Араб монархлари Трампдан чарчаган
Доналд Трампнинг Эронга нисбатан олиб бораётган тартибсиз ва башорат қилиб бўлмайдиган сиёсати Форс кўрфазидаги араб иттифоқчиларининг сабрини синамоқда.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги тинчлик музокаралари учун белгиланган икки ойлик муддат 17 август куни ниҳоясига етди. Бироқ Вашингтон ҳам, Теҳрон ҳам урушни якунлаш бўйича биронта аниқ режа тақдим эта олмади.
Июн ойида имзоланган меморандумда АҚШ ва Эрон музокаралар давомида «кўпи билан 60 кун ичида якуний келишувга эришиш» мажбуриятини олган эди. Шу билан бирга, томонлар белгиланган вақтга улгурмаслик эҳтимолини ҳам ҳисобга олиб, муддатни ўзаро розилик асосида узайтириш имкониятини қолдирганди. Лекин ҳозирча америкаликлар ҳам, эронликлар ҳам бу муддатни чўзишга тайёр эканини тасдиқламади.
Дастлабки режага кўра, томонлар июл ва август ойлари давомида икки асосий масала — Эроннинг ядровий дастури ҳамда Теҳронга қарши жорий этилган санкциялар бўйича муросага келиши лозим эди.
Бироқ томонларнинг ҳеч бири 60 кунлик сулҳ шартларига қатъий амал қилмади. Эрон дастлабки кунларданоқ Ҳўрмуз бўғози қамалини қайта тиклаб, савдо кемаларига ҳужум қилишни давом эттирди. Бунга жавобан АҚШ Эрон объектларига шиддатли зарбалар беришни тўхтатмади. Теҳрон эса Америка ҳарбий базалари жойлашган қўшни давлатлар ҳудудига ракета ва дронлар учирди.
Энди дипломатик алоқаларни сақлаб қолиш масъулияти Уммоннинг зиммасига тушмоқда. Бу мамлакат кемаларнинг Ҳўрмуз бўғози орқали ўтиш тартибини белгилаш бўйича Эрон билан музокаралар олиб бормоқда. Агар Теҳрон ва Маскат ўзаро келишиб олса, бу дунёдаги энг муҳим стратегик бўғозлардан бирини қамалдан чиқаришга ёрдам беради ҳамда ядровий битим бўйича музокараларга йўл очади.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоий 14 август куни Теҳрон Уммон билан «транзит йўналишлари харитаси»ни келишиб олганини, бироқ якуний битим ҳали тайёр эмаслигини маълум қилди. Дипломатнинг сўзларига кўра, баъзи кучлар минтақанинг «доимий низо ва беқарорлик гирдобида қолишини» истамоқда. Бағоий бу айнан қайси кучлар эканига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, АҚШ президенти Доналд Трамп агар Вашингтоннинг Ҳўрмуздаги ҳаракатларига халақит берса, Уммонни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилди.
Ваҳоланки, ушбу султонлик АҚШнинг минтақадаги энг асосий ва эски иттифоқчиларидан бири бўлиб, Вашингтон ҳамда Теҳрон ўртасидаги низода қатъий бетарафлик позициясини эгаллаб келмоқда. Шу сабабли ҳам Уммон «Яқин Шарқ Швейсарияси» деб аталади.
Форс кўрфази давлатларининг сабри тугамоқда
Трампнинг Эронга нисбатан олиб бораётган сиёсати унинг араб қўшниларини жиддий безовта қилмоқда. «The Washington Post» (WP) нашрига кўра, Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Кувайт ва Баҳрайн АҚШнинг музокараларга ёндашувидан кескин норози. Шу боис улар ўз ҳудудидаги Америка ҳарбий базаларини ёпиш масаласини жиддий муҳокама қилмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги низо бошлангандан буён иттифоқчиларнинг АҚШга бўлган ишончи сезиларли даражада сусайган. Улар америкаликларнинг минтақадаги хатти-ҳаракатлари хавфсизликни таъминлаш ўрнига, аксинча, вазиятни янада қалтислаштирмоқда, деб ҳисобламоқда.
«Eurasia Group» таҳлил марказининг Яқин Шарқ бўйича директори Фирас Мақсаднинг WP нашрига маълум қилишича, бу норозилик ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Кўрфаздаги иттифоқчилар Трампнинг ўзи охирига етказа олмаётган урушга «бекорга тортилгандек» ҳис қилмоқда. Унинг Эронга нисбатан олиб бораётган сиёсатини эса «тартибсиз» ва «башорат қилиб бўлмайдиган» деб баҳолашмоқда.
