Белгия компанияси Ўзбекистонда логистика марказлари қуришга қизиқиш билдирмоқда
Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда транспорт вазири Илҳом Махкамов ва «Ahlers Logistics» раҳбари Ван ден Бос Дейв Ўзбекистонда замонавий логистика марказлари ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилди.

Брюсселда Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов Белгиянинг «Ahlers Logistics» компанияси ижрочи директори Ван ден Бос Дейв билан учрашди. Суҳбат давомида компаниянинг мамлакат ҳудудида логистика марказлари барпо этишга бўлган қизиқиши ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокама этилди.
Учрашувда белгиялик тадбиркор Ўзбекистонда маҳаллий шериклар билан ҳамкорликда замонавий логистика инфратузилмасини яратиш таклифини илгари сурди. Бу лойиҳа халқаро юк ташиш тармоқларини такомиллаштириш ва минтақавий савдо оқимини жадаллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Томонлар суҳбат чоғида мамлакатимизда транспорт ва логистика соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, юк ташиш инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда логистика марказларини модернизация қилишга оид ҳукумат қарорлари ҳақида фикр алмашдилар.
Шунингдек, икки томон ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини белгилаб олди. Вазир Илҳом Махкамов Ван ден Бос Дейвни жорий йил 11–12 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган транспорт ва логистика соҳасидаги халқаро тадбирларда иштирок этишга таклиф қилди.
«Ahlers Logistics» компанияси Европада ва Осиёда юк ташиш, омборхона хизматлари ҳамда таъминот занжирини бошқариш бўйича катта тажрибага эга халқаро оператор ҳисобланади. Компаниянинг Ўзбекистондаги лойиҳалари келгусида минтақанинг логистика марказига айланишида муҳим роль ўйнаши мумкин.





