Logo

АҚШ Марказий Осиё киберхавфсизлиги учун пул ажратди

Ажратилган маблағ киберхавфсизлик бўйича асосий кўникмаларни яхшилаш, киберхужумларга тезкор жавоб бериш имкониятларини кучайтириш, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, молия секторининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва киберхавфсизлик бўйича сиёсатни ривожлантиришга йўналтирилади.

АҚШ Марказий Осиё киберхавфсизлиги учун пул ажратди © iStock

АҚШ Марказий Осиё давлатларига киберхавфсизлик ва рақамли соҳани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 5 миллион доллар ажратди. Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича вазифасини бажарувчи ёрдамчи котиби ўринбосари Марк Кемерон бу ҳақда Остонада бўлиб ўтган «C5+1 Super Intelligence» конференциясида маълум қилди.

Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва АҚШ вакиллари иштирок этмоқда. Конференцияда нейрон тармоқлар, рақамли инфратузилма ва маълумотлар марказларини ривожлантириш, киберхавфсизликни кучайтириш ҳамда АҚШ технология компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Кемероннинг сўзларига кўра, АҚШ ёрдами CRDF Global орқали амалга оширилади. Ажратилган маблағ киберхавфсизлик бўйича асосий кўникмаларни яхшилаш, киберхужумларга тезкор жавоб бериш имкониятларини кучайтириш, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, молия секторининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва киберхавфсизлик бўйича сиёсатни ривожлантиришга йўналтирилади.

Кемероннинг таъкидлашича, бу ишлар АҚШнинг Марказий Осиё учун янада хавфсиз рақамли келажакни яратишга қаратилган кенгроқ саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.

Конференцияда, шунингдек, IT-стартапларни қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллект бўйича тадқиқот ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик, рақамли хизматларни ривожлантириш, телекоммуникация инфратузилмаси ва маълумотлар марказларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Остонадаги ушбу тадбир ўтган йил ноябрь ойида Вашингтонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида бўлиб ўтган C5+1 саммитида эришилган келишувлардан кейин ташкил этилди.

Конференцияда сунъий интеллект соҳасида ишлатиладиган атамаларга ҳам эътибор қаратилмоқда. 22-сентябр куни Трамп БМТ Бош Ассамблеясidagi нутқида «сунъий интеллект» (artificial intelligence) ўрнига «супер интеллект» (super intelligence) атамасидан фойдаланмоқчи эканини айтди.

«Associated Press» хабарига кўра, 24-сентябр куни АҚШ Давлат департаменти Халқаро ташкилотлар масалалари бюросидаги америкалик дипломатларига расмий мулоқотларда «сунъий интеллект» ўрнига «супер интеллект» атамасидан фойдаланиш бўйича кўрсатма берган.

C5+1 формати Марказий Осиёнинг беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон — ҳамда АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутади. АҚШ ҳукумати C5+1 форматини барча беш Марказий Осиё давлати ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилиш ва мулоқот олиб бориш платформаси сифатида таърифлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп томонидан Эронга қарши бошланган «Иқтисодий қувғинди» кампанияси Марказий Осиё давлатларини оғир танлов қаршисида қолдирганди.

Teglar

Mavzuga oid