Жиззахда халқаро FLTAL-2026 анжумани бўлиб ўтди
Кўп тилли таълим ва замонавий педагогикага бағишланган халқаро анжуманда 24 давлатдан 200 га яқин олим ва мутахассислар иштирок этди.

Жиззах давлат педагогика университетида 29–30 апрел кунлари Хорижий тилларни ўқитиш ва амалий лингвистика масалаларига бағишланган 16-FLTAL-2026 халқаро анжумани бўлиб ўтди.
Анжуман «Silk Road Global Institute», Жиззах давлат педагогика университети ҳамда қатор хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилган. Унинг асосий мавзуси кўп тилли таълим ва замонавий педагогика масалаларига қаратилган.
Иштирок этаётган мутахассислар
Тадбир доирасида дунёнинг етакчи университетлари вакиллари, жумладан педагогика соҳасида «QS» рейтингида биринчи ўринни эгаллаган «University College London» мутахассислари томонидан пленар маърузалар тақдим этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири профессор Қонғиротбой Шарипов тил билиш кўникмалари замонавий таълим тизимининг ажралмас қисмига айланганини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай халқаро тадбирлар илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашиш учун муҳим платформа ҳисобланади.
ЖДПУ ректори профессор Мақсуджон Юлдашев эса мазкур анжуман университетнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди. Шу билан бирга, анжуман раиси профессор Азамат Акбаров ушбу тадбир 16 йил давомида турли давлатларда ўтказилиб, илмий ҳамкорлик муҳитини шакллантирганини таъкидлади.
Анжумунга қайси давлатлар мезбонлик қилган?
Маълумотларга кўра, анжуман илк бор Европада ва Қозоғистонда ўтказилган бўлса, сўнгги йилларда Ўзбекистон доимий мезбонга айланган. Жиззах давлат педагогика университети эса 2023 йилдан бери унга мунтазам мезбонлик қилиб келмоқда.
Анжуман доирасида маърузалар, муҳокамалар ва амалий сессиялар ўтказилиб, иштирокчилар халқаро тажриба алмашиш имконига эга бўлмоқда. Тадбир якунида хорижий меҳмонлар учун Самарқанд шаҳрига маданий саёҳат ташкил этилиши режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, бундай анжуманлар Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги халқаро нуфузини ошириш билан бирга, илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.





