«Арқадағ» шарафига ўтказилган садақа гўшт нархининг кескин ошишига сабаб бўлди
Суякли мол гўштининг бир килограмми май ойидаёқ 337,5 минг сўмдан 455,6 минг сўмга қимматлаган эди. Ҳозир эса унинг нархи 506–540 минг сўмга етган.
© Foto: zakon.kzТуркманистонннинг Арқадағ шаҳрида янги масжиднинг давлат рўйхатидан ўтгани ҳақидаги гувоҳномани топшириш муносабати билан байрамона садақа (хайр-эҳсон) ўтказилди. Унинг арафасида гўшт нархи кескин қимматлади.
Ашхободликлар нархлар ошишини шу билан боғламоқдаки, тадбир арафасида вилоятдаги давлат ташкилотлари ва корхоналари, шунингдек, кўплаб хусусий компаниялар масжид қурилиши ташаббускори, туркман халқининг миллий етакчиси, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедовни қўллаб-қувватлаш мақсадида садақа ташкил этишга қарор қилган. Оқибатда чорва моллари ва гўштни оммавий равишда сотиб олиш бошланган ва бу, аҳоли айтишича, нархларнинг кескин кўтарилишига олиб келган.
Суякли мол гўштининг бир килограмми май ойидаёқ 100 манат (337 минг 510 сўм)дан 135 манат (455 минг 639 сўм)га қимматлаган эди. Ҳозир эса унинг нархи 150–160 манат (506–540 минг сўм)га етган.
Гўшт ортидан бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам қимматлаган. Яхши сифатли гуручнинг улгуржи нархи бир килограмм учун 12 манат (40,5 минг сўм)дан 15 манат (50,6 минг сўм)га ошган. Йил бошида 160 манат (540 минг сўм)дан сотилган 1,5 литрлик табиий асал ҳозир 220 манат (742,5 минг сўм) туради. Картошканинг нархи эса 5–6 манатдан 11 манатга кўтарилган. 1,5 литрлик олти шишадан иборат «Берзенги» газланган суви блокининг улгуржи нархи 22 манатдан 25 манатга ошган.
«Хроники Туркменистана» мухбирларининг хабар беришича, Ашхободда кўплаб оилалар бир неча йилдан бери фақат давлат савдо тармоғида килоси 35 манатдан сотиладиган музлатилган товуқ гўшти, шунингдек, худди шу нархдаги музлатилган блокли буйвол гўштини харид қилиш имкониятига эга.
Туркманободдаги маҳаллий бозорларда музлатилган буйвол гўштини харид қилиш учун катта навбатлар пайдо бўлган. Пойтахтдан фарқли ўлароқ, нисбатан арзон ушбу гўшт шаҳарда кам учрайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркманистонда президентнинг амакиваччасига тегишли бўлган тижорий бинолар бузиб ташланганди.
