Logo

Қирғизистонда амалдорларга қўшимча даромад топишга рухсат берилди

Bugun 11:252 daqiqa

Бироқ, қўшимча фаолият билан шуғулланиш учун қатор шартлар белгиланган.

Қирғизистонда амалдорларга қўшимча даромад топишга рухсат берилди

Қирғизистонда сиёсий ва махсус лавозимларни эгаллаб турган давлат ҳамда муниципиал хизматчилар энди тегишли касбий соҳада қўшимча ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланишлари мумкин. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан имзоланган янги фармонда маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, амалдорларга таълим, эксперт, илмий ва бошқа ижодий фаолият орқали қўшимча мукофот пули олишга рухсат берилади. Ушбу ўзгаришлар президентнинг 2025 йил 4 июндаги «Сиёсий давлат лавозимлари, махсус давлат лавозимлари ва сиёсий муниципиал лавозимлар тўғрисида»ги 175-сонли фармонига киритилди.

Бироқ, қўшимча фаолият билан шуғулланиш учун қатор шартлар белгиланган. Хусусан, хизматчини лавозимга тайинлаган шахс билан олдиндан келишиш талаб этилади.

Шу билан бирга, бундай қўшимча иш хизматчининг асосий вазифаларини бажариш сифати ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатмаслиги, шунингдек, ҳеч қандай манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқармаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, амалдорларнинг жамоат бирлашмалари таркибида ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи алоҳида мустаҳкамланди. Бу ўринда асосан соғлиқни сақлаш, таълим, хайрия ва волонтёрлик соҳаларида ишловчи ташкилотлар назарда тутилган.

Меҳнат таътили ва қарорлар қабул қилишдаги ўзгаришлар

Қабул қилинган янги тартибга мувофиқ, энди чиновникни унинг шахсий розилигисиз меҳнат таътилидан муддатидан олдин чақириб олиш мумкин эмас. Бунда хизматчининг розилиги нафақат ёзма, балки телефон, рақамли алоқа воситалари ёки бошқа қулай усуллар орқали олинишига рухсат берилди.

Бундан ташқари, хизматчиларнинг ҳуқуқлари рўйхати кенгайтирилиб, унга қарорлар қабул қилишда, шунингдек, ушбу қарорларни тайёрлаш ва кўриб чиқиш жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам киритилди.

Фармонда давлат ва муниципиал хизматчиларнинг нотижорат ташкилотларининг раҳбарлик органларида, хусусан, васийлик ва кузатув кенгашларида иштирок этишига оид чекловларга ҳам аниқлик киритилган. Бундай иштирокка фақат қонунчилик ва халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек, президент ёки вазирлар маҳкамаси раиси — президент маъмурияти раҳбарининг қарори ёхуд розилиги билангина йўл қўйилади.

Teglar

Mavzuga oid