Эрон Олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоманаий ўлдирилгани айтилмоқда
Эроннинг 36 йилдан ортиқ вақт давомида мутлақ ҳукмдори бўлган оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилнинг Теҳронга авиазарбаси натижасида ҳалок бўлгани ҳақида расман тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда.

Эрон Олий раҳнамоси, 86 ёшни қаршилаган оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг унинг қароргоҳига берган зарбаси натижасида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Исроилнинг «12-канали» хабар берди ва ушбу маълумотни «Reuters» агентлиги ҳам исми сир қолишини истаган Исроил расмийсига таяниб тасдиқлади.
«Axios» мухбири Барак Равиднинг ёзишича, Исроилнинг АҚШдаги элчиси Йеҳиэл Лейтер аллақачон Америка расмий доираларини Хоманаийнинг ўлими ҳақида расман хабардор қилган. Ушбу воқеа минтақадаги ҳарбий ҳаракатларнинг энг юқори нуқтасига айланди.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эронга қарши ҳарбий операция бошланганидан кейинги илк телемурожаатида Али Хоманаий йўқ қилинганини эҳтимол қилган эди.
«Биз 36 йилдан ортиқ вақт давомида бутун дунёга терроризм ёйган, ўз халқини бахтсиз қилган тиран Хаменеининг бошпанасини йўқ қилдик. Бу золим энди йўқлигидан далолат берувчи кўплаб белгилар мавжуд», — деди Нетаняҳу.
Ҳокимиятни топшириш режаси
Эрон Олий раҳнамосининг ўлими Эрон ичидаги ва минтақадаги кучлар мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши кутилмоқда. Хоманаий нафақат диний раҳнамо, балки мамлакатдаги барча стратегик қарорлар, жумладан ядровий дастур ва ташқи сиёсатнинг асосий меъмори эди. Унинг йўқ қилиниши Ислом Республикаси мавжудлиги давридаги энг катта сиёсий ва ҳарбий йўқотиш бўлади.
Ўтган йилги Исроил зарбаларидан сўнг Хоманаий ўзи вафот этган тақдирда ҳокимиятни топширишнинг махсус тизимини белгилаб қўйган эди. «NYT» нашрининг ёзишича, у шахсан ўзи тайинлайдиган ҳар бир ҳарбий ва давлат лавозими учун тўрт босқичли ворислик режасини ишлаб чиққан. Бу тизим тўсатдан юзага келган бошқарув вакуумини тўлдириш ва режим барқарорлигини сақлаб қолишга қаратилган эди. Бошқа юқори лавозимли раҳбарларга ҳам ўзларига тўрттагача ворис топиш вазифаси топширилган.
Ушбу режадаги энг муҳим фигура Миллий хавфсизлик олий кенгаши раҳбари, Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг собиқ қўмондони Али Ларижоний ҳисобланади. У Хоманаийнинг энг яқин ва ишончли одамларидан бири сифатида кўрилади. Маълумотларга кўра, Ларижоний аллақачон мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган ва амалдаги президент Масъуд Пизишкиённи иккинчи планга суриб қўйган.
Оятуллоҳ Али Хоманаий 1989 йилдан буён Эрон Олий раҳнамоси лавозимини эгаллаб келаётган эди. Унинг бошқаруви даврида Эрон Ғарб билан доимий қарама-қаршиликда бўлди ва ядровий салоҳиятини оширишга интилди. Исроил билан ўн йилликлар давом этган «совуқ уруш» энди очиқ ва ҳалокатли тўқнашув босқичига ўтди.





