Logo

КХДРдан АҚШга кескин огоҳлантириш: «Пандора қутиси» очилиши мумкин

Bugun 08:002 daqiqa

Шимолий Корея АҚШнинг ядровий салоҳиятини ошириши ва технологияларни иттифоқчиларига тарқатиши «даҳшатли ядровий ҳалокат» хавфини кучайтираётганини билдирди.

КХДРдан АҚШга кескин огоҳлантириш: «Пандора қутиси» очилиши мумкин

Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг ядровий салоҳиятини ошириши ва ядровий технологияларни иттифоқчиларига тарқатиши халқаро ядровий тартибни издан чиқараётганини маълум қилди. Вазирлик бу ҳаракатлар давом этса, «даҳшатли ядровий ҳалокат» юз бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда 29 сентябр куни КХДР Ташқи ишлар вазирлиги меморандумида айтилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, АҚШнинг ядровий кучларини жадал ривожлантириши ва ядровий технологияларни бошқа давлатларга тарқатиши халқаро ядровий тартибни «тўлиқ вайрон бўлиш» ҳолатига олиб келган.

«Агар АҚШнинг ядровий технологияларни вертикал ва горизонтал тарқатиш бўйича ҳаракатлари бундан кейин ҳам жазосиз қолса, «Пандора қутиси» тўлиқ очилади ва инсоният устида даҳшатли ядровий ҳалокат хавфи пайдо бўлади», — дейилади меморандумда.

Пхенян AUKUS ва Жанубий Корея билан ҳамкорликни тилга олди

КХДР ТИВ АҚШни ядровий қуролсизланиш бўйича мажбуриятларидан воз кечиш, ўзининг ядровий салоҳиятини ошириш ҳамда ядровий технологияларни иттифоқчилари ўртасида тарқатишда айблади.

Меморандумда АҚШнинг AUKUS доирасидаги ҳамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Пхеньян Вашингтон Япония, Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Канадани ушбу ҳамкорликка жалб қилишга ҳаракат қилаётганини билдирган.

«АҚШ AUKUSга ўз иттифоқчиларини, жумладан Япония, Жанубий Корея, Янги Зеландия ва Канадани жалб қилишга уринмоқда. Бу эса уни номи билан ҳам, мазмуни билан ҳам дунёдаги энг йирик атом сувости кемалари алянсига айлантириш мақсадини кўрсатади», — дейилади ҳужжатда.

КХДР Жанубий Кореянинг атом сувости кемаларига эга бўлишига АҚШ томонидан берилган розиликни ҳам ядровий технологияларни AUKUS модели асосида тарқатишнинг яна бир белгиси сифатида баҳолаган. Пхенян бу ҳолат Осиё-Тинч океани минтақасидаги ҳарбий-сиёсий вазиятга янги беқарорлик омилини қўшаётганини таъкидлаган.

КХДР Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ядровий тартибдаги вазият Пхеняндан «тинчликни ҳимоя қилиш ва глобал стратегик барқарорликни таъминлашда янада фаол рол ўйнашни» талаб қилаётганини билдирган.

Шу билан бирга, Жанубий Кореянинг бирлаштириш вазирлиги вакили КХДР меморандуми Пхеняннинг ўз ядровий дастурини ҳимоя қилишга қаратилгани ҳақида фикр билдирган. Унинг сўзларига кўра, КХДР ҳужжатда Вашингтоннинг ядровий сиёсатидаги «икки хил ёндашув»ни урғулаган.

Teglar

Mavzuga oid