Logo

Ижтимоий реестрга қандай кириш мумкин ва у қандай имтиёзлар беради?

Bugun 18:5511 daqiqa

2026 йил 1 февралдан Ўзбекистонда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ҳамда «Камбағал оилалар реестри» бирлаштирилиб, ягона Ижтимоий реестр ташкил этилди. Реестрга киритилган оилалар болалар нафақаси, моддий ёрдам, давлат хизматлари учун чегирмалар, таълим, тиббиёт ва бандлик бўйича қатор имтиёзлардан фойдаланиши мумкин. Vaqt.uz мазкур реестрга кириш тартиби ва ундаги шахсларга бериладиган имтиёзлар ҳақида тушунтиради.

Ижтимоий реестрга қандай кириш мумкин ва у қандай имтиёзлар беради?

2026 йил 1 февралдан аввалги «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва «Камбағал оилалар реестри» бирлаштирилиб, ягона Ижтимоий реестр ташкил этилди. Энди оилалар моддий ҳолати, меҳнатга лаёқати ва ижтимоий вазиятига қараб уч тоифадан бирига киритилади.

2026 йил учун минимал истеъмол харажатлари бир киши ҳисобига ойига 715 минг сўм этиб белгиланган. Ижтимоий реестрга киритишда асосий даромад чегаралари шу миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади.

Реестрда оилалар қайси тоифаларга ажратилади?

Ижтимоий реестрдаги оилалар уч тоифага бўлинади:

  • давлат таъминотидаги оила;

  • камбағал оила;

  • камбағаллик чегарасидаги оила.

Toifa

Asosiy mezon

Davlat ta’minotidagi oila

Oila a’zolarining barchasi mehnatga layoqatsiz yoki mehnat qilish imkoniyati cheklangan bo‘lib, jon boshiga daromad 715 ming so‘mdan kam

Kambag‘al oila

Oilada mehnatga layoqatli a’zolar bor, lekin jon boshiga daromad 715 ming so‘mdan kam

Kambag‘allik chegarasidagi oila

Jon boshiga daromad 715 ming so‘mdan 1 mln 72,5 ming so‘mgacha, ya’ni minimal iste’mol xarajatlarining 1–1,5 baravari oralig‘ida


Энди уларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиб ўтсак.

Давлат таъминотидаги оила

Жон бошига ўртача ойлик даромади 715 минг сўмдан кам бўлган қуйидаги оилалар ушбу тоифага киритилиши мумкин:

  • I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёхуд болаликдан ногиронлиги бўлган шахс яшайдиган оила;

  • боқувчисини йўқотган ёки боласини ёлғиз тарбиялаётган оила;

  • ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи шахс;

  • оила аъзоси муддатли ҳарбий хизматда ёки жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила;

  • оила аъзоси психиатрия, наркология ёки сил касалликлари диспансерида бўлган, онкология марказида рўйхатда турган ёхуд гематология, иммунология, жигар ёки буйрак етишмовчилиги каби оғир касалликка чалинган оила.

Мазкур тоифадаги оилаларнинг ҳолати ҳар 12 ойда қайта ўрганилади.

Камбағал оила

Оилада меҳнатга лаёқатли ёки ишлаш имкониятига эга шахслар мавжуд бўлиб, жон бошига ўртача ойлик даромад 715 минг сўмдан кам бўлса, оила «камбағал оила» тоифасига киритилиши мумкин.

Бу оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзолари ишга жойлашиши, ўзини ўзи банд қилиши, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши ёки бошқа расмий бандлик шаклига ўтиши керак.

Оилаларнинг ҳолати ҳар олти ойда қайта ўрганилади.

Камбағаллик чегарасидаги оила

Бунга икки турдаги оилалар киритилади.

Биринчи гуруҳга аввал «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» сифатида эътироф этилиб, кейинчалик даромади ошгани сабабли ушбу тоифалардан чиқарилган оилалар киради. Бунда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад 715 минг сўмдан 1 млн 72 минг 500 сўмгача бўлиши керак.

