Logo

Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Bugun 15:322 daqiqa

5-октябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судида блогер Сирожиддин Одиловга оид жиноят ишини кўриб чиқиш якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 2026-йил 5-октабрдаги ҳукми билан фуқаро Адилов Сирожиддин Сайфиддинович («Сирожиддин медиа» МЧЖ раҳбари) жами 3 нафар фуқарога нисбатан фирибгарлик ва товламачилик жиноятларини содир этганликда айбдор деб топилиб, жазо тайинланди.

Унга кўра, Одилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг фирибгарлик (168-модда) ҳамда товламачилик (165-модда) моддалари бўйича айбли деб топилди. Унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди.

Жиззах вилояти судлари маълумотига кўра, Одилов Д. Шамсиевнинг 12 млн сўмини товламачилик, Г. Жуманиёзова (30 млн сўм) ҳамда Р. Худойназарованинг (33 млн сўм) маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани ўз тасдиғини топган.

Суд жараёнида фуқароларга етказилган жами 75 млн сўмлик моддий зарар тўлиқ қоплангани кўрсатиб ўтилган.

Маълумот учун, Сирожиддин Одилов YouTube'даги «Сирожиддин Медиа» канали орқали танилган блогер. У ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги видеолар ва чиқишлари билан аудитория тўплаган.

Одиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақидаги илк расмий хабар 2026 йил 11-март куни тарқалган. Ўша пайтда Самарқанд вилояти ИИБ маълумотига кўра, Паст Дарғом туманида яшовчи фуқаро блогер устидан шикоят қилган. Фуқаро 2024 йил августида Сирожиддин Одиловга бошқа шахс билан ўртасидаги молиявий масалани ҳал қилиб беришни сўраб мурожаат қилган. ИИБ маълумотида Одилов ваколатли шахс бўлмаса-да, масалани ҳал қилиб беришни ваъда қилгани ва бунинг эвазига пул олгани, кейинчалик ваъдасини бажармагани айтилган.

Шундан сўнг Одиловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси (пора бериш) билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган. Унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Teglar

Mavzuga oid