Logo

АҚШ суди ўзбекистонликларга виза бериш бўйича чекловни бекор қилди

Bugun 09:582 daqiqa

Январ ойида жорий этилган чекловлар Россия ва бошқа МДҲ давлатларига ҳам таъсир қилган. Судянинг айтишича, Марко Рубио жорий этган тартиб «очиқчасига ноқонуний» бўлган ва иммиграция қонунчилигига зид келган.

АҚШ суди ўзбекистонликларга виза бериш бўйича чекловни бекор қилди © Reuters

АҚШнинг Ню-Йорк штатидаги федерал суди Доналд Трамп маъмурияти томонидан 75 давлат фуқароларига иммиграцион виза беришни тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарорни ноқонуний деб топди ва бекор қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Қарорни 21-август куни Ню-Йорк жанубий округи судяси Жанетт Варгас чиқарди. Судя Давлат департаменти жорий қилган ушбу сиёсат қонунга зид эканини ва АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг ваколатидан ошиб кетганини билдирди.

Варгаснинг сўзларига кўра, иммиграцион визалар берилишини тўхтатиш бўйича жорий этилган тартиб «очиқчасига ноқонуний» бўлган ва АҚШ иммиграция қонунчилигига зид келган. Унинг таъкидлашича, визаларни фақат аризачининг фуқаролигига асосланиб беришни тақиқлаш иммиграцион визаларни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш талабларига зид.

Чекловлар 2026-йил 21-январдан кучга кирган эди. АҚШ Давлат департаменти рўйхатга киритилган давлатлар фуқароларига иммиграцион виза беришни, ҳатто уларнинг ҳужжатлари консуллик ходимлари томонидан алоҳида кўриб чиқилган ва бошқа талаблар бажарилган бўлса ҳам, тўхтатиб қўйган эди. Ушбу рўйхатда Ўзбекистон ҳам бор эди.

АҚШ ҳукумати бу чорани иммиграция жараёнидаги текширувларни кучайтириш ва иммигрантларнинг келажакда давлат нафақаларига қарам бўлиб қолиш хавфини камайтириш зарурати билан изоҳлаган.

Бироқ АҚШ қонунчилигига кўра, шахснинг «давлатга қарам бўлиб қолиш эҳтимоли» ҳар бир ҳолатда алоҳида баҳоланиши керак. Бунда инсоннинг ёши, соғлиги, оилавий аҳволи, молиявий ҳолати, маълумоти ва касбий кўникмалари каби омиллар ҳисобга олинади.

Судя Варгаснинг хулосасига кўра, Давлат департаменти амалда фуқароларнинг миллатига қараб иммиграцион виза беришни тақиқлаган. Ҳолбуки, қонун давлат котибига консуллик ходимларининг виза бериш бўйича қарорларига шу тарзда аралашиш ваколатини бермайди.

Бундан ташқари, АҚШ қонунчилигида иммиграцион визалар беришда шахснинг миллати, туғилган жойи ёки яшаш жойига қараб камситиш тақиқланган.

Суд қарорида 75 та давлатга нисбатан жорий қилинган ушбу сиёсат тўлиқ бекор қилинди. Шунингдек, агар визадан воз кечиш қарори фақат шу сиёсатга асосланган бўлса, бундай ишлар ҳам қайта кўриб чиқилиши кераклиги белгиланди. Бироқ бошқа қонуний сабабларга кўра рад этилган визалар ушбу қарор билан автоматик равишда қайта кўриб чиқилмайди.

Ўзбекистондан ташқари чекловлар, хусусан, Бразилия, Колумбия, Уругвай, Босния, Албания, Покистон ва Бангладеш фуқароларига, шунингдек Африка, Яқин Шарқ ва Кариб ҳавзасидаги бир қатор давлатлар фуқароларига таъсир қилган. Шунингдек, МДҲ давлатлари — Россия, Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова ҳам ушбу чоралар доирасига киритилган. 2025-йилда АҚШ Давлат департаменти 100 мингдан ортиқ хорижий визани бекор қилган, жумладан қарийб 8 мингта талаба визасини. Бу 2024-йилда Жо Байден маъмурияти давридаги кўрсаткичдан икки баравардан ҳам кўп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп «туғуруқ туризми»ни тақиқлаб, туғилиш орқали АҚШ фуқаролигини олишни чеклаганди.

Teglar

Mavzuga oid