Logo

Импорт ошди, экспорт камайди: Ўзбекистоннинг 8 oйдаги ташқи савдо ҳажми эълон қилинди

Kecha 22:412 daqiqa

Ташқи савдо балансида манфий сальдо юқорилигича қолмоқда. Машина ва ускуналар оқими ҳисобига импорт кескин ўсишда давом этяпти.

Импорт ошди, экспорт камайди: Ўзбекистоннинг 8 oйдаги ташқи савдо ҳажми эълон қилинди

Ўзбекистоннинг 2026 йил январ–август ойларидаги ташқи савдо айланмаси 57,4 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млрд долларга ёки 7,6 фоизга кўп. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳисобот даврида экспорт ҳажми 22,9 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025 йилнинг январь–август ойларига нисбатан 3,4 фоизга кам. Импорт эса 34,5 млрд долларга етиб, бир йилда 16,3 фоизга ўсди. Натижада ташқи савдо баланси 11,7 млрд доллар миқдорида манфий бўлди.

Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмаган ҳолда товарлар экспорти 28,7 фоизга ўсиб, 11,5 млрд долларни ташкил қилди. press_release_uzb_p16879

Хизматлар экспорти ўсди

Январь–август ойларида хизматлар экспорти 8,5 млрд долларга етди. Унинг умумий экспортдаги улуши 37,4 фоизни ташкил қилиб, бир йилда 33,8 фоизга ошди.

Хизматлар экспортининг асосий қисмини саёҳат ва туризм — 54,1 фоиз, транспорт хизматлари — 30,5 фоиз, телекоммуникация, компьютер ва ахборот хизматлари — 8,4 фоиз ташкил этган.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳам ўсган. 8 ойда 2,1 млрд долларлик тўқимачилик маҳсулотлари хорижга сотилган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 26,9 фоиз кўп.

Хитой ташқи савдода етакчи


Ўзбекистон 2026 йилнинг дастлабки 8 ойида 200 дан ортиқ давлат билан савдо қилган. Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитойга тўғри келган — 23 фоиз. Кейинги ўринларда Россия — 16 фоиз, Қозоғистон — 6,5 фоиз, Туркия — 3,4 фоиз ва Афғонистон — 2,5 фоиз билан қайд этилган.

Хитой билан ташқи савдо айланмаси 13,2 млрд долларга, Россия билан 9,2 млрд долларга етган. Қозоғистон билан савдо 3,7 млрд, Туркия билан 1,9 млрд ва Афғонистон билан 1,4 млрд долларни ташкил қилган.

Импорт 34,5 млрд доллар бўлди


Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт асбоб-ускуналарига тўғри келган — 32,6 фоиз. Саноат товарлари улуши 14,7 фоиз, кимёвий воситалар ва шу каби маҳсулотлар улуши 12,1 фоизни ташкил этган.

Импортнинг 65 фоиздан ортиғи Хитой, Россия, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея, Германия ва Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келган.

Маълумот учун, Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари ўртасидаги нисбат сўнгги йилларда ўзгарган. 2021 йилда ташқи савдо айланмасида Россия 17,9 фоиз улуш билан биринчи ўринда бўлган, Хитойнинг улуши эса 17,7 фоизни ташкил этган. 2022 йилда ҳам Россия 18,6 фоиз улуш билан етакчилик қилган, Хитой ҳиссаси 17,8 фоиз бўлган. 2023 йилдан Хитой биринчи ўринга чиққан. 2025 йил якунларига кўра, Хитой билан ташқи савдо ҳажми 17,2 млрд доллар, Россия билан эса 13 млрд долларни ташкил этган. 2026 йил январь–август ойларида ҳам Хитой биринчи ўринда қолиб, икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси мос равишда 13,2 млрд ва 9,2 млрд долларга етган.

Teglar

Mavzuga oid

Импорт ошди, экспорт камайди: Ўзбекистоннинг 8 oйдаги ташқи савдо ҳажми эълон қилинди | Vaqt.uz