Logo

Жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга Сурхондарёда янги мансаб берилди

06.07.2026 | 16:582 daqiqa

Музработ туманининг собиқ ҳокими бир нечта жиноятларда, хусусан 1,7 млрд сўмлик 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб беришда айбланган.

Жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга Сурхондарёда янги мансаб берилди © Surxondaryo viloyati hokimligi

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармасига Эркин Алимов янги бошлиқ этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳокимликнинг ёзишича, Алимов ушбу тайинловга қадар хусусий секторда фаолият юритиб келаётганди.

Маълумот учун, Эркин Алимов 1963-йилда Шеробод туманида туғилган. 1985-йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – муҳандис-механик.

Меҳнат фаолияти давомида «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимида турли вазифаларда, хусусан, бошқарув раиси ўринбосари, шунингдек, Музработ тумани ҳокими лавозимларида фаолият юритган.

Алимов Музработга 2018-йил июлдан 2022-йил сентябргача ҳокимлик қилган. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан 2022-йил ноябрда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. У Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан тал-торож қилиш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан айбланганди.

ДХХ ўшанда дастлабки тергов ҳаракатлари давомида собиқ ҳоким Музработдаги умумий қиймати 1,7 млрд сўм бўлган 4,2 гектар ер майдонини аукцион савдоларисиз ўзининг яқин қариндошларига расмийлаштириб берганини хабар қилганди. Шунингдек, тумандаги банклар унинг яқин қариндошлари номларига турли мақсадларда 166 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратган.

Қолаверса, тумандаги банклар томонидан ўз вақтида тўловлари амалга оширилмаган 121 миллиард 406 миллион сўмлик кредитни ундириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилаётгани айтилганди.

Бунинг устига «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» АЖда олиб борилган тафтиш давомида собиқ ҳоким иштирокида қиймати 35 миллиард сўмлик 9,6 минг тонна дон талон-торож қилинганди. Аммо собиқ ҳокимга нисбатан очилган жиноят иши якуни бўйича расмий маълумотлар берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зомин туман суди Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокимини пора олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топганди.

Teglar

Mavzuga oid

Жиноятда гумонланган собиқ ҳокимга Сурхондарёда янги мансаб берилди | Vaqt.uz