Энди кибержиноятлардан етказилган зарарни банклар ва тўлов ташкилотлари қоплайди

Bugun 11:352 daqiqa

Маълумотларга кўра, ўтган йилларда 3 та банк тизимидаги заифлик туфайли 3025 нафар мижозга 17 млрд сўм моддий зарар етказилган.

Энди кибержиноятлардан етказилган зарарни банклар ва тўлов ташкилотлари қоплайди

12 март Шавкат Мирзиёев кибержиноятчилик ва уюшган жиноятчиликка қарши курашни такомиллаштириш, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича таклифларни кўриб чиқди.

Маълумотларга кўра, сўнгги олти йилда Ўзбекистонда кибержиноятлар бўйича мурожаатлар сони 48 бараварга ошган. Ўтган йилда содир этилган фирибгарлик жиноятларининг 82 фоизи, ўғирлик жиноятларининг 76 фоизи кибермаконда содир этилган. Улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 2 триллион сўмдан ошган.

Шу боисдан ахборот технологиялари орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бундай жиноятлар учун жазони кучайтириш ва кибержиноятларнинг янги турлари учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилди.

Хусусан, фуқароларнинг ўз номларига расмийлаштирилган электрон тўлов воситалари ҳамда абонент рақамлардан фойдаланишда шахсий масъулиятини ошириш мақсадида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинди.

Жумладан, криптожиноятларда ўз номидаги электрон тўлов воситаси, криптоҳамёни, SIM-картаси ва электрон аккаунтларидан фойдаланилишига йўл қўйилганлик учун жавобгарлик белгиланади.

Кибержиноятлар учун банклар жавобгар бўлади

Шунингдек, юридик шахслар томонидан ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлик учун оқибат келиб чиққан-чиқмаганидан қатъи назар, маъмурий жавобгарликни белгилаш ҳам таклиф қилинди.

Бу талаблар масофадан молиявий хизматлар кўрсатувчи банкларга ҳам тааллуқли бўлиб, улар ўз тизимларида фирибгарликларнинг олдини олиш учун хавфсизлик механизмларини мунтазам такомиллаштириб бориши зарурлиги таъкидланмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда учта банк тизимидаги заифликлар сабаб 3025 нафар мижозга жами 17 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Шу муносабат билан тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик талабларига риоя этмаганлиги натижасида содир этилган кибержиноят оқибатида юзага келган моддий зарар учун жавобгар бўлишини қонунан мустаҳкамлаш ташаббуси илгари сурилди.

Аввалроқ «молиявий пирамида» ва уюшган жиноятчиликка қарши жазо чоралари ҳам кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid