар берган.

«The Insider»нинг таъкидлашича, мазкур иш юзасидан расмий маълумотлар ҳозирча очиқланмаган. Нашр манбасига кўра, Олимов Франциядаги ўғирланиш ҳолатини ўзи саҳналаштирган бўлиши мумкин. Бундан кўзланган асосий мақсад эса — жиноят ташкилотчиси сифатида ўзининг собиқ иш берувчиси ҳамда иқтисодий низолардаги рақиби Ботир Раҳимовни кўрсатиш бўлган.

Олимов ва Раҳимов ўртасидаги келишмовчилик бизнес активлари устида келиб чиққан. «The Insider» нашрининг ёзишича, Раҳимов собиқ ходимидан 200 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилиб, уни ўзига тегишли бизнес активларини ўзлаштириб юборганликда айблаган.

Париждаги ўғирлик

Олимов 2025-йилнинг ёзида Париж марказида ўғирлаб кетилганини билдирган эди. Унинг даъво қилишича, жиноятчилар уни дастлаб номаълум манзилга, кейинчалик Ницца шаҳри яқинидаги виллага олиб борган. У ерда уни калтаклашгани, турли қийноқларга солишгани ва 10 миллион доллар талаб қилишганини айтган.

Олимовнинг сўзларига кўра, у 5 миллион долларлик тилхатни имзолаб, 200 минг доллар тўлашга розилик бергач, озод қилинган. Шундан сўнг у Парижга қайтиб, полицияга ариза билан мурожаат қилган.

Бироқ 2025 йилнинг ноябр ойида «The Insider» ҳамда Франциянинг «L’Express» нашрлари томонидан ўтказилган қўшма суриштирув давомида Олимовнинг важларига зид келувчи қатор шубҳали ҳолатлар аниқланган.

Жумладан, Олимов тутқунликда сақланганини айтган вилла аслида унинг яқин ҳамкорининг ҳужжатларидан фойдаланилган ҳолда, воситачи орқали ижарага олингани маълум бўлган. Бундан ташқари, Олимов озод қилингач, Парижга қайтиши учун сотиб олинган биринчи класс авичипта пули айнан у одам ўғирлашда айблаган шахс — М. нинг ҳайдовчиси томонидан тўлангани айтилмоқда.

Энг эътиборли жиҳатлардан бири шундаки, Олимов полицияга мурожаат қилганидан кейин ҳам гумондор М. билан дўстона ёзишишни давом эттирган. М. полиция бу воқеа саҳналаштирилганини фаҳмлагани ёки йўқлигини сўраган, аммо Олимов бу саволни жавобсиз қолдирган.

«The Insider» нашрининг ёзишича, бир неча кун ўтгач, Олимов М. га улар ўртасида ҳеч қандай адоват йўқлигини билдириб, унинг ҳибсга олинмаганидан хурсанд эканини ёзган.

Олимовни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни эса даъво қилинган қийноқлардан саккиз кун ўтиб амалга оширилган. Кўрик хулосасида унда фақат келиб чиқиши номаълум бўлган енгил кўкариш ва тирналишлар борлиги қайд этилган.

Раҳимов билан низо қаердан келиб чиққан?

«The Insider» нашри маълумотларига кўра, Олимов ва унинг собиқ иш берувчиси Ботир Раҳимов ўртасида бир неча йилдан буён давом этиб келаётган молиявий можаро мавжуд бўлган.

Раҳимов 2016-йилда Ўзбекистондан Туркияга кетганидан сўнг унинг бизнесининг катта қисми Олимов бошқарувига ўтган. Кейинчалик Раҳимов бу келишувни ўзи учун жуда ноқулай деб топган. Ўзбекистонга қайтгач эса келишув шартларини қайта кўриб чиқишни талаб қилган ва Олимовдан 200 миллион доллардан ортиқ маблағ талаб қилган.

«The Insider»нинг қайд этишича, айнан мана шу йирик молиявий низолар фонида 2025-йилнинг ёзида Олимовнинг ўғирлаб кетилгани билан боғлиқ шубҳали ҳикоя пайдо бўлган.

Ишнинг бир учи электр станцияси лойиҳасига ҳам бориб тақалади

«The Insider» нашри ўз суриштирувида Олимов билан боғлиқ яна бир йирик лойиҳа — Сурхондарё вилоятидаги буғ-газ электр станцияси ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

Қиймати қарийб 1,2 миллиард доллар бўлган ушбу лойиҳа дастлаб Нидерландиянинг «Stone City Energy B.V.» компанияси орқали амалга оширилган бўлиб, унинг 2019-йилда таъсис этилганидан то 2024-йил мартигача ягона якуний бенефициари Олимов бўлган.

Кейинчалик ўтказилган қайта тузиш жараёнидан сўнг ҳам, унинг лойиҳадаги иқтисодий улуши «QuWatt B.V.» орқали сақланиб қолган.

Бугунги кунда ҳам «QuWatt B.V.» тўлиқ Олимовнинг назорати остида фаолият юритади ва у «SCE-Quvvat LLC» лойиҳа компанияси таъсисчилари қаторига киради. Ушбу лойиҳада унинг шериклари сифатида «EDF», «Siemens Energy» ҳамда Қатарнинг «Nebras Power» каби йирик халқаро компаниялари қатнашмоқда.

