«Asia Alliance Bank» нуфузли «International Finance Awards 2026» халқаро мукофотининг иккита муҳим номинациясида ғолибликни қўлга киритди
Банк тадбиркорларга мослашувчан кредит маҳсулотлари, ишончли ҳисоб-китоб-касса хизматлари ҳамда ҳар бир мижозга индивидуал ёндашувни таклиф этади. Банкнинг рақамли хизматлари ҳам эътироф этилди.

Британиянинг «International Finance» молиявий-таҳлилий нашри томонидан таъсис этилган «International Finance Awards 2026» мукофоти банк соҳасидаги энг нуфузли халқаро мукофотларидан бири ҳисобланади. «Asia Alliance Bank» томонидан мукофотнинг «Best Bank for SME in Uzbekistan» (Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес учун энг яхши банк) ва «Best New Mobile Banking App in Uzbekistan» (Ўзбекистондаги энг яхши янги мобил банкинг иловаси) номинацияларида қўлга киритилган ғалаба мижозлар ишончининг юқори даражасини, Ўзбекистонда тадбиркорликни самарали қўллаб-қувватлашни ҳамда банкнинг рақамли ечимлари жадал ривожланаётганини тасдиқлайди.
«Best Bank for SME» номинациясидаги эътироф «Asia Alliance Bank»нинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларини акс эттиради. Банк тадбиркорларга мослашувчан кредит маҳсулотлари, ишончли ҳисоб-китоб-касса хизматлари ҳамда ҳар бир мижозга индивидуал ёндашувни таклиф этади.
Ўз навбатида, «Best New Mobile Banking App» номинациясидаги ғалаба банк рақамли хизматларининг муваффақиятли трансформациясини, шунингдек, кундалик молиявий операцияларни амалга оширишда қулайлик, тезкорлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ечимлар самарадорлигини намоён этади.





