Logo

Германиялик ҳуқуқшунослар Усмоновга қарши терговнинг қонунийлигига шубҳа билдирди

Kecha 10:383 daqiqa

Экспертлар хулосасида тўланмаган солиқлар миқдори борасида аниқлик йўқлиги қайд этилган. Иш ҳужжатларида бу сумма миллионлардан миллиардлаб еврогача ўзгариб турган.

Германиялик ҳуқуқшунослар Усмоновга қарши терговнинг қонунийлигига шубҳа билдирди © Bloomberg

Германиялик уч эксперт асли Ўзбекистондан бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш гумони билан олиб борилаётган терговда қонунбузилишларга йўл қўйилганини аниқлади ва ишни тугатишга чақирди. Бу ҳақда «Welt» нашри ёзмоқда.

Терговнинг қонунийлигига шубҳа билдирган мутахассисларнинг фикрича, терговда айбловни тасдиқлайдиган етарли далиллар йўқ. Уларнинг айтишича, тергов жараёнида қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидалар бузилган. Шу сабабли жиноят иши тугатилиши керак.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқарган эди. Тадбиркор 2022-йилдан буён банк ҳисобларининг музлатилиши, Европа Иттифоқига кириш тақиқи ва бошқа чекловлар устидан шикоят қилиб келган. Охир-оқибат Германия Федерал олий суди унинг позициясини қўллаб-қувватлаган.

Германияда Усмоновга нисбатан олиб борилган бошқа бир қатор тергов ишлари ҳам, жумладан, 10 миллион евро тўланганидан кейин тугатилган. Бироқ солиқ тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ иш ҳануз давом этмоқда.

Экспертлар маълумотига кўра, Усмоновга нисбатан тергов ҳаракатлари Германия Федерал жиноят полицияси бошқармасига (BKA) келиб тушган аноним хабардан кейин бошланган. Унда санкцияларни бузиш эҳтимоли ҳақида сўз юритилган, солиқ жинояти ҳақида эса ҳеч нарса айтилмаган. Шунингдек, хабарда гумон остига олинган шахснинг исми ҳам кўрсатилмаган.

Дастлаб тергов судяси етарли асослар йўқлигини билдириб, Усмоновнинг уйида тинтув ўтказишга рухсат бермаган. Шундан кейин терговчилар бошқа туман судига мурожаат қилган.

Экспертлар хулосасида тўланмаган солиқлар миқдори борасида ҳам аниқлик йўқлиги қайд этилган. Иш ҳужжатларида бу сумма миллионлардан миллиардлаб еврогача ўзгариб турган. Мутахассисларнинг фикрича, тергов органлари бу борада ишонарли далиллар ҳам, тушунарли изоҳлар ҳам тақдим этмаган.

Усмоновга қарши билвосита далил сифатида унинг меҳмонхонада яшагани, автомобиллари ва хизмат кўрсатувчи ходимлари борлиги, шунингдек, ижара шартномалари келтирилган. Шу билан бирга, «Google Street View» хизматидаги маълумотларга асосланиб, унинг Москвадаги манзили айбланувчи доимий яшайдиган жойлар қаторига киритилмаган.

Бундан ташқари, экспертлар терговчилар тадбиркорнинг фойдасига хизмат қилиши мумкин бўлган ҳужжат ва маълумотларни ҳам эътиборга олмаганини таъкидлаган. Гап виза ҳужжатлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, Россиядаги солиқ ҳужжатлари ҳамда Германия солиқ идорасининг Усмоновнинг солиқ резидентлигига оид маълумотлари ҳақида бормоқда. Масалан, хориждаги суд органларидан бири Германия расмийларининг сўровини рад этган. Суд бу сўровни аниқ гумон ва асосларсиз далил излашга уриниш, деб баҳолаган. Бундай ҳаракат халқаро ҳуқуқ амалиётида «fishing expedition» деб аталади.

Яна бир ҳолатда эса Германия терговчилари Европа давлатларидан бирининг расмийларига ҳали тергов давомида тасдиқланмаган маълумотларни гўё аниқланган фактлар сифатида тақдим этган. Экспертлар тергов ҳаракатларининг жуда узоқ давом этаётганига ҳам эътибор қаратган. Тинтувлар вақтида ҳужжатлар сақланган мингга яқин папка ва бир неча терабайт ҳажмидаги электрон маълумотлар олиб қўйилган.

Уларни дастлабки ўрганиш учун тўрт йил вақт кетган. Мутахассислар бу ҳолат тергов ҳаракатлари мутаносиб ва оқилона муддатларда олиб борилиши кераклиги тамойилига зид эканини билдирган.

Шунингдек, Усмоновнинг ҳимоячилари иш материаллари билан тўлиқ танишиш имкониятига фақат икки йил ўтгач эга бўлган. Айрим ҳужжатлар эса шундан кейин ҳам улар учун очиқ бўлмаган.

«Шу билан бирга, солиқ терговига тааллуқли айрим ҳужжатлар ҳимоя томони учун кейинчалик ҳам очилмаган. Олиб қўйилган маълумотларнинг бир қисми билан танишиш имконияти ҳимоячиларга тинтув ўтказилганидан уч йилдан ортиқ вақт ўтгач берилган», — дейилади экспертлар хулосасида.

Мутахассислар тергов органлари аввалги гумонларини ишонарли далиллар билан тасдиқламасдан, Усмоновга нисбатан янги гумонларни илгари сураётганини ҳам танқид қилган. Шунингдек, тадбиркорнинг қаерда яшагани ҳақидаги тахминларга асосланган янги иш очилгани ҳам эътирозларга сабаб бўлган. Қизиғи, бу масалада терговчиларнинг ўзлари ҳам ягона фикрга кела олмаган.

«Агар тўрт йилдан ортиқ вақт ўтганидан кейин ҳам солиқ ҳуқуқига оид асосий масалалар бўйича айбланувчига қарши етарли далиллар топилмаган бўлса, бу жиноят содир этилгани ҳақидаги гумон учун етарли асос йўқлигини кўрсатади», — деб хулоса қилган экспертлар.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ миллиардер Алишер Усмонов ЕИга қарши Германия судида муҳим ғалабага эришганди.

Teglar