Асад оиласининг Москвадаги яширин ҳаёти ошкор бўлди

16.12.2025 | 09:182 daqiqa

Журналистлар Асад Россияда нима билан банд экани ва оиласининг Москвада қандай яшаётганини аниқлашга муваффақ бўлган.

Асад оиласининг Москвадаги яширин ҳаёти ошкор бўлди

Оиласи билан Москвага кўчиб келган Суриянинг ағдарилган президенти Башар Асад яна тиббий таълим олмоқда. Бу ҳақда The Guardian газетаси хабардор манбага таяниб маълум қилди.

Нашр суҳбатдошининг айтишича, Асад офталмология дарсларига қатнашиб, бир вақтнинг ўзида ҳам билимини оширмоқда, ҳам рус тилини ўрганмоқда.

«Бу унинг иштиёқи, унга пул керак эмас. Суриядаги уруш бошланишидан олдин ҳам у Дамашқда мунтазам равишда офталмология амалиёти билан шуғулланар эди», — деб таъкидлади Асаднинг оиласи билан алоқада бўлиб турувчи дўсти.

У ва Сурия ҳамда Россиядаги бошқа манбаларнинг сўзларига кўра, Асаднинг оиласи Москва ҳамда БААда осойишта ва ҳашаматли ҳаёт кечирмоқда. The Guardian газетасининг вазиятдан хабардор икки суҳбатдоши Асадлар эҳтимол Рублёвкада истиқомат қилишини тахмин қилди. Шу билан бирга, оиланинг яқин атрофидаги манба Zeit газетасига оиланинг Москва-Ситида учта квартираси борлигини таъкидлади.

Шунга қарамай, Асаднинг Сурия ва Россия элитаси билан алоқалари чекланган.

«У жуда хотиржам ҳаёт кечирмоқда. Унинг ташқи дунё билан алоқаси жуда кам, ҳатто йўқ даражада. У фақат саройида бўлган бир-икки киши, масалан, (Сурия президенти саройи ишлари бўйича собиқ вазир) Мансур Аъзам ва (Асаднинг иқтисодиёт бўйича собиқ бош маслаҳатчиси) Ёсир Иброҳим билан мулоқот қилади», деган оиланинг дўсти.

The Guardian газетасининг таъкидлашича, Асад RT ва «машҳур америкалик ўнг қанот блогери»га интервю беришни режалаштирган, бироқ Россия расмийларининг ОАВда чиқиш қилиш учун рухсатини кутишда давом этмоқда.

Оиланинг бошқа аъзоларига келсак, лейкемиядан азият чеккан собиқ биринчи хоним Асма Асад экспериментал терапиядан сўнг касалликнинг ремиссия босқичига эришган. Асаднинг фарзандлари эса биринчи оила мақомисиз яшашга аста-секин ўрганиб, «бироз гангиб қолган». Шунингдек, Зайн ал-Асад яқинда МГИМОдаги ўқишини тамомлагани ва битирув кечасида бошқа талабалар билан тушган сурати ҳам қайд этилган.

2024 йил декабр ойида қуролли мухолифат Дамашққа кирди, шундан сўнг Башар Асад ваколатларини топшириб, мамлакатни тарк этди. Муваққат президент этиб тузумни ағдаришда муҳим рол ўйнаган «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаръа тайинланди.

Асад ва унинг оиласи Россиядан бошпана топди. Москва Суриянинг янги ҳукумати билан дипломатик алоқаларни сақлаб қолди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Суриянинг собиқ раҳбари хавфсиз эканини тасдиқлади, бироқ Кремл унинг мамлакатда бўлиши тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортди.

Teglar

Mavzuga oid