Logo

Марказий Осиё ўз дрон саноатини йўлга қўймоқда

Bugun 10:006 daqiqa

Минтақа давлатлари хавфсизликни таъминлашда Туркия ва Эрон дронларини танлаяпти. Қирғизистон «Bayraktar» аппаратларини маошларни қисқартириш ҳисобига сотиб олаётган бўлса, Тожикистон Эроннинг «Ababil-2» дронларини йиғиш бўйича махфий дастурни ишга туширган. Ўзбекистон ўзининг илк маҳаллий антидрони — «Shunqor-8» лойиҳасини намойиш этди, Қозоғистон эса дунёда биринчи бўлиб Туркиянинг «ANKA» дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.

Марказий Осиё ўз дрон саноатини йўлга қўймоқда

Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик соҳасида учувчисиз учиш аппаратларидан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. «The Diplomat» нашрининг 2026 йил 18 сентябрда эълон қилинган мақоласида муаллиф Майкл С. Коффи минтақа давлатларининг хорижий дрон ишлаб чиқарувчиларга боғлиқлиги масаласини таҳлил қилди.

Муаллиф Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик масалаларида тарихан Россия технологияларига таяниб келганини эслатади. Бироқ сўнгги йилларда Туркиядан ҳарбий дронлар хариди кўпайганини Коффи шунчаки қарамликнинг бир ташқи манбадан бошқасига кўчиши сифатида баҳолайди.

Мақолада дастлаб Қирғизистон мисоли кўриб чиқилади. Мамлакат 2021 йил охирида Туркиядан «Bayraktar TB2» дронларини сотиб олган бўлса, кейинчалик ўз арсеналини «Bayraktar Akinci», «Aksungur» ва «Anka» каби қурилмалар билан бойитган.

«Eurasianet» нашрига кўра, 2023 йил январ ойида Қирғизистон президенти маъмурияти матбуот котиби Дайирбек Орунбеков янги дронлар партияси олиб келинганини тасдиқлаган. Улар орасида «Aksungur» ва «Anka» аппаратлари борлиги айтилса-да, қурилмалар сони ва шартнома қиймати очиқланмаган.

Қирғизистоннинг турк дронларига қизиқиши 2022 йилдаги қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувлардан сўнг янада ортди. «The Diplomat» нашрининг ёзишича, мазкур можарода «Bayraktar TB2» аппаратлари қўлланган ва шундан кейин Бишкек Туркияга янги буюртмалар берган.

Муаллиф дронларни бошқарилувчи ҳарбий самолётларга қараганда арзонроқ восита деб ҳисоблайди, лекин харажатлар фақатгина импорт билан чекланиб қолмаслигини уқтиради. Унинг таъкидлашича, эҳтиёт қисмлар, сенсорлар, ўқ-дорилар, техник хизмат кўрсатиш ва йўқотилган қурилмалар ўрнини қоплаш учун ҳам доимий маблағ талаб қилинади.

Шунингдек, нашр Қирғизистон янги дронлар харидини давлат хизматчиларининг маошини қисқартириш ҳисобидан молиялаштирганига эътибор қаратган. Бу маълумот Президент маъмурияти матбуот котибининг 2023 йилдаги баёнотларига асосланади.

Украина ва Россия тажрибаси нимани кўрсатмоқда?

Мақолада Марказий Осиё учун намуна сифатида Россия ва Украинанинг дронлардан фойдаланиш тажрибаси ҳам таҳлил қилинган. Қайд этилишича, Россия урушнинг илк босқичида Эрондан «Shahed-136» русумли дронларни сотиб олган бўлса, кейинчалик уларни ўз ҳудудида ишлаб чиқариш ва тузилишини такомиллаштиришни йўлга қўйган.

Маълумотларга кўра, маҳаллий ишлаб чиқариш жараёнида айрим қурилмалар модернизация қилиниб, уларнинг реактив двигателлари, радиолокацияга қарши қопламалари ва бошқарув тизимларига ўзгартиришлар киритилган.

Украина эса қуролли тўқнашувлар бошида Хитойнинг «DJI Mavic», Туркиянинг «TB2» ва АҚШнинг «Switchblade» тизимларидан фойдаланган. Вақт ўтиши билан мамлакатда дронларни маҳаллийлаштириш ва уларни жанг майдонидаги реал шароитларга мослаштириш жараёни бошланган.

Шу билан бирга, мақолада замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари олдида дронларнинг заиф томонлари борлигига ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, 2026 йилдаги АҚШ ва Эрон ўртасидаги қуролли тўқнашувларда Қўшма Штатлар ўзининг «MQ-9 Reaper» тактик дронларидан 45 тасини йўқотгани, бу эса мазкур флотнинг қарийб 25 фоизини ташкил этиши билдирилган.

«The Washington Post» газетаси ҳам 2026 йил 13 августдаги сонида АҚШ камида 45 та «MQ-9 Reaper» дронидан айрилгани ҳақида хабар берди. Нашр бу кўрсаткич урушга қадар мавжуд бўлган флотнинг қарийб тўртдан бир қисмига тенглигини тасдиқлаган.

Тожикистон ҳам хорижий технологияларга мурожаат қилмоқда

Мақолада Тожикистоннинг дронларни ўзлаштириш борасидаги қадамлари хорижий ҳамкорлик нуқтаи назаридан таҳлил қилинади. Хусусан, 2022 йилда Тожикистонда Эроннинг «Ababil-2» дронларини ишлаб чиқариш ёки йиғиш бўйича дастур тасдиқлангани эслатиб ўтилган.

Келишувни имзолаш маросимида Эрон генерали Муҳаммад Бағерий ва Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо иштирок этган. Бироқ «The Diplomat» ушбу лойиҳанинг кейинги тақдири ва амалга оширилган ишлар кўлами ҳақида очиқ маълумотлар жуда камлигини таъкидлайди.

