Июл ойида Ўзбекистонда дефляция қайд этилди: нархлар нималар ҳисобига пасайди?
2026-йил июл ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,1 фоизга пасайди. Бу жорий йилда мамлакатда қайд этилган илк дефляция бўлди.

2026-йилнинг июл ойида Ўзбекистонда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,1 фоизга пасайди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, йиллик инфлация 6,4 фоизни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг июл ойидаги 108,9 фоизлик кўрсаткичга нисбатан 2,5 фоиз бандга паст ҳисобланади.
Июл ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 0,91 фоизга арзонлади. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,5 фоизга қимматлашди.
Дефляциянинг асосий омили озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши бўлди
Инфляцияга энг катта ижобий таъсир кўрсатган маҳсулотлар қаторида сабзи (12,6 фоиз), узун бошоқли гуруч (6,4 фоиз), юмалоқ бошоқли гуруч (6,1 фоиз), мош (4,2 фоиз) ва пиёз (1,7 фоиз) қайд этилди.
Бироқ мавсумий омиллар таъсирида қатор сабзавот ва мевалар кескин арзонлади. Хусусан, бақлажон нархи 42,8 фоизга, булғор қалампири 39,4 фоизга, помидор 24 фоизга, тарвуз 20,3 фоизга, картошка 18 фоизга ва қовун 14,5 фоизга тушди.
Шунингдек, шафтоли, бодринг, саримсоқ, нок, узум, олма, банан ҳамда тухум нархларининг пасайиши ҳам умумий инфляцияни чеклашга ҳисса қўшди.
Бензин қимматлашди
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта ўсиш бензин нархларида кузатилди. АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин 10 фоизга, АИ-95 8,5 фоизга, АИ-92 эса 3,9 фоизга қимматлашди.
Пуллик хизматлар сегментида маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш 2,7 фоизга, мобил алоқа хизматлари 2,4 фоизга, шаҳар автобусида йўл ҳақи эса 1,4 фоизга ошди.
Қўмитанинг маълум қилишича, ҳисоб-китоблар давомида 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 миллиондан зиёд нарх кузатилган ва 419 турдаги товар ҳамда 98 турдаги хизмат мониторинг қилинган.
Эслатиб ўтамиз, июн ойи инфлация даражаси 0,6 фоизни ташкил қилиб, нархлар ўсиши ойлик ҳисобда 3 баробар тезлашганди.




