Кадастрчи ва собиқ солиқчи пора билан ушланди

09.03.2026 | 11:252 daqiqa

Ноқонуний хизмат эвазига пул талаб қилган икки амалдор тезкор тадбирлар давомида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Кадастрчи ва собиқ солиқчи пора билан ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида икки нафар мансабдор шахснинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида Давлат кадастрлари палатаси туман филиали кадастр муҳандиси маҳаллий фуқарога тегишли 2 сотих ер майдонининг кадастр паспортини давлат рўйхатидан ўтказиб беришни ваъда қилган. У бу хизматни ўзининг ваколатли танишлари орқали ҳал қилиб беришини айтган ва эвазига 2,5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида муҳандис пул маблағини олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ҳамда 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат фош этилди. Тезкор тадбирда Шеробод тумани давлат солиқ инспекциясининг собиқ бош инспектори фуқародан пул талаб қилгани маълум бўлди.

У вилоят иқтисодий судида кўрилаётган иқтисодий иш доирасида боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаб беришни ваъда қилган. Бу хизмат учун у 1983 йилда туғилган фуқародан 10 миллион сўм олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва унга нисбатан ҳам қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Teglar

Mavzuga oid