Logo

Instagram блогерларга YouTube видеолари учун $500 минггача тўламоқчи

Kecha 08:052 daqiqa

Instagram YouTube билан рақобат учун 90 дақиқалик видеоларни синовдан ўтказмоқда. Айрим блогерларга видео учун $50 мингдан $500 минггача таклиф қилинмоқда.

Instagram блогерларга YouTube видеолари учун $500 минггача тўламоқчи © vkplay.ru

Instagram узун форматдаги видеолар бозорида YouTube билан рақобатлашиш мақсадида янги «Features» форматини ишга туширмоқда ва машҳур контент муаллифларига 500 минг долларгача бўлган ììшартномаларни таклиф этмоқда. Компания қисқа роликлардан ташқари, ўзининг ТВ-иловалари ва асосий платформаси учун узун горизонтал видеоларни жойлаштиришни режалаштирган.

2018 йилда Instagram вертикал узун видеолар учун алоҳида IGTV иловасини ишга туширган эди. Бироқ IGTV аудиторияни YouTube ва TikTok’дан тортиб ола билмади ҳамда 2022 йилда ёпилди.

​2021 йилда Meta компанияси IGTV ва тасмадаги видеоларни бирлаштириб, ягона «Instagram Video» форматини яратди, кейинчалик бу йўналиш ўрнини тўлиқ Reels эгаллади. Ҳозирги стратегия алоҳида илова яратишга эмас, балки узун видеоларни Instagram’нинг мавжуд экосистемаси ва ТВ-клиентларига интеграция қилишга қаратилган.

Ҳозирга келиб Instagram’да «Features» формати учун реклама даромадларини тақсимлашнинг аниқ модели ҳали жорий этилмаган. Meta вакиллари TechCrunch нашрига узун муддатли монетизация моделини эълон қилиш учун «ҳали эрта» эканини маълум қилди.

​The Hollywood Reporter билан суҳбатда компания агар муаллифларнинг реклама берувчилар билан алоқаси бўлмаса, уларга бренд-ҳамкорлар топишда ёрдам беришини билдирди. Горизонтал роликлар Instagram’нинг одатдаги мобил иловасида мавжуд бўлади, аммо Meta ушбу формат орқали аудиториянинг бир қисмини телевизорлар учун мўлжалланган иловаларга ўтказишни мақсад қилган.

2025 йилда платформанинг илк ТВ-иловаси — Fire TV учун Reels версияси чиқарилган эди. Эндиликда ушбу рўйхатга Apple TV иловаси ҳам қўшилмоқда. Илгарироқ Instagram Samsung телевизорлари ва Google TV қурилмаларида пайдо бўлган эди. Фойдаланувчилар узун видеоларни телефонга сақлашлари ёки телевизорга узатишлари (стрим қилишлари) мумкин.

Instagram видеони юклаш интерфейси ёки узун видеолар тасмада қандай кўриниши (превью, авто-ижро, овоз режими) ҳақида тафсилотларни ҳали очиқламади. Бунинг расмий сабаби сифатида 3 дақиқадан узун бўлган Reels янги аудиторияга тавсия этилмаслиги кўрсатилган.

​Компаниянинг шошилинч қарор қабул қилишига асосий сабаблардан бири — рақамлар: платформада қисқа роликлар шахсий хабарларда кунига 4,5 миллиард маротаба бир-бирига узатилади. Учинчи чорак ҳисоботида Марк Цукерберг фойдаланувчиларнинг платформадаги фаоллиги рекорд даражага етганини ва бу асосан видеоконтент ҳисобига эканини таъкидлади.

​Meta вакили Лайонс TechCrunch’га берган интервьюсида Reels «барибир Instagram’нинг асосий қисми бўлиб қолишини» айтди. «Features» формати Reels ортида жойлашиши ва қисқа клиплар тўлиқ видео учун трейлер вазифасини бажариши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid