Logo

«Davr Bank» бошқарув раиси адвокатга жавоб бермагани учун жаримага тортилди

Kecha 18:272 daqiqa

Суд банк бошқаруви раиси адвокатнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилган деб топди. Банк раҳбари судга келмаган. Жарима миқдори 1,3 млн сўм этиб белгиланди.

«Davr Bank» бошқарув раиси адвокатга жавоб бермагани учун жаримага тортилди © Foto: Davr Bank

Олмазор тумани жиноят ишлари бўйича суди «Davr Bank» ХАТБ бошқаруви раиси Абдумажид Самадовни маъмурий жавобгарликка тортди. Қарор 2026-йил 27-октябрда чиқарилган. Бу ҳақда адвокат Баҳодир Аҳмедов Telegram каналида хабар берди. Суд қарорининг кўчирмаси Vaqt.uz таҳририяти ихтиёрида мавжуд.

Суд қарорига кўра, 2026-йил 2-сентябрда «VERDICTUM» адвокатлик бюроси адвокати банк бошқаруви раисига 5 банддан иборат адвокат сўрови юборган. Сўровда адвокат ҳимоясидаги шахснинг «Davr Bank»даги меҳнат фаолиятига оид ҳужжатлар нусхалари сўралган.

Бироқ банк раҳбари сўровга асослантирилган ёзма жавоб бермаган. Ҳужжатларни тақдим этмаслик сабабини ҳам маълум қилмаган. Қарорда қайд этилишича, сўровга суд мажлиси бўлган кунгача ҳам жавоб берилмаган. Адвокат буни касбий фаолиятига тўсқинлик деб ҳисоблаб, судга мурожаат қилган.

А. Самадовга иш кўриладиган вақт ва жой маълум қилинган бўлса-да, у суд мажлисига келмаган ва ишни кўришни кечиктиришни ҳам сўрамаган. Шу сабабли иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 294-моддаси 2-қисмига асосан унинг иштирокисиз кўрилган.

Суд адвокатнинг аризаси, унга илова қилинган ҳужжатлар ва ишдаги бошқа далиллар ҳуқуқбузарликни тасдиқлайди деб топди. Банк раҳбарининг ҳаракатлари МЖтКнинг 1971-моддаси (адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш) билан квалификация қилинди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, яъни 1 млн 320 минг сўм миқдорида жарима тайинланди.

Суд шунингдек тарафларга моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик судлови тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтирди. Қарордан норози тарафлар 10 кун ичида Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжоннинг ABB банки 2026 йил 10 сентябрда «Тошкент» республика фонд биржасида банкнинг 51 фоиз акциясини 1,65 трлн сўмга (тахминан 140 млн доллар) сотиб олганди.

9-октябрда акциядорлар банк номини «ABB Davr Bank»га ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Шу йиғилишда банкнинг кузатув кенгаши ҳам янгиланди: асосчи ва кенгаш раиси Лутфулла Убаевнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Абдумажид Самадов эса бошқарув раиси лавозимида қолдирилди. Битимдан сўнг S&P Global Ratings банкнинг узоқ муддатли кредит рейтингини B дан B+ га кўтарди.

Teglar

Mavzuga oid