Иккинчи гуруҳга оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар киритилиши мумкин. Хусусан, таркибида ногиронлиги бўлган шахс яшайдиган, боқувчисини йўқотган, болани ёлғиз тарбиялаётган, ўзгалар парваришига муҳтож аъзоси бор, оила аъзоси ҳарбий хизматда ёки қамоқда бўлган, оғир касалликка чалинган шахс мавжуд, шунингдек, ёнғин, бахтсиз ҳодиса, табиий ёки техноген фавқулодда вазият оқибатида зарар кўрган оилалар маҳалла еттилиги тавсияси асосида ушбу тоифага киритилиши мумкин.

Бундай оилаларнинг даромадини ҳисоблашда 25 фоизлик камайтирувчи коэффициент қўлланади. Яъни оиланинг жон бошига ҳақиқий даромади 1 млн 430 минг сўмгача бўлса, унинг 75 фоизи ҳисобга олинади. Ҳисоб-китоб натижасида даромад 1 млн 72 минг 500 сўмдан ошмаса, оила «камбағаллик чегарасидаги оила» мезонига мос келиши мумкин.

Бироқ маҳалла еттилиги тавсияси билан ушбу тоифага киритиладиган оилалар сони чекланган. Маҳаллада 300 тагача оила бўлса, кўпи билан 3 та, 500 тагача бўлса 5 та, 1 000 тагача бўлса 10 та, 1 500 тагача бўлса 15 та, 1 500 тадан ортиқ оила яшайдиган маҳаллаларда эса кўпи билан 20 та оила тавсия қилиниши мумкин.

Оила даромади қандай ҳисобланади?

Жон бошига ўртача ойлик даромадни аниқлашда оиланинг охирги уч ойдаги жами даромади олинади.

Ҳисоблаш формуласи:

Охирги уч ойдаги жами даромад ÷ 3 ÷ оила аъзолари сони.

Масалан, беш кишилик оиланинг уч ойлик жами даромади 9 млн сўм бўлса:

9 млн ÷ 3 ой ÷ 5 киши = 600 минг сўм.

Демак, оиланинг ҳар бир аъзосига ойига 600 минг сўмдан даромад тўғри келади. Бу 715 минг сўмлик мезондан кам.

Бироқ даромаднинг камлиги оилани автоматик равишда реестрга киритмайди. Кўчмас мулк, автомобил, банк омонати, қимматли қоғозлар, тадбиркорлик ва норасмий даромадлар ҳам текширилади.

Ижтимоий реестрга қандай ариза берилади?

Аризани қуйидаги усулларда топшириш мумкин:

  • Давлат хизматлари марказига бориб;

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига бориб;

  • маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали;

  • my.gov.uz портали орқали;

  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали;

  • «Ижтимоий карта» мобил иловаси орқали.

Ҳар бир оила реестрга кириш учун бир ойда фақат бир марта ариза бериши мумкин.

Қайси ҳолларда реестрга киритиш рад этилади?

Қуйидагилар «давлат таъминотидаги оила» ёки «камбағал оила» тоифасига киритишни рад этиш учун асос бўлади.

Даромад 715 минг сўмдан юқори бўлса

Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад 715 минг сўмдан юқори бўлса, оила мазкур икки тоифага киритилмайди.

Оғир ҳаётий вазиятдаги оилалар учун 25 фоизлик камайтирувчи коэффициент қўлланиши мумкин.

Ортиқча кўчмас мулк бўлса

Оила аъзолари номида жами биттадан ортиқ кўчмас мулк ва ер участкаси мавжуд бўлса, ариза рад этилади.

Оила номида ёки фойдаланишида даромад келтирадиган камида битта нотурар жой мавжудлиги ҳам рад этиш учун асос ҳисобланади.

Нисбатан янги автомобил бўлса

Қуйидаги транспорт воситаларидан бири мавжуд бўлса, ариза рад этилади:

  • ишлаб чиқарилганига 12 йил тўлмаган, соз ва қидирувда бўлмаган енгил автомобил;

  • оилада болаликдан ногиронлиги бўлган бола ёки I–II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс яшаса — ишлаб чиқарилганига етти йил тўлмаган енгил автомобил;

  • ишлаб чиқарилганига 15 йил тўлмаган юк автомобили, автобус, микроавтобус, трактор, комбайн, экскаватор, автокран ёки бошқа махсус техника;

  • ишлаб чиқарилган йилидан қатъи назар, жами икки ёки ундан ортиқ соз транспорт воситаси.

