МДҲнинг қайси давлатларида ишсизлик даражаси энг юқори?
2024–2025-йилларда МДҲ мамлакатларида ишсизлик даражаси 3,4 фоиздан 3,1 фоизга тушган. Бунда барча давлатларда ишсизлик кўрсаткичи 0,1 фоиздан 0,7 фоизгача камайган. Энг катта ўзгариш Ўзбекистон ва Қирғизистонда кузатилган.
© ShutterstockМустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) мамлакатларида меҳнат бозорида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда: ишсизлик даражаси пасайиб бормоқда. Ҳамдўстликнинг барча давлатлари аъзо бўлган Умумий касаба уюшмалари конфедерацияси маълумотларига кўра, 2024–2025-йилларда МДҲ мамлакатларида ишсизлик даражаси 3,4 фоиздан 3,1 фоизга тушган. Бунда барча давлатларда ишсизлик кўрсаткичи 0,1 фоиздан 0,7 фоизгача камайган.
Ишсизлик даражаси қандай ўзгарди?
Сўнгги беш йиллик маълумотлар ҳам минтақа давлатларининг аксариятида ишсизлик даражаси изчил пасайганини кўрсатади. Энг катта ўзгариш Ўзбекистон ва Қирғизистонда кузатилган.

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси беш йил ичида икки баравардан кўпроқ камайиб, 10,5 фоиздан 4,8 фоизга тушган. Бу МДҲ мамлакатлари орасидаги энг катта пасайиш ҳисобланади. Қирғизистонда эса ушбу кўрсаткич 5,8 фоиздан 3,2 фоизгача камайган.
Россия ва Беларус ишсизлик даражаси энг паст давлатлар қаторида қолмоқда. Россияда ишсизлик 2020-йилдаги 5,8 фоиздан 2025-йилда 2,2 фоизга, Беларусда эса 4 фоиздан 2,5 фоизга тушган.
Кавказорти давлатларида эса вазият мураккаброқ. Арманистонда ишсизлик даражаси энг юқори бўлиб, 12,8 фоизни ташкил этган. Озарбойжонда бу кўрсаткич 5,2 фоизга тенг.
Қозоғистонда ишсизлик секин пасаймоқда
Қозоғистонда ишсизликнинг пасайиш суръати бошқа давлатларга нисбатан секинроқ бўлган. 2020-йилда 4,9 фоизни ташкил этган кўрсаткич ўтган йил якунида 4,6 фоизга тушган. Бунда 2020–2022-йилларда ишсизлик даражаси деярли ўзгармаган.
Мамлакат ҳудудлари кесимида ҳам иш билан таъминлаш муаммоси сақланиб қолмоқда. Масалан, ўтган йили Манғистау вилоятида ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этган. Павлодар ва Атирау вилоятларида эса бу кўрсаткич 4,9 фоиз бўлган.
Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ташкил топган давлатларда ишсизлик масаласи муҳим ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Чунки бу ҳолат жамиятнинг катта қисми манфаатларига дахл қилади.
2026-йилнинг биринчи ярмида МДҲ мамлакатларида ишсизлар сони жами 3,8 миллион кишини ташкил этган.
Умумий касаба уюшмалари конфедерациясининг ҳисоботларида шу йилнинг июн ойида миллий бандлик хизматларида расман ишсиз сифатида рўйхатга олинган фуқаролар сони ҳам таққосланган. Уларнинг умумий сони 1 миллион кишидан ошган.
Манба маълумотларига кўра, бундай фуқаролар энг кўп Қозоғистонда қайд этилган. Июн ойида мамлакатнинг бандлик хизматларида 333,1 минг киши ишсиз сифатида рўйхатда турган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 0,5 фоизга кам.

