Logo

«Click» FINOBOD–2026 форумида: SuperApp ривожи ва сунъий интеллект агентлари фаолиятини назорат қилиш

«Click» вакиллари тўлов хизматларининг вазифалари қандай ўзгараётгани ҳамда молия соҳасида мустақил ишлайдиган сунъий интеллект агентларидан фойдаланиш учун қандай шароитлар зарурлиги ҳақида сўз юритди.

«Click» FINOBOD–2026 форумида: SuperApp ривожи ва сунъий интеллект агентлари фаолиятини назорат қилиш

12–14-ноябр кунлари Тошкентда FINOBOD–2026 халқаро форуми бўлиб ўтди. Форумнинг бизнес дастурида «Click» Кузатув кенгаши аъзоси Наима Мирзаева ва ахборот технологиялари бўйича директор Алексей Шатилов иштирок этди.

Тўлов хизматларининг ўрни қандай ўзгармоқда?

«Банклар ва тўлов платформалари» сессиясида Наима Мирзаева SuperApp ривожи ҳақида гапирди. Ўтган 15 йил ичида «Click» мобил тўловлар хизматидан кундалик ҳаётдаги турли масалаларни ҳал қилишга ёрдам берадиган хизматлар экотизимига айланди. Бугун илова орқали нафақат тўлов қилиш, балки оилавий харажатлар, уй-жой ва автомобил билан боғлиқ масалаларни ҳам ҳал қилиш мумкин.

Иловага янги хизматлар қўшилгани сари ундан фойдаланиш қулайлигини сақлаб қолиш ҳам муҳим. Фойдаланувчи ўзига керакли хизматни осон топиши ва ортиқча ҳаракатларсиз ишини битира олиши керак.

«15 йил аввал бизнинг асосий мақсадимиз одамларга телефон орқали тўлов қилиш имкониятини яратиш эди. Бугун эса фойдаланувчи тўловни қандай амалга ошириш ҳақида ўйлаб ўтирмаслигини истаймиз. Мураккаб жараёнларни технология бажариши, фойдаланувчи учун эса ҳаммаси оддий, қулай ва унинг назоратида бўлиши керак», — деди Наима Мирзаева.

Сессияда ишонч масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фирибгарликнинг олдини олувчи технологиялар билан бир қаторда, фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим. Агар бирор муаммо юзага келса, инсон қаерга мурожаат қилиш ва қандай ёрдам олишни билиши керак.

2

Сунъий интеллект ҳаракатлари учун ким жавобгар?

Алексей Шатилов «Молиявий хизматларда сунъий интеллект ва автоном агентлар» ҳамда «Инсон ва янги рақамли муҳит» сессияларида қатнашди. Муҳокама қилинган асосий мавзулардан бири сунъий интеллект агентларига қанчалик мустақиллик бериш мумкинлиги бўлди. Бундай тизимлар турли вазифаларни мустақил бажариши ва бошқа хизматлар билан ишлаши мумкин. Бироқ молия соҳасида улардан фойдаланишдан олдин агент қайси маълумотлар ва операцияларга кириш ҳуқуқига эга бўлиши, қайси ҳаракатлар эса инсон томонидан текширилиши кераклигини аниқ белгилаб олиш зарур.

«Сунъий интеллект агентига вазифани топшириш мумкин, аммо жавобгарликни эмас. Унинг ҳар бир ҳаракати учун масъул инсон бўлиши, тизим чиқиб кета олмайдиган чегаралар белгиланиши ва қарор нима асосда қабул қилингани ҳақида маълумот сақланиши керак. Бу шунчаки техник қайдлар эмас. Шундагина агент ноаниқлик келтириб чиқарадиган тизим эмас, балки ишончли иш воситасига айланади», — деди Алексей Шатилов.

Янги рақамли муҳитга бағишланган сессияда ҳам ушбу мавзу давом эттирилди. Унда инсоннинг рақамли шахсини ҳимоя қилиш ва тизим нотўғри қарор қабул қилган тақдирда, бу қарорга эътироз билдириш имконияти муҳокама қилинди.

«Click» SuperApp’ни ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этишда одамларнинг кундалик ҳаётига мос келадиган, уларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига жавоб берадиган хизматлар яратишга интилмоқда. Бунда янги технологияларни жорий этиш билан бирга, хавфсизликни таъминлаш, тизимларнинг қандай ишлашини фойдаланувчиларга тушунарли қилиш ва шахсий маълумотларга масъулият билан ёндашиш ҳам муҳим ўрин тутади.

Реклама

Teglar

Mavzuga oid