Автомобил фақат оила аъзоси номида расмийлаштирилгани эмас, балки унинг фойдаланишида ёки ишончнома асосида бошқарувида бўлгани ҳам ҳисобга олинади.

Банк омонати кўп бўлса

Оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ёки ундан кўп маблағ бўлса, ариза рад этилади.

Ҳозирги 1 млн 271 минг сўмлик энг кам иш ҳақи бўйича бу чегара 6 млн 355 минг сўмни ташкил этади.

Бозор қиймати 6 млн 355 минг сўм ёки ундан юқори бўлган қимматли қоғозлар ҳам рад этиш учун асос бўлади.

Сўровнома ўтказилмаса

Ижтимоий ходим хонадонга борганида ариза берувчи уйда бўлмаса, сўровномани тасдиқлашдан бош тортса ёки оиланинг ҳолатини ўрганишга имкон бермаса, жараён тўхтатилиши мумкин.

Ижтимоий реэстрга кирганларга қандай имтиёзлар бор?

Болалар нафақаси ва моддий ёрдам

Реэстрдаги оилаларга фарзандлари сони ва ёшига қараб болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинланади. 2026 йил 1-сентябрдан бошлаб мазкур миқдорлар 7 фоизга оширилади:


To‘lov turi

Oylik miqdori

3 yoshgacha bo‘lgan bitta kichik farzand uchun

386 ming so‘m

3 yoshdan 18 yoshgacha bo‘lgan bitta bola uchun

295 ming so‘m

Ikkinchi farzand uchun qo‘shimcha

177 ming so‘m

Uchinchi va keyingi har bir farzand uchun qo‘shimcha

118 ming so‘m

Bolasi bo‘lmagan yoki barcha bolalari 18 yoshdan katta oilaga moddiy yordam

450 ming so‘m


Болалар нафақаси ва моддий ёрдам бир вақтнинг ўзида бир оилага биргаликда тайинланмайди. Нафақа оиладаги энг кичик ёки ягона бола 18 ёшга тўлгунига қадар белгиланган тартибда тўланади.

Камбағаллик чегарасидаги оилага болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олти ойга, камайтирилган миқдорда берилади:

  • жон бошига даромад 715 минг сўмдан 893 минг 750 сўмгача бўлса — базавий тўловнинг 75 фоизи;

  • даромад 893 минг 750 сўмдан 1 млн 72 минг 500 сўмгача бўлса — базавий тўловнинг 50 фоизи.

Боғча тўлови

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг оилавий нодавлат боғчаларга қатнашадиган фарзандлари учун ота-оналар тўловининг бир қисми давлат томонидан қопланади. Имтиёз олувчилар рўйхати автоматик шакллантирилади. Жойлар чекланган бўлса, аввал давлат таъминотидаги оилалар, кейин камбағал оилалар, ундан сўнг камбағаллик чегарасидаги оилалар фарзандларига устуворлик берилади.

Давлат оилавий боғчага ҳудуддаги 9 соатлик давлат боғчаси учун белгиланган ота-оналар тўловининг 40 фоизи миқдорида компенсация ажратади. Пул ота-онага эмас, бевосита боғчанинг ҳисобварағига ўтказилади ва боланинг ҳақиқий давоматига қараб ҳисобланади. 

Имтиёз боғчадаги ўринларнинг кўпи билан 15 фоизига татбиқ этилади. Давлат таъминотидаги ёки камбағал оила камбағаллик чегарасидаги оила тоифасига ўтказилса, компенсация яна 12 ой давомида сақланади.

Мактабдан ташқари таълим харажатлари

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг давлат мактабларида ўқийдиган фарзандлари учун тўгарак харажатларининг 80 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Имтиёз ёш тоифасига қараб қуйидаги йўналишларга татбиқ этилади:

  • 7–11 ёшли болалар учун дарсдан кейинги қўшимча таълим, яъни узайтирилган кун гуруҳлари;

  • 12–18 ёшли ўқувчилар учун умумтаълим фанлари бўйича тўгараклар;

  • 15–18 ёшли ўқувчилар учун хорижий тил, ахборот технологиялари ва касб-ҳунар йўналишидаги тўгараклар.