Ишсизлар сони бўйича кейинги ўринда Россия қайд этилган. 2026-йилнинг июн ойида мамлакатнинг бандлик хизматларида 300,6 минг киши расман ишсиз деб ҳисобланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,9 фоизга кўп.
Ишсизлар сони энг кўп бўлган учинчи давлат Озарбойжон бўлган. У ерда 248,5 минг киши ишсиз сифатида рўйхатга олинган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 8,5 фоизга юқори.
Шу билан бирга, МДҲнинг учта давлатида расман ишсиз сифатида рўйхатга олинганлар сони бир йил ичида сезиларли камайган.
Жумладан, Арманистонда бундай фуқаролар сони қарийб 35 фоизга камайиб, 23,9 минг кишини ташкил этган. Қирғизистонда эса ишсизлар сони 16,8 фоизга қисқариб, 37,9 минг кишига тушган.
Беларус бандлик хизматларида расман ишсиз сифатида рўйхатга олинганлар энг кам бўлган давлат ҳисобланади. Июн ойида у ерда атиги 3 мингга яқин киши ишсиз сифатида қайд этилган.
Шуни таъкидлаш керакки, расман ишсиз деб рўйхатга олинганлар сони билан умуман ишламаётган фуқаролар сони бир хил эмас. Чунки иши бўлмаган ҳар бир киши расман ишсиз ҳисобланмайди. Бу мақомни олиш учун фуқаро давлатнинг бандлик хизматида рўйхатдан ўтиши керак. Бу фарқ жуда муҳим. Сабаби кўпчилик давлатларда фақат расман ишсиз мақомига эга бўлган фуқаролар ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга.
Ишсизлар қанча нафақа олади?
Умумий касаба уюшмалари конфедерациясининг 2026-йилнинг июн ойи маълумотлари МДҲ давлатларида ишсизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими бир-биридан анча фарқ қилишини кўрсатади.
Ҳамдўстлик мамлакатларининг аксариятида расман ишсиз сифатида рўйхатга олинганларнинг фақат кичик қисми нафақа олади. Бу борада Россия биринчи ўринда туради. 2026-йилнинг июн ойида мамлакатда расман ишсиз сифатида рўйхатда турганларнинг 77,4 фоизига нафақа тайинланган.
Иккинчи ўринда Молдова бўлиб, у ерда бу кўрсаткич 51,1 фоизни ташкил этган. Бошқа давлатларда эса вазият анча фарқ қилади. Озарбойжонда расман ишсиз сифатида рўйхатга олинганларнинг 2,2 фоизи, Тожикистонда 3,5 фоизи, Қирғизистонда эса атиги 0,1 фоизи нафақа олган.
Қозоғистон бўйича маълумотлар келтирилмаган. Бу мамлакатда ижтимоий тўловларни тайинлаш тартиби бошқача экани билан изоҳланади. Қозоғистонда ишсизлик нафақасини фақат ишини йўқотгани сабабли тегишли мақомни олган фуқаролар олиши мумкин. Бунинг учун улар мажбурий ижтимоий суғурта тизимида иштирок этган ва бандлик хизматида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши керак.
Нафақа миқдори фуқаронинг ижтимоий суғурта тизимида қанча вақт иштирок этгани ва охирги иш ҳақига қараб белгиланади. 2026-йилда энг кам тўлов 26,8 минг тенге (59,1 доллар), энг юқори тўлов эса 348,1 минг тенге (768,4 доллар) бўлган.
Россияда ҳам ишсизлик нафақаси миқдори бир нечта омилга боғлиқ. Жумладан, фуқаронинг меҳнат стажи, аввалги иш ҳақи, ишдан бўшаш сабаби, яшаш ҳудуди ва ёши ҳисобга олинади. Жорий йилнинг 1-февралидан Россияда ишсизлик нафақасининг энг кам миқдори 25,3 доллар, энг юқори миқдори эса 216,1 доллар қилиб белгиланган.

Қолган давлатлар бўйича ўртача нафақа миқдори келтирилган. Энг юқори кўрсаткич Молдова ва Озарбойжонда қайд этилган. Молдовада ўртача нафақа 281,8 доллар, Озарбойжонда эса 249,9 долларни ташкил этган. Энг кам нафақа Беларусда қайд этилган — ўртача 11,6 доллар. Бу эса ишсизларга бериладиган ижтимоий тўловнинг амалда жуда кичик миқдорда эканини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёда 2026-йилда қаерда иш топиш қийин ва қаерда осонлиги ҳақида ёзган эдик.