Тожикистонда «Ababil-2» дронларини ишлаб чиқариш бўйича келишув 2022 йилнинг май ойида расман эълон қилинган бўлиб, ўшанда Эроннинг «Tasnim» агентлиги Душанбе яқинида шундай корхона иш бошлагани ҳақида хабар берган эди.

Қирғизистонда дрон маркази ва коллеж очилиши режалаштирилмоқда

Маҳаллий салоҳиятни юксалтириш мисоли сифатида Қирғизистоннинг «Nanospace» компанияси фаолияти келтирилади. 2026 йилнинг май ойида мазкур компания Бишкек яқинидаги Тош-Дўбо ҳудудида учувчисиз технологиялар институтини очиш режасини эълон қилган.

Қирғизистоннинг «24.kg» агентлиги 11 май куни Тош- Дўбода «Nanospace» тадқиқот маркази ҳамда дрон технологиялари бўйича мутахассислар тайёрловчи коллеж очилишини хабар қилган. International Meta-Scientific University билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ушбу даргоҳда 60 нафар талаба таҳсил олиши кўзда тутилган.

Лойиҳа ҳали бошланғич босқичда эканини эслатган нашр, операторлар тайёрлаш ва кичик дронларни ягона тармоққа бирлаштириш технологияларини ривожлантириш «Nanospace» ташаббусининг асосий йўналишлари эканини алоҳида таъкидлаган.

Ўзбекистонда «Shunqor-8» аппарати намойиш этилди

Минтақадаги маҳаллий ишланмаларга яна бир мисол тариқасида Ўзбекистонда яратилган «Shunqor-8» антидрон-интерсептори (тутувчи аппарат) тилга олинади. Қурилма 2026 йилнинг ёзи охирида бўлиб ўтган кўргазмада Ўзбекистон Инновацион технологиялар марказининг янги лойиҳаси сифатида кенг оммага тақдим этилган.

Ўзбекистондаги илк маҳаллий антидрон ҳисобланган «Shunqor-8»нинг маҳаллийлаштириш даражаси 45 фоизни ташкил қилади. Аппарат соатига 450 километр тезликда ҳаракатланиб, 1 килограммгача юк кўтариши ва 8–10 километр масофадаги ёт дронларни зарарсизлантириши мумкин.

Шунингдек, қурилма ҳавода 10–15 дақиқагача парвоз қила олади. Лойиҳа муаллифининг сўзларига кўра, мазкур антидроннинг ишлаб чиқариш таннархи 20–50 минг доллар атрофида ва 2–5 миллион долларлик анъанавий ҳаво мудофааси ракеталаридан каррасига арзон.

Қозоғистонда «ANKA» дронларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда

Минтақавий ишлаб чиқариш борасидаги яна бир йирик лойиҳа Қозоғистонда амалга оширилмоқда. Мамлакатда Туркиянинг «ANKA» дронларини йиғиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича қўшма корхона очилиши кутилмоқда.

Ҳукумат маълумотларига қараганда, 2026 йилнинг май ойида «Kazakhstan Engineering» ва «Turkish Aerospace» компаниялари ўртасида имзоланган келишув асосида Қозоғистонда «ANKA» дронларини йиғиш ҳамда техник хизмат кўрсатиш линиясини барпо этиш белгиланган. Шу билан бирга, ҳужжатда технологиялар алмашинуви ва маҳаллий кадрларни ўқитиш масалалари ҳам ўрин олган.

Ушбу лойиҳа натижасида Қозоғистон дунёда «ANKA» дронларини ишлаб чиқарувчи биринчи хорижий давлатга айланиши кутилмоқда. Қолаверса, ҳамкорлик доирасида Қозоғистон Қуролли кучлари учун дронларни таъмирловчи ва уларга техник хизмат кўрсатувчи мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

«The Diplomat»нинг хулосасига кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳамда истиқболдаги ташаббуслар минтақа давлатларида дрон технологияларини мустақил ўзлаштириш учун етарли имкониятлар борлигини намойиш этади.

Технологияларни тўлиқ маҳаллийлаштириш шарт эмас

Нашр Марказий Осиё мамлакатлари дронларнинг ҳар бир қисмини мутлақо ўзида ишлаб чиқариши шарт эмаслигига урғу беради. Муаллиф фикрича, юқори технологияли сенсорлар, жумладан, электрооптик ва инфрақизил тизимлар борасида маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорида рақобатлашиши бироз мураккаб кечиши мумкин.

Айни пайтда, кичик FPV дронлари ҳамда тактик аппаратлар учун мўлжалланган камералар, навигация тизимлари ва бошқа бутловчи қисмлар танлови анча кенг. Муаллиф навигация тизимларини маҳаллий географик шароитларга мослаштириш орқали ягона сунъий йўлдош тармоғига боғланиб қолишнинг олдини олиш мумкинлигини қайд этади.

Дронларнинг тинчлик мақсадларидаги аҳамияти

Мақолада дронлардан нафақат ҳарбий мақсадларда, балки узоқ чегара ҳудудларини назорат қилиш, контрабанда ва одам савдосига қарши курашиш, шунингдек, сув ресурсларини мониторинг қилиш каби вазифаларда ҳам кенг фойдаланиш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Бундан ташқари, музликлардан оқиб тушаётган сув ҳажмини ўлчаш, қуйи оқимдаги сув истеъмолини назорат қилиш ҳамда Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари каби йирик халқаро тадбирлар хавфсизлигини таъминлаш ҳам дронлар ёрдамида бажарилиши мумкин бўлган йўналишлар сирасига киритилган.

Teglar

Mavzuga oid