Ўқувчи бир вақтнинг ўзида кўпи билан иккита тўгаракни танлаши ва уларга таътил даври билан бирга 9 ойгача қатнашиши мумкин. Ушбу имтиёздан мактабни тугатгунга қадар икки мартагача фойдаланишга рухсат берилади. 

Тўгаракка ёзилиш ва таълим ташкилоти билан шартнома тузиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилади.

Олий ва профессионал таълим имтиёзлари

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг фарзандлари олий таълимга киришда тест синовида қатнашиш учун ундириладиган тўловдан озод қилинади.

Бундан ташқари, улар учун бакалавриат йўналишларига ажратилган давлат грантлари сонига нисбатан 10 фоизгача қўшимча давлат гранти квотаси белгиланади. Ушбу грантга даъвогарлик қилиш учун абитуриент тегишли йўналишдаги давлат грантига ўтиш балининг камида 80 фоизини тўплаши керак. Грантлар талабгорлар орасида баллар кетма-кетлиги асосида тақсимланади.

Ижтимоий реестрдаги оилаларнинг олий, ўрта махсус ва профессионал таълимда контракт асосида ўқиётган аъзолари таълим кредити олиши мумкин

Биринчи босқич талабалари учун кредит бир йиллик контракт суммаси миқдорида, иккинчи ва ундан юқори босқичларда эса реестрдаги оила аъзоларига ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, контрактнинг тўлиқ суммаси миқдорида ажратилади.

Таълим кредитини олишда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларидан гаров ва кафиллик талаб этилмайди. Олий таълимда GPA кўрсаткичи 3,5 ва ундан юқори бўлган реестрдаги оилалар фарзандларига кейинги ўқув йили учун фоизсиз таълим кредити берилади.

Шунингдек, реестрдаги оилаларнинг давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойида яшайдиган фарзандлари учун ётоқхона тўлови қоплаб берилади.

Барча фанлардан «аъло» баҳо олган талаба-қизларга асосий стипендияга қўшимча махсус стипендия тўланади.

Махсус стипендия миқдори оиланинг Ижтимоий реестрдаги тоифасига боғлиқ:

  • Давлат таъминотидаги оила талаба-қизига — базавий стипендиянинг 2 баравари, яъни ойига 1 млн 139 минг 340 сўм.

  • Камбағал оила талаба-қизига — базавий стипендия миқдорида, яъни ойига 569 минг 670 сўм.

  • Камбағаллик чегарасидаги оила талаба-қизига ҳам — ойига 569 минг 670 сўм.

Бу пул талабанинг одатдаги стипендиясига қўшимча равишда тўланади. 1 сентябрдан давлат таъминотидаги оилаларнинг талаба-қизлари учун махсус стипендия ойига 1 млн 219 минг 94 сўмни, камбағал ва камбағаллик чегарасидаги оилаларнинг талаба-қизлари учун эса 609 минг 547 сўмни ташкил этади.

«Янги Ўзбекистон» университетида таълим олиш учун Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларига грант ажратилади. «Эл-юрт умиди» жамғармаси танловларида ҳам реестрдаги оилалар фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилади.

Контракт тўловининг 50 фоизигача қоплаб берилади

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фарзандларига касбий ёки олий таълим муассасасидаги тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача қисми «Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин.

Бунда субсидия миқдори контракт суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан кўп бўлмаслиги керак.

Имтиёз касбий таълим, бакалавриат ёки магистратуранинг кундузги шаклида оддий контракт асосида ўқиётганларга берилади. Сиртқи, кечки, масофавий, қўшма таълим, иккинчи мутахассислик ва супер-контракт учун ушбу ёрдам ажратилмайди.

Ариза my.gov.uz, Давлат хизматлари маркази ёки Ёшлар ягона электрон платформаси орқали берилади. Мурожаат «маҳалла еттилиги» томонидан кўриб чиқилади. Ижобий қарор қабул қилинса, маблағ талабанинг ўзига эмас, бевосита таълим ташкилотининг ҳисобварағига ўтказилади.