Президент лойиҳани танқид қилган

2026-йил 27-июл куни президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги электр станцияси лойиҳасининг амалга оширилишини танқид қилган.

Президент станция учун жой нотўғри танлангани, шу сабабли унга газ олиб боришнинг ўзи қўшимча 300 миллион доллар харажат талаб қилиши мумкинлигини айтган. У, шунингдек, инвестор билан келишув шартлари етарлича синчиклаб ўрганилмаганини билдирган.

«Худди шу йиғилишда Мирзиёев соҳадаги жиддий камчиликлар сабабли энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовни ишдан бўшатди. Икки кундан сўнг Мирзамаҳмудов қўлга олинди ва 30-июл куни суд уни қамоққа олишга ҳукм қилди. Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ҳуқуқ-тартибот идораларидаги бир нечта мустақил манбаларига таяниб хабар беришича, собиқ вазир мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва маблағларни ўзлаштиришда гумон қилинмоқда», — дейилади «The Insider» материалида.

«Акциядорнинг шахсий масалаларини банк фаолияти билан аралаштириш нотўғри» — «Anorbank» расмий муносабати

Бу хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиши ортидан «Anorbank» ҳам вазият юзасидан расмий баёнот берди. Банк акциядорлардан бирининг шахсий масалалари унинг капитали, бошқаруви ва операцион фаолиятига алоқадор эмаслигини таъкидлади.

«Anorbank»нинг маълум қилишича, ушбу масала бўйича банкка ҳеч қандай расмий тасдиқ ёки сўров келиб тушмаган. Турли манбаларда тарқалаётган маълумотлар эса ваколатли органлар томонидан тасдиқланмаган.

Банк ҳозирда одатдаги иш тартибида фаолият юритаётганини, барча банк операциялари, мижозларга хизмат кўрсатиш ҳамда мижозлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлари белгиланган тартибда бажарилаётганини билдирди.

Anorbank мижозлар ва жамоатчиликни текширилмаган ҳамда аноним манбалар тарқатаётган маълумотларга танқидий ёндашиб, фақат расмий манбалар томонидан тасдиқланган ахборотга таянишга чақирди.

«Ҳаммаси жойида» — Марказий банк изоҳи

Марказий банк «X» платформасида сўровларга изоҳ қолдириб, «Anorbank» одатдаги тартибда фаолият юритаётганини маълум қилди.

 «Ҳаммаси жойида. «Anorbank» одатдаги тартибда ишламоқда: омонат, кредит, тўлов ва бошқа хизматлар узлуксиз давом этмоқда», — дейилади Марказий банк изоҳида.

Регуляторнинг таъкидлашича, алоҳида акциядор билан боғлиқ ҳолат банкнинг кундалик операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигини бевосита белгиламайди.

«Банк мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажариб, фаолиятининг узлуксизлигини таъминламоқда», — дея қайд этган Марказий банк.

«Anorbank»нинг молиявий кўрсаткичлари қандай?

2026-йил 1-сентябр ҳолатига кўра, «Anorbank»нинг активлари 21,4 трлн сўм, мажбуриятлари эса 19,8 трлн сўмни ташкил этган.

Банкнинг ликвидлик кўрсаткичлари Марказий банк томонидан белгиланган минимал талаблардан юқори бўлган. Жумладан, юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши 16,9 фоизни ташкил этган, минимал талаб эса 10 фоиз этиб белгиланган.

Шунингдек, ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) 128 фоизни ташкил этган. Ҳар икки кўрсаткич бўйича минимал талаб 100 фоизга тенг.

Банкнинг регулятив капитал монандлиги коэффициенти 13 фоиз бўлган. Бу ҳам белгиланган 12 фоизлик минимал талабдан юқори.

Бундан ташқари, Марказий банкнинг банк тизими бўйича таққослама маълумотларига кўра, 2026-йил 1-август ҳолатида «Anorbank» активлари 20,2 трлн сўмни ташкил этган. Активлар ҳажми бўйича банк бир йил ичида тизимдаги банклар орасида 17-ўриндан 14-ўринга кўтарилган.

Шу даврда банкнинг депозит портфели 16,2 трлн сўмга етиб, бир йил ичида 44 фоизга ошган. Банк тизими бўйича депозитларнинг ўртача ўсиши эса 34 фоизни ташкил этган. Депозит портфели ҳажми бўйича «Anorbank» 13-ўриндан 12-ўринга, давлат улуши бўлмаган банклар орасида эса 6-ўриндан 5-ўринга кўтарилган. Умуман олганда, келтирилган кўрсаткичлар «Anorbank»нинг ликвидлиги, капитали ва депозит базаси бўйича ижобий динамикага эга эканини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркор Мўминжон Йўлдошев Ўзбекистон сўровига кўра халқаро қидирувга берилганди. У 2023-йилда хусусий «Madad Invest Bank» акцияларига эгалик қилган, бироқ ҳозирда унинг номи банк акциядорлари рўйхатида кўрсатилмаган.

Teglar

Mavzuga oid