«Урушни Трамп бошлади, бадалини эса биз тўлаяпмиз», — дейди Кўрфаз давлатлари мулозимларидан бири нашрга берган аноним интервюсида.
Унинг сўзларига кўра, август ойига келиб АҚШдан норозилик ўзининг энг юқори чўққисига чиққан. Газетанинг ёзишича, Эроннинг иттифоқчиси бўлган Яман ҳусийчиларининг Саудия энергетика объектлари ва Қизил денгиздаги кемаларига берган зарбалари вазиятни янада кескинлаштирган.
Ҳусийчилар 9 август куни Қизил денгиз соҳилида жойлашган Саудиянинг «Жазон» нефтни қайта ишлаш заводига ракета зарбаларини йўллади. Кунига ўртача 400 минг баррел хом нефтни қайта ишлайдиган ушбу завод ўз фаолиятини бутунлай тўхтатди. 17 август куни эса ҳаракат аъзолари Боб ал-Мандаб бўғозида Саудия кемасига ҳужум қилди.
Боб ал-Мандаб бўғози Саудия Арабистони учун ўта муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, Эрон Ҳўрмуз бўғозини тўсиб қўйганидан бери Ар-Риёз нефтни айнан Қизил денгиз портлари орқали экспорт қилмоқда. WP нашри қайд этишича, Саудия Арабистони орадан олти ой ўтса-да, Трампнинг Эрон билан на келиша олганидан, на минтақадаги эронпараст кучлар таҳдидини бартараф эта олганидан норози.
Бироқ АҚШ президентининг янграётган таҳдидлари амалда кўпинча ўз тасдиғини топмаяпти. Ҳатто Эрон унинг талабларини бажармаган тақдирда ҳам, Оқ уй раҳбари кейинчалик тасдиқланмайдиган қандайдир «ижобий силжишлар»ни рўкач қилиб, ҳарбий зарба беришдан воз кечмоқда.
Кувайт университети профессори Бадер ас-Сайфнинг фикрича, Трампнинг ҳозирги иккиланишларидан аввал ҳам Вашингтонда аниқ бир стратегия бўлмаган. Эксперт июн ойида Эрон билан имзоланган меморандумни «ҳазил» деб атайди. Чунки ушбу ҳужжатда Кўрфаз давлатларининг асосий хавотирлари — Эрон баллистик ракеталари ва унинг прокси-гуруҳларни қўллаб-қувватлаши масалалари очиқ қолдирилган эди.
Шундай бўлса-да, ҳозирча ошкора норозилик аломатлари кўзга ташланмаяпти. Қолаверса, минтақа мамлакатлари Вашингтон билан иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантиришда давом этмоқда. 22 июл куни АҚШ ва Саудия Арабистони ядро энергетикасини ривожлантириш бўйича битим имзолади.
Араб давлатлари АҚШдан базаларини олиб чиқиб кетишни талаб қиладими?
Аслида, бундай муҳокамалар аллақачон бошланган: минтақадаги айрим мамлакатлар йирик Америка базалари нима учун кераклигини норасмий тарзда муҳокама қила бошлади, деб ёзади «The Washington Post» (WP) нашри. Жорий йилнинг апрел ойида БААнинг нуфузли сиёсатшуноси Абдулхолиқ Абдулла амирлик ҳудудида жойлашган Америка ҳарбий базалари «фойдадан кўра кўпроқ ташвиш келтирадиган бўлиб қолди», дея баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Амирликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Эрон ракеталари ва дронларининг аксариятини муваффақиятли уриб туширмоқда.
Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон 7 август куни «Макка битими» деб номланган ўзаро мудофаа тўғрисидаги шартномани имзолади. WP иқтибос келтирган юқори мартабали европалик дипломат ушбу пактни айнан Вашингтонга йўлланган навбатдаги сигнал деб атади: учта қудратли сунний давлат «хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни диверсификация қилишга уринмоқда».
Шунга қарамай, Форс кўрфази давлатлари хавфсизлик бўйича асосий ҳамкор ва қурол-яроғ етказиб берувчи сифатида ҳамон Вашингтонга қарам. Минтақада 30 мингдан ортиқ Америка ҳарбийлари жойлаштирилган. Жумладан, Баҳрайнда АҚШ Бешинчи флотининг қароргоҳи, Қатарда эса 10 мингдан ортиқ АҚШ аскари бўлган, Яқин Шарқдаги энг йирик ҳисобланган Ал-Удайд базаси жойлашган.