Ёрдам автоматик берилмайди. Талаба алоҳида ариза топшириши ва тузиладиган ижтимоий шартнома шартларини, жумладан, яхши ўқиш, волонтёрликда қатнашиш, китоб ўқиш ҳамда хорижий тилни ўрганиш мажбуриятларини бажариши керак.

Ишга жойлашиш ва касбга ўқитиш

Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг ишсиз аъзолари туман ёки шаҳар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига мурожаат қилиб, иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. Мурожаатдан сўнг фуқаронинг мутахассислиги ва малакасига мос бўш иш ўринлари таклиф этилади.

Фуқаронинг мутахассислиги бўлмаса ёки таклиф қилинган иш ўрни унга мос келмаса, касб-ҳунар ёки хорижий тил курсида бепул ўқиш учун ваучер бериш масаласи кўриб чиқилади. Талабгорнинг ишсизлиги ёки расмий даромадга эга эмаслиги ecosys.mehnat.uz тизими орқали автоматик текширилади.

Ваучер олган фуқаро электрон реестрга киритилган давлат ёки нодавлат таълим ташкилотини, ўрганмоқчи бўлган касб ёки хорижий тилни ўзи танлайди. Ваучердан у берилган кундан бошлаб уч ой ичида фойдаланиши керак. Ушбу муддатда фаоллаштирилмаган ваучер бекор қилинади. Ваучер орқали бир марта бепул ўқиш мумкин, ўқиш харажатлари эса Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан таълим ташкилотига тўлаб берилади.

Бундан ташқари, Ижтимоий реестрдаги оила аъзосини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг камида 1,5 баравари миқдоридаги ойлик иш ҳақи билан ишга олган иш берувчи ушбу ходим учун уч йил давомида ижтимоий солиқни 1 фоизлик ставкада тўлайди. Ходим реестрдан чиқарилгандан кейин ҳам бу имтиёз яна олти ой давомида сақланади.

Тадбиркорлик бошлаш ва имтиёзли кредитлар

Ижтимоий реестрга киритилган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш орқали ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлган фуқароларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма савдо нуқтаси, мотороллер, скутер ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш учун 30 млн сўмгача кредит ажратилиши мумкин.

Кредит муддати 5 йилгача бўлиб, ҳисобланган фоизлар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан банкка қоплаб берилади. Фуқаро кредитнинг асосий қарзини қайтаради.

Бундан ташқари, Ижтимоий реестрдаги оила аъзоларига ўз фаолиятини бошлаш учун зарур асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишга БҲМнинг 50 бараваригача фоизсиз ссуда ажратилиши мумкин. Ссуда 6 ойдан 3 йилгача муддатга берилади.

Бунинг учун фуқаро тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши ва ҳоким ёрдамчиси, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки «Онлайн маҳалла» платформаси орқали мурожаат қилиши керак. Ариза дастлаб скорингдан ўтказилади, ижобий натижа бўлса, «маҳалла еттилиги» томонидан жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилади.

Қуёш панеллари учун субсидия

Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилаларга хонадонига 7–10 кВт қувватли қуёш панелини харид қилиш ва ўрнатиш учун 100 БҲМгача субсидия ажратилиши мумкин.

Ариза Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Онлайн маҳалла» платформаси ёки ҳоким ёрдамчиси орқали топширилади. Мурожаат тегишли тартибда кўриб чиқилгач, субсидия пули оиланинг ўзига берилмайди. Маблағ уч томонлама шартнома асосида қуёш панелини етказиб берувчи ва ўрнатувчи корхонанинг ҳисобварағига ўтказилади.

Мазкур имтиёзлар рўйхати якуний эмас. Оиланинг ҳолати, эҳтиёжи ва Ижтимоий реестрдаги тоифасига қараб бошқа турдаги ёрдам ҳамда хизматлар ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Улар ҳақида батафсил маълумот олиш учун яшаш ҳудудидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига мурожаат қилиш керак.

Teglar

Mavzuga oid